Home / МАҚОЛАЛАР / ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА АҲАМИЯТЛИ ЖИҲАТЛАР

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА АҲАМИЯТЛИ ЖИҲАТЛАР

 «Изимиздан тарбияли фарзанд қолдирайликки, ортимиздан фақат савоб етиб борсин, ёмонлик бормасин», деган аждодларимизнинг ўгитлари бежиз эмас. Исломда тарбия вожибдир. Тарбия эса фақат таъсир, тартиб, тафтиш эмас, балки илоҳий амалдир. Шунингдек, тарбия фарзандни доим назоратга олиш, кузатиб бориш ҳам деганидир.  Аллоҳ таоло   Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгадир» («Фотиҳа» сураси 1- оят). Бу оятда Аллоҳ Роб исмини келтирган. «Роббил аъламийн» – бутун оламларнинг мураббийси дегани. Агар Аллоҳ мураббийлиги, яъни назорати, кузатувини лаҳза тўхтатса, оламлар издан чиқиб кетади.

Фарзанд бир бўш ҳолатда турган идиш кабидир, бу бўшлиқни ўз вақтида гўзал тарбия, илм-марифат билан тўлдириб бормас эканмиз, идиш бизга қараб турмай, келажакда ўзининг салбий натижасини берадиган маълумотлар билан тўлиб қолади. Оқибат ота-онага жабр келтирадиган, жамиятга номуносиб фарзандга айланади.

Ота-она фарзандига бир лаҳза эътиборсиз бўлса, фарзандлар тарбияси бузилишига олиб келади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларки, ҳар бир туғиладиган бола фитратда туғилади, яъни ҳар бир чақалоқ покиза бўлади, у оқ қоғоз кабидир. Бу ҳадисни муҳаддисларимиз «Тақдир» бобида келтирганлари тарбиянинг тақдирга боғлиқлигини билдиради. Тарбияга кеч қолинмаса бўлди. 

Насл-насаб етти авлодгача таъсир қилади. Тарбия боланинг отаси, онасини танлашдан бошланади, чунки Расули акрам алайҳиссалом айтганлар: «Муносиб келин ёки куёв танлангларки, ирқ ўтувчидир». Яъни ота-онанинг феъли болага ўтади, шунинг учун бола яхши тарбияли бўлиши учун отаси тарбияли бўлиши керак. Онаси насл-насабли, покиза, дин-диёнатли бўлса, отаси ҳам шундай бўлса, албатта, бола насл-насабига тортади. 

Домла Раҳматуллоҳ Сайфуддинов «Орзу-ҳавас чиройли тарбия билан бўлади» номли марузаларида: «Оила қуришда насл-насаб суриштирилади, чунки фарзанд тарбиясида насл-насаб асосий ўрин тутади. Муносиб келин ва куёв танланганидан кейин, улар фарзандли бўлиб, ота болага ҳалол луқма едирса, у ҳеч қачон ноқобил бўлмайди. Бу аниқ шарт. Шунга биноан, оз бўлсада, қаноат қилиб, ҳомиладор бўлган онага ҳалолдан едирсинлар. Ҳомиладор она истаган нарсасини ота олиб келишга ҳаракат қилади. Фарзанд туғилганда шариат тайин қилган масофаларда ҳақлар бор. Фарзанд туғилиши билан ота-она зиммасига вожиб ҳақлар пайдо бўлади. Болага яхши исм бериб, қулоғига азон айтиши керак, сочини олиб, етти ёки ўн тўртинчи куни ақиқа қилинсин, дейилади. Ақли кирганда таълим бериш, вояга етганда уйли-жойли қилиш – булар маълум масофадаги ҳақлардир», деган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳозирги пайтда глобал муаммо бўлиб турган ёт оқимлар, ахборот хуружлари таъсирига тушиб  қолиш сабабларининг аксарияти тарбияга бориб тақалади. Улғайиб келаётган авлод ота-онасига муносиб, юртига фидокор, диний ва дунёвий илмга эга бўлса, бундай фарзанд адашмайди. 

 Мол-дунё қолдирма, битирар бир кун,
 Илм-маърифатдир туганмас бойлик.
Абдулбосит МАМАДАЛИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Ўсмир хулқ атвори тушунчасини таҳлил этиш, унинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини  ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хулқ-атвор, яъни …