Home / МАҚОЛА / У АРШ УЗРА “МУСТАВИЙ” БЎЛМИШ РАҲМОНДИР

У АРШ УЗРА “МУСТАВИЙ” БЎЛМИШ РАҲМОНДИР

Аҳли сунна вал жамоа уламолари, улуғ тилшуносларнинг айримлари, масалан, Субкий, Ибн Ҳожиб ва бошқалар (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир” (Тоҳо сураси, 5-) оятидаги “истава” лафзи “Аршни эгаллади ва уни ўз ўрнида сақлади” маъносида келган, дейди. Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати билан махлуқотларининг энг каттаси бўлмиш Аршни пастга тушиб кетиб, Ерни босиб қолишдан ҳимоя қилиб туради. Буюк ҳофиз Абу Бакр ибн Арабий Моликий таъкидлаганидек, ўн беш хил маънода келадиган “истава” лафзининг энг устувор маъноси “бўйсундирмоқ”дир. 

Аршни фаришталар кўтариб туради. Аллоҳ таоло эса кўтариб туриладиган нарса бўлишдан пок ва олийдир. Шунингдек, ўтириш, макон ва томонларнинг бирига ўрнашиш ёки сингиб кетишдан покдир. У Зот маконлар ва томонлардан аввал ҳам мавжуд бўлган, У ҳар бир нарсанинг Яратувчисидир.

Имом Шофеий розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ Аршнинг устига ўтирувчидир, деб эътиқод қилган киши кофир бўлади”, деган. Бу гапни ундан шофеийлик мазҳабининг обрў-эътиборли имомларидан бири Қози Ҳусайн нақл қилган. Ибн Муаллим Қураший уни “Нажмул муҳтадий ва ражмул мўътадий” асарида келтирган. Демак, Аллоҳ таолонинг “ўтириш”, “ўрнашиш”, “тик туриш”, “ҳаракатланиш”, “ҳаракатсизлик” каби сифатлари бор, деб эътиқод қилган киши Уни махлуқотларига ўхшатган бўлади. Ўхшатувчи кишининг мусулмонлиги дуруст бўлмайди, унга иқтидо қилиб намоз ўқиш ҳам тўғри эмас, гарчи шаҳодат калималарини минг марталаб айтса ҳам. Қачонки, бу нотўғри эътиқодидан воз кечса ва шаҳодат калималарини қайтадан айтиб тавба қилса, бундан мустаснодир.

Аҳли сунна вал жамоа ақидаси шуки, Аллоҳ таоло бирор нарсага ва бирор нарса Унга ўхшамайди. Аллоҳ таоло Арш устида ўтирувчидир, деган киши Уни ўтириладиган жойга муҳтож қилиб қўяди. У Зотни бирор нарсага бирор жиҳатдан муҳтожга ёки Арш сингари Ўзи яратган нарсалардан бири сабабли шарафланувчига чиқарган киши исломдан бехабар кимсадир.

Моликийлик мазҳабининг обрў-эътиборли уламоларидан бири, буюк имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Юнус Тамимий (ваф. 451/1059) “Ал-Жомеъ ли масоилил мудаввана” асарида қуйидагиларни ёзади: “Суҳнун деди: “Менга Имом Моликнинг шогирдларидан бири бундай хабар берди: у Имом Моликнинг ҳузурида ўтирганида, бир одам келиб: “Эй Абу Абдуллоҳ, бир масала бор”, деди. У индамади. Ҳалиги одам яна: “Бир масала бор”, деди. У яна индамади. Ҳалиги одам яна ўша гапни айтди. Шунда Имом Молик жавоб бермоқчи бўлгандек бошини кўтариб, унга қаради. Ҳалиги одам унга: (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир”. Унинг “истиво”си қандай бўлган?” деди. Шунда Имом Молик бир муддат бошини эгиб турди. Сўнг уни кўтариб: “Сен аниқ нарса ҳақида сўрадинг ва ақлнинг кучи етмайдиган нарса ҳақида гапирдинг. Менимча, сен ёмон одамсан. Уни чиқариб юборинг”, деди”.

Юқоридаги асарнинг еттинчи – тавҳид, исм ва сифатлар ҳамда бошқа эътиқодий масалалар ҳақидаги боби, “истиво” ҳақидаги бўлимида бундай ёзилган: “Қози розияллоҳу анҳу: “У Зот азза ва жалланинг Ўзи: (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир”, деб айтганидек, Арши узра “муставий”дир. Унинг “истиво”си унга тегиб туриш, қандайдир кўриниш, туташиб ёки ёнма-ён туришни англатмайди”, деган”.

Имом Абу Музаффар Исфароиний раҳимаҳуллоҳ (ваф. 471/1078) “Ат-Табсир фид дин” асарида бундай деган: “У Зотга нисбатан “қандай?”, “қанча?” ва “қаерда?” каби саволларни ишлатиш жоиз эмас. Чунки ҳеч бир ўхшаши йўқ Зот ҳақида “У қандай?” деб айтилмайди. Ҳеч қандай адади йўқ Зот ҳақида “У қанча?” деб айтилмайди. Ибтидоси йўқ Зот ҳақида “У нимадан пайдо бўлган?” деб айтилмайди. Макони йўқ Зот ҳақида “У қаерда?” деб айтилмайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг Китобидан Унинг ягоналиги, ҳеч нарсага ўхшамаслиги, макони ва томони, ибтидоси ва интиҳоси йўқлигига ишора қиладиган оятларни айтиб ўтдик.

Бу борада мўминлар амири Али розияллоҳу анҳудан ҳам жуда қониқарли хабар нақл қилинган. “Аллоҳ қаерда?” дейилганида, у: “Қаерни қаер қилиб (яъни маконни) яратган Зот ҳақида “У қаерда?” дейилмайди”, деди. Унга: “Аллоҳ қандай зот?” дейилганида, у: “Қандайни қандай қилиб (яъни ҳолат, кўриниш, шакл-шамойилни) яратган Зот ҳақида “У қандай?” дейилмайди”, деди. Бундан аён бўладики, “кўринишсиз, шакл-шамойилсиз” деган сўздан мурод жисмларга тегишли сифатлардан ўтириш, ўрнашиш, ҳаракатланиш, аъзолари бўлиши ва шу кабиларнинг У Зотда ҳам мавжудлигини инкор этишдир. Улар Унинг Аршга “муставий” бўлиши, Аршга келишидан бизга номаълум, аммо Аллоҳга маълум қандайдир кўринишни назарда тутмаган. Аксинча, ҳар қандай кўриниш, шакл-шамойилни Ундан бутунлай инкор этишни ирода қилган”.

Аллома ва фақиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Тароблусий раҳимаҳуллоҳ (ваф. 1101/1689) “Шукрул минна фи насрис сунна” асарининг муқаддимасида аҳли суннани баён қилаётиб, уни “Бу энг яхши уламоларнинг сўзларидан саралаб олинган ақидадир”, деган жумлалар билан бошлаган. Унда Аллоҳ таолонинг поклиги ҳақида қуйидаги фикрларни келтирган: “Уни миқдор чегаралаб турмас, томонлар ўраб турмас, маконлар қамраб турмас, на Ер ва на осмонлар ичига олиб турмас. У макон қамраб олишидан олийдир. Замон чегаралаб туришидан буюкдир. Аксинча, У макон ва замон яратилишидан олдин ҳам бор бўлган”.

Тароблусий раҳимаҳуллоҳ юқоридаги қарашларни келтирганидан сўнг: “Ана шуларнинг ҳаммасини ўзида жамлаган киши залолат ва бидъат аҳлига қарши чиқиб, аҳли ҳақ ва суннадан бўлади”, деб таъкидлаган.

Қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан Муродий Ҳазрамий Қайрувоний раҳимаҳуллоҳ (ваф. 489/1095): “Билгилки, У Зот ҳақида “қандай?” деб сўралмайди, чунки Унинг ўхшаши йўқдир. “Нима?” деб ҳам сўралмайди, чунки Унинг жинси йўқдир. “Қачон?” деб сўралмайди, чунки Унинг замони йўқдир. “Қаерда?” деб сўралмайди, чунки Унинг макони йўқдир”, деган.

Шайх Абу Зайд Абдураҳмон ибн Аҳмад Вуғласий раҳимаҳуллоҳ (ваф. 768/1366) Аллоҳ таолонинг поклиги ҳақида бундай ёзади: “У жисм ҳам, жавҳар ҳам, араз ҳам эмасдир. У таркиблардан, чегаралардан, ўлчовлардан, макон тутувчиларнинг сифатлари ва кейин пайдо бўлганларнинг хусусиятларидан покдир. У мавжудотларнинг, уларда жорий бўладиган ўзгариш ва алмашувларнинг Яратувчисидир. У бирдир, шериги йўқдир. “У Зотга ўхшаш бирор нарса йўқдир”” (Шўро сураси, 11-оят).

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ “Таъвилотул Қуръон” асарида бундай ёзади: “Бу борада биздаги асос шуки, Аллоҳ азза ва жалла: “У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир” деб, Ўзининг махлуқотларига ўхшаш бўлишини инкор этган. У феъли ва сифатларида ўхшашлардан олий эканини юқорида айтиб ўтган эдик. Шундай экан, (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир” ояти ҳақида Қуръонда келганидек эътиқод қилиш лозим. Унга нисбат берилган ишларда махлуқотларга ўхшаш бўлиши мумкинлиги рад қилинади. Аллоҳ ҳақида У зоти ва феълида (махлуқотлардан иборат) ўхшашликлардан покдир, деб эътиқод қилиш лозим экан, Унга нисбат берилган нарсадан борлиқдаги бошқага нисбат берилган маъно тушунилиши мумкин эмас”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аҳли сунна вал жамоанинг икки ақидавий мазҳаби бўлмиш ашъарийлар ва мотуридийлар “истиво” масаласида бир хил қарашни илгари сурган. Яъни “истиво” Қуръони каримда келгани аниқ, унинг қандайлиги фақат Аллоҳга маълумдир. Бу масалада “У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир” ояти асосида иш юритиш энг тўғри йўлдир. 

Алоуддин НЕМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …