Home / АЛЛОМАЛАР / БИЗ БИЛМАГАН ФАҚИҲ АЛЛОМА

БИЗ БИЛМАГАН ФАҚИҲ АЛЛОМА

XI-XII асрларда Қорахонийлар даврида Фаржак, Тамғачхон, Абу Ҳафс Кабир Бухорий мадрасаларидаги илмий муҳит Мовароуннаҳрни илм-фан ривожланган марказга айлантиришда муҳим ўрин тутган. Бу ҳудудларда самарқандий, вазорий, кушмиҳоний, бухорий, иштихоний, кеший, маймурғий каби турли нисбаларга эга бўлган олимлар яшаган.

Шундай уламолардан бири фақиҳ Заҳириддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умардир. Дастлабки таълимни отаси ва ўша даврнинг уламоларидан олган. Аллома фиқҳ илми бўйича етук олимлардан бири бўлган. Бухорода муҳтасиб ва қозилик лавозимида ишлаган. 1222 йили Бухорода вафот этган. Ундан фақиҳ Мажидиддин Уструшоний каби етук олимлар сабоқ олган.

Заҳириддин Бухорий “Фавоидуз Заҳирия” асари Садр Шаҳид Ҳисомиддин Умар ибн Абдулазизнинг “Жомиъ сағир” тўпламига  ёзилган шарҳ бўлиб, унда фиқҳий масалалар ёритиб берилган. Аллома уни ўқувчига осонлаштириш учун ҳар бир масалани бафуржа баҳс-мунозара, ақлий ва нақлий далиллар билан кенг муҳокама қилган.

 Шунингдек, алломанинг “Фатовоуз Заҳирия” асари ҳам фиқҳга бағишланган бўлиб, унда кўплаб ижтимоий масалаларга оид фатволар жамланган. Бадриддин Айний ундаги жамият учун кўп қўлланадиган фатволарни саралаб олиб, “Ал-Масоилул Бадриятул мунтахаба минал фатовоз Заҳирия” асарини яратган. Бугунги кунда бу икки асарнинг бир нечта нусхаси Сулаймония кутубхонасидаги (Туркия) Ҳакимўғли, Домод Иброҳим Пошо, Маҳмуд Пошо, Фотиҳ фондларида сақланмоқда.

Ирода ДАУРБЕКОВА, Дилдора ҲАЛИМОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги
маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …