Home / МАҚОЛАЛАР / ҲОЛИМГА ВОЙ БЎЛМАСИН, ДЕСАНГИЗ…(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида тайёрланди).

ҲОЛИМГА ВОЙ БЎЛМАСИН, ДЕСАНГИЗ…(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида тайёрланди).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир юз тўртинчи сурасида  бандаларни пушаймонликка етакловчи яна бир неча иллатдан огоҳлантиради. Ҳумаза ўзганинг ортидан имо-ишора билан ғийбат қилувчи шахсдир. Сурада мол-давлат тўплашга муккасидан кетган, ҳар нарсада бойликка суянувчи, ўзидан бошқани назари илмай устидан кулувчи шахслар қораланиб, уларнинг оқибати ачинарли экани уқтирилади.

Ҳумаза сураси Маккада нозил бўлган. У тўққиз оят, ўттиз уч калима ва бир юз ўттиз ҳарфдан иборат.

Маълумки, бандага берилган энг улуғ неъматлардан бири тил бўлиб, у ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди[1]. Дарҳақиқат, тил бизни яхшиликка етаклайдиган, солиҳ амаллар қилишимизда кўмакчи бўладиган воситадир. Уни инсон яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам ишлатиши мумкин. Ким Аллоҳнинг зикри, савобли амаллар учун ишлатса, Яратганнинг розилигини топади. Аксинча, уни ҳар хил иғво, ғийбат, ёлғон, дилозор сўзлар, бировларни масхара қилиш каби мункар ишларда воситачи қилса, Ҳақ таолонинг қаттиқ азобига гирифтор бўлади.  

Ғийбатнинг ҳаром эканига Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло Ҳумаза сурасининг биринчи оятида бундай марҳамат қилади:  

﴿وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ

 (Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!”[2].

Ушбу оятда Ҳақ таоло инсонни ҳалокатга элтувчи энг ёмон сифатлардан бўлган ғийбат, ўзгаларни масхара қилиш каби иллатлардан қайтармоқда.

وَللُّمَزَةُ [вал-лумаза] деб бирор кишини қўл билан кўрсатиб таҳқирлайдиган, устидан куладиган одамга айтилади.

Ибн Аббос: “Оятдаги اَلْهُمَزَةُ” [ал-ҳумаза] – мазах қилувчи, وَللُّمَزَةُ [вал-лумаза] – бировни қоралаб гапирувчи”, деган.

Калбийнинг айтишича; “اَلْهُمَزَةُ” [ал-ҳумаза] – кишилар ортидан тил билан ғийбат қилувчи, وَللُّمَزَةُ [вал-лумаза] – бировни назар билан ишора қилиб масхараловчидир”, деган.

Қатода: “اَلْهُمَزَةُ” [ал-ҳумаза] – инсонларни ғийбат қилиб, гўштини ейдиган киши, “وَللُّمَزَةُ” [вал-лумаза] – бировларни масхара қилиб, ортидан лаънатлайдиган киши”, деган.

Аллоҳ таоло оятнинг давомида ундайларни дўзах билан огоҳлантириб, бундай марҳамат қилади:

 ﴿كَلَّا لَيُنْبَذَنَّ فِي الْحُطَمَةِ

Йўқ! Қасамки, албатта, у “Ҳутама”га ташланур!”[3].

Ҳутама жаҳаннам исмларидан бирининг номидир. Бундай номланишининг сабаби унга тушган ҳар бир инсон парча-парча қилиниб, майдалаб юборилади. Калбийнинг фикрича: “اَلْحُطَمَةِ” [ал-ҳутама] дўзахнинг олтинчи эшигидир”.

Абу Жавзодан ривоят қилинади:

“Ибн Аббосдан: “وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ” Аллоҳ вайл (дўзах) билан таҳдид қилган кишилар кимлар?”, деб сўрадим. “Улар гап ташувчилар, чақимчилик қилиб юрувчилар, икки биродар ўртасига раҳна солувчилар, покиза кишиларни фаҳшда айблайдиганлар”, деди.

Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан бундай хулоса келиб чиқади: Инсон ҳеч бир кишини ғийбат қилмаслиги, уни олдида ҳар хил сўзлар билан ҳақорат, масхара қилмаслиги маҳбуб амаллар экан. Акс ҳолда, охиратда холига вой бўлар экан.

Шунинг учун ҳар қандай вазият ва шароитда, одамлар орасида, оилада, ишда, жамоат жойларда тилга эътибор бериш, фақат хайрли сўзларни айтиш керак бўлади. Инсонлар доим бир-бирига хуш муомалада, яхши гумонда бўлса, жамият фаровон ва ҳаёт янада гўзал бўлади.

[1] Раҳмон сураси, 3-4 оятлар.
[2] Ҳумаза сураси, 1-оят.
[3] Ҳумаза сураси, 4-оят.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …