Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ҲАМКОРЛИК ЎРНАТИШГА КЕЛИШИЛДИ

ҲАМКОРЛИК ЎРНАТИШГА КЕЛИШИЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Саудия Арабистонида жойлашган Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқот ва исломшунослик маркази вакиллари билан онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, бўлим бошлиғи Барот Амонов, Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқот ва исломшунослик маркази бош котибининг илмий ишлар бўйича ёрдамчиси, катта илмий ходим Др. Абдуллоҳ Ҳумайд, музейшунослик бўлими раҳбари Рашо Ал Фавоз ва халқаро алоқалар бўйича масъул ходими Сора Ал Мудайфер иштирок этди.

Ш.Зиёдов Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида маълумот берди.

Др. А.Ҳумайд иштирокчиларни Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқот ва исломшунослик марказининг илмий фаолияти билан яқиндан таништирди.

40 йил аввал ташкил этилган марказ бугунги кунда подшоҳликнинг етакчи академик, интеллектуал ва маданий муассасаси ҳисобланади. Унинг асосий мақсади ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича тадқиқотлар олиб бориш, интеллектуал мунозаралар ва маданиятлараро мулоқотлар учун маҳаллий, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга тадқиқотчилар ва тадқиқот муассасалари илмий ютуқлари алмашувининг платформасини яратишдан иборат. Марказда нашриёт ва кутубхона, шунингдек, архив ва музей фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Мулоқот чоғида муассасалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласи муҳокама этилди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётганини мамнуният билан тилга олиб, учрашув марказлараро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишда амалий самара кўрсатишини таъкидлади.

Иштирокчилар марказлар фаолиятининг мақсад ва вазифалари муштарак эканини бирдек эътироф этган ҳолда, қўлёзмаларни реставрация қилиш, архивлаштириш бўйича ходимларнинг ўзаро тажриба алмашувини йўлга қўйиш ҳамда малакасини ошириш имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.

Мулоқотда қўлёзмаларни тадқиқ ва таҳқиқ этиш ҳамда каталоглаштириш, китоб ва рисолалар нашр қилиш, шунингдек, ислом тарихи ва маданияти, алломалар ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ишларида конструктив ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Суҳбат давомида, шунингдек, билдирилган фикрлар асосида икки муассаса ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолаш таклиф этилди ва унинг лойиҳаси юзасидан дастлабки муҳокамалар ўтказилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги лойиҳа бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) …