Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ЎЗБЕКИСТОН – ЎМОН ИЛМИЙ МУЛОҚОТЛАРИ ОАВ НИГОҲИДА

ЎЗБЕКИСТОН – ЎМОН ИЛМИЙ МУЛОҚОТЛАРИ ОАВ НИГОҲИДА

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти вакилларидан иборат делегация яқинда Ўмон Султонлигида хизмат сафарида бўлиб қайтди.

Икки мамлакат ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар режаси доирасида ташкил этилган сафар ёзма ёдгорликларни сақлаш, каталоглаштириш, реставрация ва нашр этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.  

Сафар давомида юртимиз вакиллари Ўмон Султонлигининг миллий архив ва ҳужжатларни сақлаш бошқармаси, Ўмон Миллий музейи, Султон Қобус номидаги Маданият ва фан бўйича олий марказда бўлди. Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонасида делегация аъзоларининг Султонлик оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашуви ҳам ташкил этилди. Унда икки мамлакат ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, Ўмон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг маданий-маърифий ҳаётидаги янгиликларни ёритишга оид келишувларга эришилди. Мулоқотлар самараси ўлароқ, сафар тафсилотлари пойтахт Маскат шаҳрида 2009 йилдан буён нашр этиладиган, Ўмоннинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва маърифий нашри “الرُّؤْيَة” (“Нуқтаи назар”) газетасида эълон қилинган иккита мақолада ўрин олди.  

“Ўзбекистон делегацияси ҳужжатларни бошқариш ва сақлаш бўйича Ўмон тажрибаси билан танишди” номли мақолада ўзбекистонлик олимларни миллий архив ва ҳужжатларни сақлаш бошқармаси бошлиғи доктор Ҳамад ибн Муҳаммад Давия қарши олиб, Бошқарма фаолияти ҳақида маълумот бергани, ҳужжатларни электрон тартиблаш борасидаги тажриба билан ўртоқлашгани, шунингдек, меҳмонлар турли ихтисослаштирилган техник бўлимлар ва лаборатория иши билан танишгани ҳақида сўз юритилган.  

“Ўмон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик” сарлавҳаси остида чоп этилган иккинчи мақолада ўзбекистонлик олимларнинг Султон Қобус номидаги Маданият ва фан бўйича олий марказга қилган ташрифи тафсилотлари ёритилган. Марказ раҳбари Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий билан бўлган мулоқотда билдирилган илиқ фикр-мулоҳазалар, муҳокама қилинган долзарб мавзулар ва ҳамкорликка оид эришилган муҳим келишувлар баёни мақоланинг асосий мазмунини ташкил этади.  

Мақолаларда ташрифнинг икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, турдош марказларнинг ўзаро илмий инновациялар алмашинувини таъминлашдаги юксак аҳамияти эътироф этилган. Келгусида мазкур газета таҳририяти ходимларининг юртимизга ижодий сафари режалаштирилган.  

Check Also

Ҳамкорлик истиқболлари юқори баҳоланди

Куни кеча Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Қозон шаҳрида жойлашган Абдулла Апанаев номидаги мадраса ва …