Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАЛАЙЗИЯЛИК СТИПЕНДИАТ ИЛМИЙ ИШИ АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ БИЛАН ЭЪТИБОР ҚОЗОНАДИ

МАЛАЙЗИЯЛИК СТИПЕНДИАТ ИЛМИЙ ИШИ АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ БИЛАН ЭЪТИБОР ҚОЗОНАДИ

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори др. Алиф Нави илмий изланишлари натижалари тақдимотини ўтказди.

“Ўзбекистон ҳудудида яшаб, замонавий дунёни шакллантирган таниқли уламолар меросини сақлаш ва тарғиб этишда видеографика воситаларининг ўрни” мавзусида ўтказилган тақдимот аллома аждодларимизнинг бугунги кунда кенг қўлланаётган инновациялар ривожига қўшган билвосита ҳиссасига бағишланди.

Тадқиқотчи ислом цивилизациясида мовароуннаҳрлик арбоблар илмий фаолиятининг муҳим ўрнига оид кўргазмали воситалар нисбатан чекланганига, дунё бўйлаб фақат танланган илмий муассасаларда намойиш этилишига эътибор қаратиб, изланишлари натижаси ўлароқ бу борада кенг омма учун мўлжалланган видеографика маҳсулотларини яратиш ва медиаплатформалар орқали изчил тарғиб этиш йўналишида олиб бораётган ишлари ҳақида маълумот берди.

Марказдаги амалиёти давомида изланувчи зарур маълумотлар асосидаги ижодий контент тўплаб, ўзбекистонлик мутафаккирлар илмий меросига оид ёзма материаллар ва тарихий топилмаларнинг электрон харитасини шакллантирган. Унда фан ва техника, дин ва маънавият, тил ва адабиёт, санъат ва мусиқа, замонавий спорт ва анъанавий халқ ўйинлари, иқтисодиёт ва савдо соҳалари алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Тақдимотчи иштирокчиларни медиамаҳсулот яратишда фойдаланадиган видеодастурлар ва тарғиботи амалга ошириладиган хостинг турлари билан ҳам таништирди.

Тадбир қатнашчилари илмий тадқиқотлар манбаи фақатгина китоб ва мақолалар доирасида чекланган, мавзуга оид ресурслар сони интернет тармоғида етарли бўлмаган, аждодларимиз асарлари эски услубда сақлаб келинаётган ва умумийликда келган маълумотларга кўпинча манфаатдор гуруҳлар мурожаат қилаётган ҳозирги шароитда стипендиат олиб бораётган илмий ва амалий фаолиятнинг муҳим аҳамиятини алоҳида эътироф этди.

Шу билан Утара университети (Малайзия) ҳузуридаги Олий педагогика мактаби катта ўқитувчиси др. Алиф Навининг Марказдаги илмий амалиёти якунига етди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …