Home / МАҚОЛАЛАР / РИЁЛИ АМАЛДА САВОБ ЙЎҚДИР

РИЁЛИ АМАЛДА САВОБ ЙЎҚДИР

Бир ҳадис шарҳи

Ислом динида қилинаётган ҳар бир амал Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлиши керак. Бошқалар кўриши учун қилинган амал риё ҳисобланади ва унда ҳеч қандай савоб бўлмайди. Баъзилар эҳсон қилса, ибодат қилса, илм ўрганса, одамлар сахий, ибодатгўй, олим экан деб айтишини ният қилади, холос. Бу эса мутлақо нотўғридир.

Аллоҳ таоло ундайларнинг амалида савоб йўқлиги ҳақида бундай деган: “Бас, ким Раббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Раббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин!” [1]. Демак, Аллоҳ таоло раҳматидан умиди бор инсон солиҳ амалларда бардавом бўлиб, риёга йўл қўймаслиги ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслиги керак экан.

Риёкор инсонни умри мобайнида бойлик тўплаган кишига қиёслаш мумкин. Мол-давлат ҳар доим ҳам уни йиққан инсонга татийвермайди. Риёкор инсон ҳам бамисоли шу кабидир. У ҳам ибодат қилади, садақа беради, Қуръон ўқийди, нафл ибодатларни адо этади, рўза тутади, ҳажга боради ва ҳоказо. Лекин у Аллоҳ розилиги учун эмас, балки инсонлар кўрсин, мақтасин, деган ниятда бўлади. Молу давлатдан бир зумда ажраган инсон яна ҳаракат қилиб унга эришиши мумкин, лекин бутун ҳаёти давомида яхши амаллар билан машғул бўлган одам охиратда риё эвазига ҳеч бир савобга эга бўлмаса, бундан катта пушаймон бўлмайди.

Абу Саид ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қачонки Аллоҳ қиёматда – келишига шубҳа йўқ бўлган кунда одамларни жамласа, бир нидо қилувчи: “Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик қилиб келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузурида талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир”, деб нидо қилади”, дедилар”. (Термизий ривояти). Бу ерда риёкорлик ширк билан тенглаштирилиб, ундайлар қиёматда одамлар олдида шарманда бўлиши айтилмоқда.

Аллоҳдан бошқа учун қилинган амаллар эвазига Ҳақ таоло бу дунёда бандани мақсадига етказиши мумкин, аммо охиратда бунинг ҳеч қандай савоби бўлмайди. Демак, ҳар бир инсон риёдан эҳтиёт бўлиши лозим. Сумъа ҳам худди шу даражада хатарлидир. Қилаётган хайрли ишларида фақат Яратганнинг розилиги учун амал қилса, у икки дунё саодатига эришар экан.

[1] Каҳф сураси, 110-оят.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик …