Home / МАҚОЛАЛАР / ПОКЛИК – ИМОННИНГ ЯРМИДИР

ПОКЛИК – ИМОННИНГ ЯРМИДИР

Бир ҳадис шарҳи

 Аллоҳ таоло инсонни пок ҳолатда яшашга буюрган. Бунда энг аввало қалб, бадан, либос ҳамда яшаётган  манзилимиз тоза-озода бўлиши талаб этилади. Бу борада оят ва ҳадислар ҳам жуда кўп. Фиқҳ илмига доир асарларнинг биринчи боби ҳам покликка бағишланган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло покиза бандаларни яхши кўриши ҳақида бундай марҳамат қилган: Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покланувчиларни севади[1]. Имон бир неча бўлаклардан иборат бўлиб, ҳаё қилиш ҳам кўчадан инсонларга зиён берадиган нарсаларни четга олиб қўйиш ҳам имондандир.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”,  дедилар. (Имом Муслим ривояти). Демак, мўминликка далолат қиладиган нарсани мажозий маънода юзта деб тушунсак, шунинг элликтаси поклик бўлар экан.

Поклик бир неча турларга бўлинади;

  1. Қалб поклиги:

Қалб Аллоҳ таоло тарафидан инсонга берилган неъматлардандир. Уни турли иллатлардан авайлаб асраш керак. Қалби пок инсон ўзгалар ҳақида ёмон гумонга бормайди, ғийбат қилмайди, қалбида нафрат ва адоват уруғи бўлмайди. Шу сабабли Аллоҳ таоло банданинг ташқи кўринишига эмас, балки унинг қалбига назар солади. Бу ҳақда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Аллоҳ таоло сизларнинг суратингизга, мол-у дунёнгизга қарамайди. Лекин Аллоҳ сизнинг қалбингизга ва қиладиган амалларингизга қарайди”, дедилар. (Имом Муслим ривояти). Хўш, нима сабабдан У зот қалбига қарайди? Чунки, у имоннинг макони ҳисобланади. Имон эса поклик бор жойда мавжуд бўлади.

  1. Бадан поклиги:

Ислом динида тана поклиги борасидаги кўрсатмаларга амал қилиш ҳам муҳим ҳисобланади. Бунда таҳорат қилиш муҳим ўрин тутиб, юз ва ундаги аъзолар, шунингдек, қўл, оёқлар тоза сув билан ювилади. Тирноқ олиш, соч-соқолга эътибор қаратиш, ҳафтада бир марта ғусл қилиш ва турли хушбўйликлардан фойдаланиш мўмин кишининг хислатларидан саналади.  

  1. Либос поклиги:

Либос, аввало, инсонни тана аъзоларини беркитиб туриш учун хизмат қилади, шунингдек, у инсонга зийнат бағишлайди. Мўмин киши доимо кийимига эътиборли бўлиши, тоза-озода либосларни кийишда бошқаларга ўрнак кўрсатиши лозим. Аллоҳ таоло либосларни покиза тутиш тўғрисида Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Кийимларингизни пок тутинг!”[2]. Оятдан динимиз либосларимизни ҳам пок тутишга алоҳида эътибор қаратгани маълум бўлади. Либос кийганда ҳам, аввало, ниятни тўғри қилиш керак. Уни кибр ёки ўзгалардан устун кўриниш учун эмас, аксинча, чиройли бўлиб юриш учун кийиши керак. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий: “Агар киши мурувватли бўлса, илмли бўлса, кибрланмасдан энг тоза либосларни кийиши керак”, деган. Демак, либосларимизни покиза, чиройли ҳолда кийиб юришимиз ҳам исломнинг гўзал таълимотидан экан.  

  1. Атроф-муҳит поклиги;

Хонадонимиз ва атроф муҳит тозалигига эътибор қаратиш ҳам ислом дини кўрсатмаларидандир. Чунки тозалик бор жойда файз-барака ва тинчлик бардавом бўлади. Кўрган инсоннинг ҳаваси келиб, бу масканда мусулмон киши яшаши тўғрисида тасаввур уйғонади. Улуғ ёшли инсонларнинг бир гап бор. Улар бирор бир озода хонадонга кириб қолса: “Фариштали уй экан”, дейди. Нима учун шундай? Бу гапнинг замирида ҳам улкан маъно бор. Чунки фаришта пок жойларда ҳозир бўлади. Улар поклик ва хушбўйликни ёқтиради. Агар уйимизни қанчалик саришта тутсак, ўша уйга фаришта кўп келар экан.

Хулоса шуки, имонни ярмига тенг дея таъриф берилган покликка доим амал қилайлик. Аллоҳ таоло ҳаммамизни покиза қалб эгаси бўлишни насиб қилсин!

[1] Бақара сураси 222-оят.   
[2] Муддассир сураси, 4-оят.
Машраб ХИДИРОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …