Home / МАҚОЛАЛАР / АНСОРЛАРНИ ЯХШИ КЎРИШ – ИМОН АЛОМАТИ

АНСОРЛАРНИ ЯХШИ КЎРИШ – ИМОН АЛОМАТИ

Ким ансорларнинг даражасини, исломни қўллаб-қувватлаш, ёйиш ва илк мусулмонларга кўрсатган ёрдамини, дин йўлидаги фидойилигини билиб, англаб, уларни яхши кўрса, бу унинг имонли эканига далилдир. 

Ансор – “ёрдам берувчи” дегани бўлиб, асли мадиналик мусулмонлардир. Улар Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошчилигидаги Маккадан кўчиб келган муҳожирларга уйи, мол-мулки ва қарамоғидагилар билан ёрдам берган кишилардир.

عَنْ أَنَسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «آيَةُ الإيمَانِ حُبُّ الأنْصَارِ، وآيَةُ النِّفَاقِ بُغْضُ الأنْصَارِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ансорларни яхши кўриш имоннинг аломати, ансорларни ёмон кўриш эса мунофиқликнинг аломатидир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг: “…ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар” (Анфол сураси, 72-оят), деган сўзларини олиб, уларни “ансорлар” деб атадилар.

Ансорлар буюк фазилат ва улуғ шарафга эга бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта ҳадиси шарифларида уларнинг фазилати ҳақида тўхталиб ўтганлар. Ушбу ҳадисда Аллоҳга берган ваъдасига вафо қилгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга паноҳ бергани, яхши қўшнилик қилгани, мустаҳкам дўстлик ва меҳр-муҳаббатининг самимийлиги учун уларни яхши кўриш имон баркамоллиги, уларни ёмон кўриш мунофиқлик белгиси экани таъкидланмоқда. Демак, уларни яхши кўриш Аллоҳ ва Расулига бўлган комил муҳаббатдандир.

Аллоҳ таоло ансорларни таърифлаб: “Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар” (Ҳашр сураси, 9-оят), деб марҳамат қилган.

Муҳожирлар Мадинага келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ансорлар билан биродар, ака-ука қилиб қўйганлар. Ансорлар биродарликнинг энг ажойиб намуналарини кўрсатиб, уларга энг гўзал кўринишда яхшиликлар қилган, уйларидан жой берган, мол-мулкини баҳам кўрган эди.

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларни фақат мўминларгина яхши кўради, мунофиқлар ёмон кўради”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

 Ансорлар биродарлик, ўзаро ёрдамнинг такрорланмас намунасини намоён этди. Шунинг учун ҳадисда уларни яхши кўришга чорлов ва ёмон кўришдан огоҳлантириш бор. Қолаверса, бу иккисининг бири имон ва яна бири мунофиқлик белгисига айланди.

Шунга қиёсан, ислом, одамлар ва жамиятга хизмат қиладиган, фойдаси тегадиган кишини ҳар замон, ҳар ерда ҳурмат қилиш, яхши кўриш керак бўлади.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …