Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МОВАРОУННАҲР АЛЛОМАЛАРИ ИЛМИ – УЙҒОНИШ ДАВРИ ПОЙДЕВОРИ

МОВАРОУННАҲР АЛЛОМАЛАРИ ИЛМИ – УЙҒОНИШ ДАВРИ ПОЙДЕВОРИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Шукурилло Умаров ва Сухроб Эргашев айни кунларда Панжикент шаҳридаги Тожикистон педагогика институти ташаббуси билан “Замонавий даврда филология, ижтимоий-гуманитар ва табиий фанларнинг долзарб масалалари” мавзусида ўтказилаётган “V Артуч ўқишлари” илмий-амалий халқаро конференциясида иштирок этмоқда.

Тожикистоннинг Артуч қишлоғида жойлашган тоғ лагерида кўплаб давлатлар олимлари иштирокида ташкил қилинган анжуманнинг ялпи мажлисида Марказ бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров “Марказий Осиё олимларининг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзусида маъруза қилди. Олим минтақада исломий билимлар билан бирга илм-фаннинг барча соҳаларида жаҳонга машҳур алломалар етишиб чиққанини таъкидлаб, муҳаддислар, ақида мактаби уламолари, муфассирлар, фақиҳлар, тасаввуф илмининг етук намояндалари қаторида табиий фанлар ривожида беқиёс хизмати сингган Абу Наср Фаробий, Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби сиймолар қолдирган илмий меросга алоҳида урғу қаратди. Улар эришган илмий ютуқлар кейинчалик Ғарб тамаддуни ривожига туртки бўлиб, Уйғониш даврини бошлаб берди.

Конференция дастурига мувофиқ Марказ нашрларининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда иштирокчиларга ходимларнинг илмий фаолияти самараси бўлган бир нечта китоблар ҳақида маълумотлар берилди.

Анжуман кунлари давомида қатнашчиларнинг қадим Панжикент, Саразм аҳоли пункти ва Санжаршоҳ шаҳарчасига ҳамда замонавий тожик адабиётининг етук намояндаси Лойиқ Шерали уй-музейига саёҳат, шунингдек, Абу Абдуллоҳ Рудакий мақбарасига зиёрат ташкил этилди.

Халқаро конференция икки кун давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

 

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …