Home / АЛЛОМАЛАР / МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф ибн Муҳаммад ибн Юсуф Табиб Ҳиравий. Отаси ҳиротлик машҳур табиб Муҳаммад ибн Юсуф бўлиб, исмига Табиб, Ҳиравий, Хуросоний, Маҳаллий нисбалари қўшиб айтилган.

Мавлоно Юсуф дастлабки таълимни отасидан олган. Кейин ҳиротлик олимлар қўлида ўқиган. Отасидан табобатни ўрганган аллома тиббиётга оид бир қанча асарлар ёзган. Шунингдек, шеърият, луғатшунослик, табобатга иштиёқи баланд бўлиб, ҳинд-ислом адабиётида форс, турк, араб тилларида ижод қилган. Тиббиёт, шеърият, мантиқ илмига оид йигирмадан ортиқ асар ёзган. Манбаларда “Юсуфий” тахаллуси билан ижод қилгани ва учта девони тузгани ҳақида маълумот бўлса-да, девонлар бизгача етиб келмаган.

Мавлоно Юсуф 1526 йили Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таклифи билан Ҳиндистонга кўчиб ўтган. Бобуршоҳнинг хос табиби, Ҳумоюн Мирзонинг вазири бўлган.

Алломанинг “Жавоҳирул луғат” тибга оид қомусий асари уч қисмдан иборат. Биринчисида – тана аъзолари, иккинчисида – оддий ва мураккаб дорилар, учинчисида – ички ва ташқи касаллик номлари ва уларни даволаш услублари келтирилган. Бу асарнинг бир нечта нусхалари мавжуд бўлиб, 1493 йили муаллифнинг ўз қўли билан ёзган нусхаси лондонлик коллекционер Генри Велком (1835-1936)[1] нинг кутубхонасида Mss. Arab, №143 рақам ва яна бир нусхаси Туркиядаги Сулаймония кутубхонаси Бағдодли Ваҳбий Афанди фондида №1411 рақам билан сақланмоқда.

Алифбо тартибидаги қомусий тиббиёт луғати ҳисобланган “Баҳрул жавоҳир фи таҳқиқил мусталаҳоттит тарбия” асари 1518 йили ёзилган. Аллома унинг муқаддимасида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Фирузободийнинг “Қомусул муҳит” каби луғати асари ва тиббиётга оид бошқа манбалардан фойдаланганини айтиб ўтган. Шунингдек, китобда дориларнинг таркиби, машҳур табибларнинг тарихи, касалликлар ва муолажалар баёнини келтирган. Айрим хасталик ёки масалаларни ёритишда ўз даврининг машҳур табиблари билан маслаҳатлашгани, уларнинг тажрибасидан фойдаланганини ҳам эътироф этган. Бу асарнинг нусхалари Туркиядаги Тўпқопи сарой музейи ва Миллат кутубхонасида сақланмоқда. “Баҳрул жавоҳир фи таҳқиқил мусталаҳоттит тарбия” 1830 йили Калькуттада, 1871 йили Теҳронда нашр этилган.

“Бадойиул иншо” асари 1533-1534 йилларда ёзилган. Ўғли Рофеуддин Ҳусайн ва шогирдларига атаб ёзилган. Мазкур китоб биноларни қуриш, тарҳини чизиш санъатига бағишланган. Ҳиндистон этнографиясига оид муҳим манба ҳам ҳисобланади. 1843 йили Деҳлида тошбосмаси нашр қилинган. Бугунги Ҳиндистон, Буюк Британия, Туркия ҳудудида яшаган халқлар Мавлоно Юсуфнинг тиббиётга доир асарларидан кенг фойдаланган. “Жомеул фавоид фит тиб” асари “Юсуфий” тахаллуси билан ёзилган тибга оид рубоийлар жамланмаси бўлиб, “Тибби Юсуфий” деб ҳам аталади. Асар 1852 йили Лакнав, 1853 йили Деҳли ва Лоҳур, 1868 йили Теҳронда нашр қилинган. Шунингдек, аллома турли касалликлар ва уларни даволашнинг тартиб, ва усуллари ҳақида кичик рисолалар ҳам ёзган.

Ирода ДАУРБЕКОВА, Дилдора ҲАЛИМОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфининг “Ислом энциклопедияси” даги
маълумотлар асосида тайёрланди.

[1] https://en.wikipedia.org/wiki/Wellcome_Library

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …