Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / АРХЕОЛОГИК МЕРОС – КЕЛАЖАК УЧУН МУҲИМ

АРХЕОЛОГИК МЕРОС – КЕЛАЖАК УЧУН МУҲИМ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида галдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари, юртимиз ва хориждаги олий таълим ва илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Покистон, Туркия ва Франциядан олимлар иштирок этди.

Семинарда Лондондаги Археология институтининг халқаро Ипак йўли археология ва мерос маркази лойиҳаси директори Др. Тим Уильямс “Ўрта Осиёнинг археологик ландшафти” мавзусида маъруза қилди.

Олим аввало ўзи раҳбарлик қилаётган лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берди. Лойиҳанинг мақсади Марказий Осиёдаги археологик меросни ҳужжатлаштириш ва рақамлаштириш, илмий қийматидан хабардорликни ошириш ва уни муҳофаза қилишдан иборат. Каспий денгизидан Хитой ғарбигача қарийб 6 миллион км2 ҳажмида йирик чўллар, тоғ тизмалари, унумдор дарё дельталари ҳамда воҳалар жойлашган майдонни эгаллаган минтақа Ипак йўлининг энг муҳим мероси: метрополиялардан бозор шаҳарчалари, тоғ қўрғонлари, чўллардаги карвонсаройлар, сув хўжалиги ва суғоришнинг мураккаб тизимлари, эътиқод тарқалишидан далолат берувчи диний масканларгача бўлган объектларни ўз ичига олади.

Т.Уильямснинг таъкидлашича, археологик меросга оид кўплаб маълумотлар архивларда GPS хариталар ҳали яратилмаган даврдан бошлаб сақланиб келаётгани туфайли бугунги кунда уларни бирлаштириб, сунъий йўлдош ва дрон тасвирлари, шунингдек, аэрофотосуратлар ёрдамида манзилларини аниқлаш, расмий ёдгорлик ёзувлари билан боғлаш орқали ҳар бир мамлакатнинг миллий географик ахборот тизимини яратиш устида иш олиб бориляпти. Ҳозиргача 60 мингта шундай манзил жойлашувларига киритилган аниқлик минтақанинг археологик ландшафти ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш имконини яратди.

Маърузачи шунингдек, 13 ярим мингдан ортиқ ёдгорлик ёзувлари рақамлаштирилгани ва очиқ маълумотлар порталига жойлангани, кўп тилли тизимда ёдгорликлар, хронология, империялар ва ҳоказоларни қамраб олувчи атамаларнинг кенг луғати ишлаб чиқилгани, пировардида археологик меросни бошқариш бўйича тадқиқотлар ўтказишда қўл келадиган муҳим ахборот платформаси яратилганини таъкидлади.  

Олим минтақа археологик ландшафтини яратишнинг истиқболдаги муҳим аҳамиятига ҳам тўхталди.

– Келажакдаги ривожланиш лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги амалиётининг ўзгариб бориши, урбанизациянинг кучайиши ва энг асосийси, иқлим инқирозига оид эҳтимолий таҳдидлар кўламини баҳолаш ва табиатини ўрганиш учун мустаҳкам ва қулай ахборот платформаси керак. Бунинг учун юқори аниқликдаги 3D маълумотларни яратиш мақсадида фотограмметрия дастурлари ва кенг ландшафтларни аниқ хариталаш учун дронлардан фойдаланяпмиз, – деди британиялик тадқиқотчи.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …