Ғулув – динда чуқур кетиш, амалларни бажаришда ҳаддидан ошиш, асл эътиқодий манбаларни нотўғри талқин этишга олиб келувчи омиллардан бири бўлиб, унинг оқибатида ақидапарастлик пайдо бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг барча исм-сифатларининг азалий ва абадий деб эътиқод қилмаслик, бандаларнинг амалларини тақдир қилиниб, банданинг ўз амали учун мукофотланиши ёки жазоланиши каби ақидавий масалалардаги ихтилофлар ҳам бу иллатнинг асосий омили ҳисобланади. Жамият ва ислом дини учун зарарли иллат бўлган ақидапарастликнинг келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири динда ғулувга кетишдир. Чунки аксар ҳолда ғулувнинг пайдо бўлиш сабаби бир инсоннинг ёки гуруҳнинг шахсий манфаатлари билан боғлиқ бўлади ва натижада соф бўлмаган, ғайри исломий ақидалар вужудга келади. Бундай эътиқод “ақидапарастлик”, соҳиби эса “ақидапараст” деб номланади. Бундан ташқари ғулувнинг энг катта офати динда чуқур кетган кишини бошқаларга уларнинг амалларини кам санаб менсимаслик назари билан қараш, ўзини бошқалардан устун қўйишидир. Шу сабабли динда чуқур кетган ҳар қандай киши алалоқибат ҳидоятдан адашиб залолатга юз тутади.
Шариат мўътадиллик устига қурилган бўлиб, динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари бўлган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифда бу бидъат қаттиқ қораланган. Чунки, бу иллат турли замонларда турли номлар остида динимизга тасвирлаб бериб бўлмас даражада зарар етказиб, бу ҳол ҳозирда ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда.
Динда чуқур кетиш мутаассиблик ва ақидапарастликка олиб боради. Бу тушунчанинг маъноси кишининг бирор қоидани маҳкам ушлаб олиши ва ундан ўнга ҳам, сўлга ҳам оғмайман деб қайсарлик қилиши, олам ва ундаги тартиблар ўзгариб кетса ҳам ўша ақидани маҳкам ушлаб қолишга интилувчи кайфиятни акс эттиради. Бундай кайфиятдаги кишиларни бошқариш осон. Ана шундай одамлардан ёвуз ниятли кимсалар ўз мақсадларини амалга оширишда кенг фойдаланади.
Динда чуқур кетиш (ғулув) ва мутаассиблик ҳар бир соҳада, масалан илмий, ижтимоий, ақидавий соҳаларда доим учрайдиган ҳолат бўлиб, дин ва жамиятнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи иллатлардан биридир. Шунингдек, бу иллатлар ақидавий ва фиқҳий соҳаларда намоён бўлиб, ҳар хил ихтилофлар манбаи сифатида ислом динининг турли ижтимоий ва сиёсий оқимларга бўлиниб кетишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Диндаги ғулув ва мутаассибликнинг пайдо бўлишини асосий сабабларидан бири – Қуръон, ҳадис ва шариатнинг асл моҳиятини чуқур англаб ета билмасликдир. Бунинг оқибатида инсон шариатдаги тутган йўлини мутлақо тўғри деб эътиқод қилади ва унда бошқаларни ҳам шунга мажбурлаш истаги пайдо бўлади.
Жумладан, ўзининг амаллари сабабли мағрурланиш ҳолатлари ҳам кузатилиб, ҳатто атрофдаги мусулмонлардан ўзини устун қўйиш даражасига етиб боради. Тарихда бундай эътиқоддаги кишилардан айримлари ислом динида пешво саналган уламолар номига турли ножоиз сўзларни айтишгача борган. Бундай номақбул ишлар янги пайдо бўлган турли хил оқимларнинг хатти ҳаракатлари ҳозир ҳам мавжуд. Шубҳасиз, бундай эътиқод жамиятда турли кўнгилсизликларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлади ва соҳибини охират хорлиги томон етаклайди.
Айнан мана шундай иллат сабабли бугунги кунда кўплаб жамиятлар ижтимоий ва иқтисодий қолоқлик, ақидавий парокандалик, диний муросасизлик ва террор каби мусибатлардан азоб чекаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Хўш, динда чуқур кетиш нима? Динимизнинг мазкур иллатга муносабати қандай?
Аслида Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида динда чуқур кетиш қаттиқ қораланган. Шариатимизнинг асоси ҳисобланган Қуръони каримда ҳам динда чуқур кетмаслик ва унинг оқибатлари ҳақида кўплаб иршодлар келтирилган.
قُلۡ يَٰٓأَهۡلَ ٱلۡكِتَٰبِ لَا تَغۡلُواْ فِي دِينِكُمۡ غَيۡرَ ٱلۡحَقِّ وَلَا تَتَّبِعُوٓاْ أَهۡوَآءَ قَوۡمٍ قَدۡ ضَلُّواْ مِن قَبۡلُ وَأَضَلُّواْ كَثِيرا وَضَلُّواْ عَن سَوَآءِ ٱلسَّبِيلِ
“Айтинг: “Эй аҳли китоб, динингизда чуқур кетиб нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг!”[1].
Аслида, бу оят аҳли китобга хитоб бўлса-да, унинг замирида мусулмонлар ҳам уларга ўхшаб динда ғулув кетиб ҳалокатга учрамасликлари учун бу йўлдан сақланишга қатъий кўрсатма бор.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда умматни қатъий огоҳлантириб, динда чуқур кетган мутаассиб кимсаларнинг оқибати дўзах экани айтилади, бу йўлдан қайтишга чақирилади:
عن عائشة قال : دخل رسول الله صلى الله عليه و سلم المسجد فإذا أصوات كدوي النحل قراءة القرآن فقال : «إن الاسلام يشيع ثم تكون له فترة فمن كانت فترته إلى غلو وبدعة فأولئك أهل النار».
Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни масжидга кирганларида одамлар худди асалари ғўнгиллаганидек, Қуръон қироати билан машғул эди. У зот “Албатта, ислом кучга тўлиб, кенгайиб бораверади, сўнг бир муддат бўшашиб кучсизланади. Кимга диндаги мана шу бўшашишлик динда чуқур кетиш ва бидъат томонга (бурилишга сабаб) бўлса, улар дўзах аҳлидан ҳисобланади”, дедилар[2].
Динда чуқур кетиш оқибатида пайдо бўладиган мутаассиблик ва ақидапарастлик иллатлари жамият тараққиётига зид келувчи бузғунчи ғояларнинг жамиятга кириб келиши учун йўл очиб берадиган асосий воситалардан бири ҳисобланади. Қуйида бу иллатнинг турлари ва зарарлари ҳақида ҳам маълумот берамиз.
(Давоми бор)