Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТОҲАРИСТОН БИЛАН ТИБЕТ ЎРТАСИДАГИ МАДАНИЙ АЛОҚАЛАР

ТОҲАРИСТОН БИЛАН ТИБЕТ ЎРТАСИДАГИ МАДАНИЙ АЛОҚАЛАР

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия, Австриядан олимлар иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими Феруза Джуманиязова “Тоҳаристон ва Тибетдаги “шоҳона ўтириш (базм)ларда туркий анъаналар уйғунлиги” мавзусида маъруза қилди.

Олима Тибет қишлоқларидан биридаги Духанг ибодатхонаси деворига чизилган “Шоҳона майхўрлик саҳнаси” номли машҳур сурат ҳақида маълумот келтирди. Унинг айтишича, Тибетдаги буддавий ибодатхонаси деворида тасвирлар орасида дунёвий саҳна акс этиши камдан-кам учрайдиган ҳодисадир. Маърузачи иконографик таҳлил саҳнадаги бадиий оқимларни аниқлаш ва уларни муайян маданий контекстга жойлашга қаратилганини таъкидлаб, бурунги тадқиқотлар чоғида деворий суратга ташқи таъсирларнинг келиб чиқиш сабабларини очишга муваффақ бўлинмагани қайд этди.

Ф.Джуманиязова Тоҳаристон ҳудудидаги Болаликтепа каби объектлардан топилган деворий расмлар, ҳайкаллар, тангалардаги “шоҳона базмлар”га оид иконографик маълумотлар мисолида туркий халқларнинг илк ўрта асрлардаги ҳаётига тўхталди. Уларни Духанг монастири деворидаги суратлар билан қиёслаш асосида ўша даврда Тибет ва унга қўшни ҳудудларда юз берган ижтимоий-сиёсий ва этномаданий жараёнларда туркий халқлар фаол иштирок этганини кўрсатиб берди.

– Туркий халқлар билан тибетликлар ўртасида нафақат сиёсий, балки иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳам алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, бу масала чуқурроқ ўрганишни талаб қилади, – деди олима.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …