Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Туркияда ёзги ўқув машғулотларини бошлади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Туркияда ёзги ўқув машғулотларини бошлади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг бир гуруҳ тадқиқотчилари – Отабек Муҳаммадиев, Меҳрожиддин Амонов, Абдувоси Шоназаров ва Отабек Баҳриев Туркиядаги Ислом тафаккури институти томонидан ташкил этилган “Иккинчи Мовароуннаҳр ёзги семинарлари” номли ўқув-амалий машғулотларида иштирок этмоқда.

Семинар дарсларида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон-Туркия халқаро университети профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари ҳам қатнашмоқда. Ўқув курси олимлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва ислом маданияти тарғиботини янги босқичга кўтаришни мақсад қилган.

        

Илмий фаолият соҳасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида Марказ ва Ислом тафаккури институти ўртасида имзоланган Меморандумда илмий ходимлар учун ёзги ўқувларни ташкил қилиш ҳам назарда тутилган эди. Кейинчалик Марказ делегациясининг институтга ташрифи чоғида малака ошириш курсларини жорий этиш билан боғлиқ ташкилий ишлар муҳокама қилинди.

 

Куни кеча ушбу курснинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Институт раҳбари, профессор Меҳмет Гўрмез табрик нутқи сўзлади. Тадбирда Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Отабек Муҳаммадиев ҳам сўзга чиқиб, самимий қабул учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди ва ўқувлар амалий ҳамкорликни жадаллаштириши, шунингдек, жамоалардаги илмий салоҳиятни янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Машғулотлар давомида иштирокчилар учун ислом илмлари бўйича 30 нафардан зиёд таниқли олим маъруза қилиши ва мамлакатнинг Анқара, Бурса, Конья ва Истанбул шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларга саёҳати режалаштирилган.

Малака ошириш курси бир ой давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …