Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Самарқанд вилояти имом-хатиблари малака оширмоқда

Самарқанд вилояти имом-хатиблари малака оширмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси ва Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган қирққа яқин масжид имом-хатиблари учун исломнинг асл таълимотини етказиш орқали аҳолининг диний саводхонлигини юксалтириш ва ёшларни турли ёт ғоялардан асраш борасида касб маҳоратини такомиллаштиришга қаратилган малака ошириш ўқувлари бошланди.

Ўқувлар давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига 2023 йил 24 августдаги ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган йиғилиш баёнига асосан ташкил этилган бўлиб, жами 36 соатга мўлжалланган.

Имом-хатиблар учун ўқувларнинг дастлабки куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов бу тадбирдан кўзланган мақсад, малака оширишнинг амалий фаолиятдаги аҳамияти, шунингдек, халқимиз диний маърифатини янада оширишда соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифаларга тўхталди.

Марказ илмий ходимлари “Диний мутаассибликнинг олдини олишда ҳадисларни тўғри англашнинг аҳамияти”, “Радикал оқимларнинг ақидавий даъволари ва аҳли сунна вал жамоанинг уларга илмий раддиялари”, “Замонавий мусулмон оламида ғоявий ихтилофлар, оқимлар ва фирқалар” мавзуларида маърузалар қилди.

Машғулотларни режага асосан маъруза, семинар-тренинг, давра суҳбати, мунозара, катта ва кичик гуруҳларда ишлаш ҳамда бошқа интерфаол методлардан фойдаланган ҳолда олиб бориш назарда тутилган. Ўқувлар сўнгида тингловчиларни якуний назорат асосида малакавий аттестациядан ўтказиш режалаштирилган.

Малака ошириш ўқувлари бир ҳафта давом этади.

Имом Бухорий халқаро-илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …