Home / МАҚОЛАЛАР / МУСУЛМОН ДУНЁСИНИНГ ШОҲ АСАРИ

МУСУЛМОН ДУНЁСИНИНГ ШОҲ АСАРИ

Бугун буюк ҳадисшунос Имом Бухорий таваллуд топган кун. Саҳиҳ ҳадислар яратган муҳаддис-олим 810 йил 19 июль (айрим манбаларда 20 июль) куни Бухорода таваллуд топган.

Бутун умрини илм-маърифатга бахш этган ва ҳаётини асосан илм мақсадидаги сафарларда ўтказган. Унинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” инсоният томонидан яратилган китоблар орасида биринчи, Аллоҳнинг Каломидан кейин иккинчи исломий манба сифатида эътироф этилган.

Аллома ўз маноқибларида барча асарларини сафарларда ёзганини, бир манзилда бошлаб иккинчисида тугатганини таъкидлаган. Ҳар бирини бир неча марта ёзиб, қайта-қайта таҳрир қилиб, ўша давр алломалари кўригидан ўтказиб, кейин тақдим этганини ҳам маълум қилган.

Тарихдан маълумки, нодир асарлар тасниф этилишига кўпинча муайян омиллар сабаб бўлган. Имом Бухорийни ҳам “Саҳиҳ”га ажиб ибратли воқеа илҳомлантирган. Иброҳим ибн Маъқал Насафий ёзади: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан эшитдим, у: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ҳузурида эдик. Шайхимиз: “Биронтангиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларини мухтасар ҳолда китоб қилсангиз”, деди. Бу таклиф менинг қалбимдан жой олди ва “Жомиъ” китобимни ёза бошладим”, деди” .

Ибн Ҳажар Асқалоний “Ҳадйус Сорий” асарида Имом Бухорийдан ишончли санад билан Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис томонидан айтилган бундай ривоятни келтиради: “Тушимда Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрдим, у киши гўёки уйқуда эдилар. Мен олдиларида турибман, қўлимда елпиғич, у билан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак юзларидан пашшаларни ҳайдаяпман. Мунажжимлардан бу тушнинг таъбирини сўрадим. Улар: “Сиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатида пайдо бўлган ёлғонларни кетказасиз”, деди. Бу менга “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”ни тасниф этишимга сабаб бўлди”, деди .

Демак, Имом Бухорийнинг ўзи айтган бу икки сабаб марвлик буюк муҳаддис, муснид имом, ҳофиз Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг таклифи ва Аллоҳ таолонинг илоҳий рағбати бўлмиш тушдир. Мана шу икки омил буюк асар тасниф этилиши ва у Қуръони каримдан кейинги мақомда туришига ишора бўлган. Шундан сўнг Имом Бухорий шоҳ асарини бошлаб 16 йилда ёзиб битиради. Яъни, 23 ёшида тўплашга киришиб, 39 ёшида якунига етказади. Бу улуғ иш Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати билан ер юзида фақат Имом Бухорийга насиб этган.

Абу Исҳоқ Занжоний бундай дейди: “Абдурраҳмон ибн Расойин Бухорийдан эшитдим, у Имом Бухорийдан бундай эшитганини айтиб берди: “«Саҳиҳ» китобимни ўн олти йилда ёздим. Китобдаги ривоятларни олти юз минг ҳадис орасидан саралаб олдим ва уни Аллоҳ таоло билан ўзим ўртамизда ҳужжат қилдим”. Буюк муҳаддиснинг сўзлари ўз тасдиғини топди: бу башоратга бутун ислом уламолари иттифоқ бўлди. Ҳадис борасида кўплаб асарлар тасниф этилган бўлса-да, дунё “Саҳиҳул Бухорий”нинг мислини бошқа кўрмади.

Амр ибн Али Фаллоснинг мана бу сўзларидан Имом Бухорий ҳадис илмида бежиз олий мақомни эгалламаганининг тасдиғини кўриш мумкин: “Муҳаммад ибн Исмоил билмаган ҳадис ҳадис эмасдир”. Бу ҳаётий ҳақиқат бутун дунё муҳаддису уламолари томонидан эътироф этилган.

Ислом тарихида буюк мақом кашф этган муҳаддиснинг шоҳ асари асрлар оша ўрганилиб келмоқда. Ҳақли равишда ислом таълимотида ундан Қуръони каримдан кейинги манба сифатида фойдаланилади. Бу Имом Бухорийнинг илм йўлида чеккан тинимсиз машаққатлари, қирқ йил мобайнида саҳро-ю биёбон, шаҳару қишлоқларни кезиб, қийинчиликларга сабр қилгани, туну кун давом этган илмий меҳнати ва чеккан ижодий изтироблари, соф эътиқоди, беназир тақвоси ва холис амалларининг буюк самарасидир. Аллома бу асарни ёзиб, ислом илми хазинасини мислсиз даражада бойитди ва ўз номини тарихнинг олтин саҳифасига муҳрлади. Буюклик мақоми илм-маърифат ва холис хизмат билан қўлга киритилишини ўзининг ибратли ҳаёти билан кўрсатиб берди.

Шукурилло УМАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Манба: zarnews.uz

Check Also

АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА ҚИЛИНГАН ТУҲМАТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШДА ТАРИХИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Маҳмуд Абу Раййа (1889-1970) “Маҳмуд Абу Раййа 1889 йили 15 декабрда Мисрнинг Дақҳалия муҳофазасида туғилган. …