Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. Фарорудийдаги (Мовароуннаҳрнинг қадимги шаҳарларидан бири) машҳур ҳакимнинг набираси бўлган. Тўлиқ исми Абу Бакр Рабиъ ибн Аҳмад Аҳавайний Бухорий. Абу Ҳаким, Абу Бакр номлари билан машҳур бўлган. Аллома баъзи манбаларда “Ажвиний” нисбаси билан ҳам келган. Ёшлигидан тиб, мантиқ ва фалсафа илмлари билан шуғулланган. Дастлабки таълимни отасидан олган, кейин Ҳаким Муҳаммад Закариё Розий мадрасасида ўқиган.

Устози Абулқосим Тоҳир ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Муқонаий Розий: “Абу Бакр илмда жуда сабр-қаноатли, ўз даврининг етук жарроҳи, табиб бўлиб етишди”, деб таъриф берган.

Абу Бакр Аҳавайний ўттиз йил мобайнида ҳам табиблик қилган, сабоқ берган. Тиббиёт соҳасига доир “Ҳидоятул муталлимин фит тиб” (“Китобул Ҳидоя”, “Ҳидоятул тиб”) асарини ёзган. Афсуски, бизгача унинг ягона қўлёзма нусхаси етиб келган. Уч бўлим ва икки юз бобдан иборат. Қўлёзма форс тилининг Бухоро шевасида ёзилган.

Биринчи бўлимда инсон саломатлигини мувозанатда ушлаб турувчи қон, балғам, суяк, асаб, мушак, томир, сариқ ва қора сафролар ҳақида маълумот берилган, органларнинг вазифалари, касалликларнинг сабаб ва аломатларини келтирилган. Шунингдек, об-ҳаво ва иқлимга оид масалалар ҳамда эпидемик касалликларга алоҳида таъриф берилган. Соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш учун тўғри овқатланиш, меъёрда сув ичиш ва ухлашнинг аҳамиятли жиҳатлари ёритилган.

Иккинчи бўлимда аллома касалликлар рўйхатини келтириб, уларни даволаш усулларини алоҳида-алоҳида тушунтириб берган.

Асарнинг сўнгги қисми гигиена, юрак-қон томир касалликлари ва нефрологияга бағишланган.

Абу Бакр Аҳавайний ўзидан олдин яшаб ўтган олимлар ва устози Абулқосим Розийнинг тиббиёт соҳасидаги илмий мероси бўйича тадқиқот олиб борган. Уларнинг маълумотлари тўғри ёки нотўғри эканини шахсий тажрибаларида синаб кўрган. Натижада баъзи касалликлар учун янги дориларни кашф қилган.

Аллома шогирдларига жарроҳликнинг мураккаб усулларини амалиётда кўрсатиб, сабоқ берган.  Шунингдек, у устози Муҳаммад Закариё Розий бошлаб берган табиатшунослик (ботаника) соҳасини ривожлантирган олимлардан бири ҳисобланади.

 Манбалардаги маълумотларга кўра, аллома 983 йили Бухорода вафот этган.

 “Ҳидоятул муталлимин фит тиб” асари жарроҳлик бўйича форсийда ёзилган биринчи китоб ҳамда бизгача етиб келган учинчи (Абу Мансур Мувофиқ Ҳиравий “Ал-абния анил ҳақоиқил адвия”, Исмоил Журжоний “Китабу заҳираий Хоразмшоҳий”) форсча қўлёзма ҳисобланади. Шунингдек, аллома доришуносликка доир “Қирободин” (“Гирободин”), одам анатомиясига оид “Китоби набз” ва “Китоби ташриҳ” номли асарлар ҳам ёзгани ҳақида маълумот мавжуд. Лекин улар бугунги кунгача етиб келмаган.

 “Ҳидоятул муталлимин фит тиб” асарини Жалол Матиний 1965 йили Машҳадда нашр қилдирган. Бугунги кунда асарнинг қайта кўчирилган қўлёзма нусхалари Туркия, Эрон ва Ҳиндистон кутубхона фондларида сақланмоқда. Лекин олимлар, қанчалик аҳамиятли бўлмасин, ўз даврида ўта машҳур бўлган бу асар кейинги асрларда жиддий,  тадқиқ қилинмаганини қайд этади.

Ирода ДАУРБЕКОВА, Дилдора ҲАЛИМОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси” ва
“Исломдан олдинги Эрон тиббиёт тарихи даги
маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …