Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Давра суҳбати ижодкор ва зиёлилар билан янада эсда қоларли бўлди

Давра суҳбати ижодкор ва зиёлилар билан янада эсда қоларли бўлди

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Самарқанд Давлат университетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари, декан ўринбосарлари, университетнинг ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари ҳамда марказ бўлим бошлиқлари ва илмий ходимлари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишди. Шундан сўнг меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик, ободончилик ишларини кўздан кечиришди. Марказ музей фондидан жой олган Имом Бухорийнинг ноёб асарлари нусхалари ва бошқа экспонатлар билан яқиндан танишишди.

Шундан сўнг, марказ конференция залида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатини марказ директори Ш.Зиёдов кириш сўзи билан очиб берди ҳамда марказнинг ташкил этилиши, фаолияти, вазифа ва мақсадлари тўғрисида, бу ерда буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи ва шоир Азим Суюн, журналист ва публицист, филология фанлари доктори, профессор Сайди Умиров, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши раиси Убайдулла Мингбоевлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

“Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази  илмий ходимлари томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар келажакда албатта ўз самарасини беради.

Бугунги кунда марказ кутубхонасида сақланаётган қўлёзма манбалар билан яқиндан танишиш жараёнида ҳали дунё жамоатчилиги, халқимизга таниш бўлмаган жуда қимматли тарихимиз мавжудлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Халқимиз, ёшларимизни Имом Бухорий ва бошқа юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир алломаларимизнинг нафақат илмий меросини, балки уларнинг шахсий фазилатлари билан ҳам яқиндан таништира олсак, ўйлайманки, юртимизда маънан етук, интеллектуал салоҳиятли авлод вакиллари сафи кенгайишига жуда катта ҳисса қўшган бўламиз. Бугун марказ ходимлари мана шундай маъсулиятли вазифани чуқур ҳис этган ҳолда меҳнат қилмоқдалар” деди марказ директори маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи ва шоир Азим Суюн, журналист ва публицист Сайди Умировлар сўзга чиқиб, бугунги кунда давлатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида гапириб, тадбир иштирокчиларини  ўз ижод  намуналаридан  баҳраманд этишди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев эса, юртимизда истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ишлар, халқимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни, аждодларимиз номини ва бой тарихий меросини қайта тиклаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, босиб ўтилган залворли йўллар ҳақида тадбир иштирокчиларига кенг маълумотлар берди.

Шунингдек, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб яшаш, юртимизда ёш авлод вакиллари учун яратилаётган имконият ва шароитлардан оқилоналик билан фойдаланиш лозимлиги хусусида тўхталиб, тадбир иштирокчиларининг келгуси меҳнат фаолиятларига муваффақият тилади.

“Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари мавжуд. Бугун улар бир оила вакилларидек, аҳил-иноқликда умргузаронлик қилишмоқда. Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда бир неча бор хорижий мамлакатларга ташрифларни амалга оширдилар. Мазкур мамлакатлар билан дўстона муносабатларни кучайтириш, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича тинимсиз меҳнат қилмоқдалар ва муҳим келишувларга эришилмоқда. 

Албатта, Самарқанднинг Пайариқ туманида мана шундай барча имкониятларга эга бўлган халқаро даражадаги илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, бу ҳам юртимиздаги олиб борилаётган оқилона ва одилона сиёсатнинг яққол намунасидир. Марказ келажакда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик йўналишида ҳам муҳим тадқиқотларни дунё жамоатчилигига етказишига ишончим комил” деди Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев

“Касбим юзасидан юртимизнинг турли вилоятларида тарғибот тадбирларида бўламан. У ерда оддий халқ вакиллари билан суҳбатлашаман ва мана шу суҳбат давомида бугун халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошиб бораётганлиги, уларнинг ҳаётдан мамнун яшаётганлигининг гувоҳи бўлаяпман.

 Бу нимадан далолат беради? – Албатта, сўнгги йилларда  юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бера бошлаганидан далолат беради.

Янгидан барпо этилаётган ижтимоий соҳа объектлари, уй-жойлар, саноат зоналари нафақат юртимиз жамолига янада ҳусн қўшмоқда, балки халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошишига хизмат қилмоқда.

Мазкур халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам келажакда диёримиздан етишиб чиққан алломаларимизнинг илмий меросини кенг тадқиқ этиб, халқимизнинг маънавий дунёсини янада бойишига хизмат қилишига, шу билан бирга юртимиз нуфузини бутун дунёда янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишига ишонаман” деди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи ва шоир Азим Суюн.

Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтказилган тадбир қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

Шунингдек, шу куни марказ илмий ходимлари томонидан нашр этилган китоблар тақдимоти  ҳам ўтказилди. Таниқли журналист ва публицист Сайди Умиров ўзининг “Сеҳрли ва Меҳрли сўз” номли китобини марказ кутубхонасига совға қилди.

З.Юсупов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази кичик илмий ходими

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …