Home / ЯНГИЛИКЛАР / Қурбон ҳайити – инсон қадри ва ижтимоий ҳимояни улуғлашга қаратилган байрам

Қурбон ҳайити – инсон қадри ва ижтимоий ҳимояни улуғлашга қаратилган байрам

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини ўзида яққол ифода этадиган Ийд ал-Адҳо – Қурбон ҳайити жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда. 

Бу йилги байрам, айниқса, ўзгача шукуҳ ва файз билан ўтмоқда. Буни одамларнинг юз-кўзларидаги қувонч ва тилларидаги шукроналик сўзларидан яққол англаш мумкин. 

Яна бир муҳим жиҳат, Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига кўплаб хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари номидан қутлов мактублари келиши давом этмоқда, ўз навбатида, Президентимиз томонидан ҳам чет эл давлатлари раҳбарларига табрикномалар юборилмоқда. Байрам том маънода ўзаро меҳр-оқибат рамзи ўлароқ, халқаро алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлмоқда. 

Шуни алоҳида айтиш лозимки, Президентнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Қурбон ҳайити табриги юртдошларимизни бениҳоя хурсанд қилди, айниқса, муборак манзилларда Ҳаж амалларини бажараётган ҳожиларимизга ҳақиқий байрам кайфиятини бахш этди. 

Байрам табригида халқимизнинг олижаноб қадриятларини асраб-авайлаш, аждодларимизнинг бой илмий меросини тиклаш ва фаол тарғиб этиш, буюк аждодларимизнинг табаррук қадамжоларини обод қилиш, байрам кунларида ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш каби эзгу ташаббусларнинг тилга олингани, қолаверса, сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш бош ғояси асосида амалга оширилаётган амалий саъй-ҳаракатлар том маънода юртимизда ижтимоий ҳимоя ва инсон қадри масаласига берилаётган алоҳида эътиборнинг юксак намунаси сифатида экани қайд этилгани айни ҳақли эътироф. 

Бугун мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига чиқди. Буни янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларидаги туб ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. 

Мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик-тотувликни таъминлашга қаратилган изчил, пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. 

Эътиборлиси, юртимизда инсон қадри учун амалга оширилаётган ишларни ҳар жабҳада кўриш мумкин. Хусусан, турли ғаразли кучлар таъсирида диний-экстремизм фаолиятига адашиб кириб қолган инсонларнинг кечирилиши ёки «Меҳр» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган аёллар ва болаларнинг Ўзбекистонга олиб келингани, улар янгиланаётган, инсон эрки ва ҳуқуқлари қадрланадиган юртимизда янги ҳаёт бошлагани бунинг яққол мисолидир. 

Шунингдек, адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқароларнинг афв этилиши халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодасидир. 

Виждон ва дин эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган сиёсатнинг устувор вазифаларидан саналади. Шу боис, сўнгги йилларда республикамизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада виждон эркинлигининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, қонунчиликнинг инсон ҳуқуқларига оид халқаро андозалар асосида такомиллаштирилгани ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир. 

Яна бир асосий жиҳат, диний таълим тизимидаги янгиликлар алоҳида муҳим ўрин тутади. Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш, тарғиб этиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда. Шунингдек, учта йирик олий диний таълим ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритмоқда. 

Қашқадарё вилоятида калом илмининг атоқли намояндаси Абу Муин Насафий, Наманган вилоятида тасаввуф таълимотининг йирик вакили Султон Увайс Қараний, Тошкент шаҳрида Сузук ота ёдгорлик мажмуалари бунёд этилгани, кўплаб масжид, мадраса ва диний обидалар қайта қурилаётгани ёки таъмирланаётгани, айниқса, Имом Бухорий ҳазратларининг Самарқанд вилоятидаги ёдгорлик мажмуасини мутлақо янги, замонавий ҳолда барпо этиш ишлари шиддат билан давом этаётгани ҳамда зиёратга келаётган халқаро эксперт ва хорижий меҳмонларнинг юксак эътирофи ва ҳайратига сабаб бўлаётгани қувонарли ҳол, албатта. 

Қолаверса, ўзининг маҳобати ва илмий салоҳияти туфайли маърифат масканига айланиши кутилаётган ­– Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зотан, халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган мазкур илм-маърифат маркази ҳозирданоқ ўз маҳобати, амалга ошираётган маънавий, илмий тадқиқот фаолияти билан бутун дунё ҳавасини келтирмоқда. 

Янги Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари кўз ўнгимизда ўзининг кўнгилларга қувонч элтувчи эпкинлари билан рўй-рост намоён бўляпти. Бугун давлатимизнинг эътиқод эркинлиги, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, инсон қадри ва ижтимоий ҳимоя борасида, эзгу сиёсати халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътиборини қозонди.

Шу ўринда, мавзуга алоқадор яна бир эътиборли жиҳат: Ҳаж ва Умра зиёратлари сифат ва сон жиҳатдан янги босқичда ташкил этилаётгани диққатга сазовор. 

Юртдошларимиз муборак Умра ва Ҳаж амалларини адо этиши учун яратилаётган қулайликлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистондан Ҳажга борувчилар сони кескин ортди. 2019 йилда 7200 нафар юртдошимизга бу бахт насиб этган бўлса, 2022 йилда бу рақам 12 000 ни ташкил этди. Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15 000 нафар этиб белгиланди. 

Жорий Ҳаж мавсумига квотанинг оширилгани, шубҳасиз, юртимиз зиёратчилари учун катта хушхабар бўлди. Бу йил юртдошларимиз Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бундай катта ададда зиёратга борди. 

Қолаверса, шу йил эшитиш ва кўришида нуқсони бўлган юртдошларимизнинг 34 нафари, шунингдек, 1400 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг умра зиёратига бориб-келиши том маънода инсон қадри ва ижтимоий ҳимоя борасидаги эзгу сиёсатнинг маҳсулидир. 

Албатта, мазкур кенг кўламли ислоҳотлар, енгилликлар, қулайликлар замирида кўпмиллатли халқимиз ҳаёти, фаровон турмуши, ёрқин истиқболи, фарзандлар камолоти ва орзу-истаклари рўёби мужассамдир. 

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда кенг кўламли ислоҳот ва туб ўзгаришлар натижасида янгиланиб бораётган юртимизда халқ билан мулоқот, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, виждон эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада улкан чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётган бундай амалий ишлар янги Ўзбекистонни барпо этиш, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадларимизга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, барча юртдошларимизни ана шу ғоялар атрофида янада бирлаштиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Меҳр-оқибатли, саховатли халқимизга, тинч-осойишта юртимизга мана шундай байрамлар ярашади. Бинобарин, бунинг шукронасини қилиш, янги бунёдкорлик ишларида бирдам бўлиш, буюк келажак сари шаҳдам қадамлар ташлаш, янги Ўзбекистонни барпо этишда бир ёқадан бош чиқариб, бирлашиш – бизни мақсад сари олиб борувчи ягона йўлдир. 

Ўз навбатида, тараққиётимизнинг янги босқичида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар кўлами ва аҳамияти жиҳатидан ғоят муҳим бўлиб, Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсида ислом цивилизацияси маркази, илм-маърифат ўчоғи сифатида эътироф этилишига сабаб бўлмоқда. 

Ишончимиз комилки, Ўзбекистонда 2023 йил давомида кузатилаётган ҳам тарихий, ҳам эзгу ташаббуслар, шубҳасиз, юрт равнақи ва истиқболига хизмат қилувчи чора-тадбирларнинг бошланиши. 

Инсон манфаатлари, ижтимоий ҳимоя масаласи пировард мақсадга айланган жонажон юртимизнинг ҳар куни хушхабар ва эзгу воқеаларга бой бўлаверсин.

Содиқ ТОШБОЕВ, 
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2023 йил 30 июнь, №129(918)

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …