Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ АЛ-БУХОРИЙНИНГ МУБОРАК ЁШЛИК ЙИЛЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТГАН ЭДИ?

ИМОМ АЛ-БУХОРИЙНИНГ МУБОРАК ЁШЛИК ЙИЛЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТГАН ЭДИ?

   Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизбаҳ. Бошқа бир ривоятда – Баздузбаҳ. Бухороча бу сўзнинг маъноси – деҳқон.

   Абу Абдуллоҳ 194 йил шаввол ойида таваллуд топганлар.

   Ёшлик пайтларида Муҳаммад ибн Исмоилнинг кўзлари кўрмай қолди. Оналари тушларида Иброҳим алайҳиссаломни кўрдилар. Иброҳим алайҳиссалом айтдилар: “Эй она! Сенинг кўп йиғинг ва дуоларинг билан Аллоҳ таоло ўғлингга кўз нурини қайтарди”. Тонг отганда қаралсаки, ҳақиқатан Аллоҳ унга кўз нурини қайтарибди.

   Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади:

   «Бир куни Абу Абдуллоҳдан: “Илмга ташналигингиз қандай бошланди?” – деб сўрадим.

   “Мактабдалигимдаёқ менга ҳадис ёдлаш илҳоми берилди”, – дедилар.

   Мен яна: “Ўшанда неча ёшда эдингиз?” – деб сўрадим.

   Айтдилар: “Ўн ёки ундан кичикроқ ёшда эдим. Ўн ёшдан сўнг бошланғич мактабдан чиқдим. Устоз Дохилий ва бошқаларнинг сабоқларига қатнай бошладим. Бир куни Дохилий бизга ҳадис ўқиб бераётганларида: “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, – деган санадни айтдилар. Мен у кишига: “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган”,   дедим. Шунда мени жеркиб бердилар. У кишига: “Асл манбага қаранг”,   дедим. Уйга кириб китобларига қараб чиқдилар ва мендан: “Айтганинг тўғри экан, эй бола. Буни қандай билдинг?” – деб сўрадилар. Мен: “Иброҳимдан Абу Зубайр эмас, Зубайр ибн Адий ривоят қилганлар”, – дедим. Мендан қаламни олиб китобдаги хатони тузатиб қўйдилар.

   “У кишининг хатоларини тузатганингизда неча ёшда эдингиз?”   деб сўралганда, Абу Абдуллоҳ: “Ўн бир ёшда эдим. Ўн олти ёшга етганимда, Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёдладим. Уларнинг ҳадис тўғрисида ёзган сўзларини билар эдим. Ўша вақтда онам ва акам Аҳмад билан Маккага бордик. Ҳаж қилиб бўлганимиздан сўнг акам онамни олиб қайтдилар. Мен ҳадис илмини ўрганиш учун қолдим”, – деб жавоб бердилар».

Манба: “Машҳур даҳолар сийрати(Сияру аъламин нубало) китобидан

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …