Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “БИРРУЛ ВОЛИДАЙН” АСАРИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “БИРРУЛ ВОЛИДАЙН” АСАРИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси олимлар, тадқиқотчилар ва шарқшунослар томонидан кенг ўрганилиб келмоқда. Юртимизда ҳам буюк муҳаддиснинг маънавий мероси ва ибратли ҳаёти жадаллик билан тадқиқ этилмоқда. Буюк ватандошимиз ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини ўрганар эканмиз, унинг дунёқараши, ички олами ғоят ибратли ва кўп жиҳатлари билан ҳар қандай давр учун ҳам катта аҳамият касб этишини кўришимиз мумкин.

Имом Бухорий авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, ижодий фаолияти давомида ёзган асарлари – бизга маълум бўлгани – йигирма тўрттани ташкил этади. Манбаларда “Жомеъус саҳиҳ”, “Адабула муфрад”, “Тарихус сағир”, “Тарихул авсaт”, “Тарихул кабир”, “Китобул илал”, “Биррул волидайн”, “Асомиус саҳоба”, “Китобул куна” каби асарлар Имом Бухорий қаламига мансублиги таъкидланади.

Барчамизга маълумки, Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” бутун ислом умматининг иттифоқи билан Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида эътироф этилган. “Саҳиҳул Бухорий” ва “Адабул муфрад” ахлоқ-одоб, ибодат, ижтимоий мезонларни белгиловчи манбалар ва умуминсоний қадриятлар намуналаридир.

Хусусан, ота-онага яхшилик башарият ҳаётидаги энг асосий мавзулардан бири ҳисобланади. Чунки, ота-онасига яхшилик қилмаган киши бошқаларга ҳам саховат кўрсатмайди. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларга оид барча адабиётларда ана шу мавзуга атаб алоҳида асарлар ёзилганини ё алоҳида боблар ажратилганини ёки кўрамиз.

Имом Бухорий бу мавзуда “Биррул волидайн” китобини ёзган. Унда ота-онани эъзозлаш, дуосини олиш, хизматида қоим бўлиш ҳақида сўз юритилади. Ота-онасига яхшилик қилган кишининг дуоси ижобат бўлиши, ота-она мусулмон бўлмаса-да силаи раҳмдан воз кечмаслик, ҳақорат қилмаслик, кўзига тик боқмаслик, гап қайтармаслик, ҳузурида “уфф” тортмаслик зарурати таъкидланади. Ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабиралардан бири экани, уларга осийликнинг салбий оқибатлари тилга олинади. Шунингдек, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари ва фарзанднинг ота-она олдидаги вазифалари каби масалаларни ёритиб берувчи ҳадиси шарифлар келтирилади. Ушбу китоб ихчам, мўъжазгина бўлиб, уни шогирди Ибн Диллуяҳ[1] Имом Бухорийдан ривоят қилган. Бу асар бир неча асрлар давомида одамлар орасида Ибн Диллуяҳдан нақл ўлароқ тарқалган. Кейинроқ ҳадис ривоят қилинадиган илм мажлисларида бу асар аста-секинлик билан йўқола борган ва оқибатда бизга қадар етиб келмаган асарлар қаторига кириб қолаёзган эди.

Тадқиқотчи Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавийнинг таъкидлашича[2], “Биррул волидайн”ни ўзида сақлаб қўйган, шогирдларига ўқитган мутааххирин уламолардан бири – бу, имом, ҳофиз ва саййид Муҳаммад Абдулҳай Каттонийдир.

Имом Бухорий ота-онага яхшилик мавзусида кўп ҳадис ривоят қилган. Бу нусхада силаи раҳм, фарзанд тарбияси ва одоб-ахлоқ масалаларига доир ҳадислар ҳам келтирилган. Имом Бухорий “Жомеъус саҳиҳ” ва “Адабул муфрад”да ҳам ота-онага яхшилик мавзусига доир ҳадисларни келтирган.

Ота-онага яхшилик мавзусида Имом Бухорийдан бошқа уламолар – Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий Бағдодий Шофеий (ваф. 285/898), Абу Муҳаммад Қосим ибн Асбағ Қуртубий Моликий (ваф. 340/952), Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳайён (ваф. 369/980), Абу Мусо Юмн ибн Аҳмад ибн Ямн Тужибий Тулайтилий (ваф. 390/1000), Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Муҳаммад Халлол Бағдодий (ваф. 439/1048), Абу Бакр Муҳаммад ибн Валид Туртуший Моликий Андалусий (ваф. 520/1126), Жамолиддин Абулфараж Абдураҳмон ибн Али ибн Муҳаммад ибн Жавзий (ваф. 597/1200), Тақийуддин Али ибн Абдул Кофий Субукий (ваф. 756/1355), Жамолуддин Муҳаммад ибн Абдуссалом Ноширий Зубайдий (ваф. 906/1501), Абул Футуҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳалабий Ҳалавий (ваф. 1195/1781), Қутбиддин Абулвафо Умар ибн Муҳаммад Ёфий (ваф. 1233/1818), Аҳмад ибн Муҳаммад (ваф. 1380/1960) ҳам “Биррул волидайн” номли асарлар ёзган[3].

Имом Бухорий ёзган асарлар орасида унинг ўзи “Биррул волидайн” деб номлаган ихчам ҳадис китоби борлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки, бу китоб унинг қаламига мансублигидан далолат берадиган бир нечта далил бор. Жумладан:

– “Биррул волидайн”ни унинг шогирди Ибн Диллуяҳ нақл қилган;

– ҳадис ривоят қилган бир гуруҳ ровийларнинг ўз силсиласи ва шайхлари ҳақида сўз юритганида Имом Бухорийни ҳам тилга олгани, бунинг Имом Бухорийга етиб борадиган муттасил санадлари мавжудлиги;

– Бир қанча уламолар Имом Бухорийнинг таржимаи ҳолини ёзганда мазкур китоб унинг қаламига мансублигини зикр қилгани;

– Уламолар ўз асарларида бу китобни зикр этганда Имом Бухорийга нисбат бергани.

Ҳадис уламолари иттифоқ қилганидек, “Биррул волидайн”ни Имом Бухорийдан нақл қилган шахс Ибн Диллуяҳдир. Зеро, улар асардаги иснодларни айнан у орқали китобнинг ўзига қадар олиб боради ва уни ривоят қилгувчи шахс сифатида Диллуяҳни тилга олади.

Имом Бухорийнинг мазкур асари жорий 2014 йили нашрдан чиқарилган қадимий қўлёзмалардан ҳисобланади. Уни Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий ва Абдулъатий Муҳйи Шарқовий таҳқиқ ва тадқиқ қилган[4]. Улар китобнинг қўлёзмаси тўғрисида фикр юритганда, бу Муҳаммад Абдулҳай Каттонийга тегишли Каттонийя кутубхонасида сақланаётган ягона нусха эканини айтиб, нашрга тайёрлашда айнан шунга асoсланганини таъкидлаган. Шарқовий қўшимча равишда бу ягона нусха эмаслиги, Ливиядаги Илмий тадқиқот ҳаракатлари марказида 1545-рақам остида яна бир қўлёзма мавжудлиги, лекин уни тадқиқ қилиш имкони бўлмаганини айтган[5].

Қўлёзманинг илк саҳифасида

كتاب بر الوالدين تأليف الإمام

 أبي عبد لله كتب إسماعيل إبراهيم البخاري

رواية أبي بكر محمد بن أحمد دلويه عنه

رواية أبي يعلى حمزة بن عبد العزيز المهلبي عنه

 

المكتبة الكتانية لمالكها محمد عبد الحي الكتاني بفاس

“Биррул волидайн” китоби Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳимнинг асари.

Бу китобни ундан Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллуяҳ ривоят қилган.

Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллуяҳдан Абу Яъло Ҳамза ибн Абдулазиз Муҳаллабий[6] ривоят қилган.

Муҳаммад Абдулҳай Каттонийга тегишли Фос шаҳридаги Каттонийя кутубхонаси, ёзувларини ўқиш мумкин.

Кейинги саҳифа:

Бу саҳифа “Биррул волидайн” китобидаги ҳадисларни Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Абу Абдуллоҳ Жўъфийдан 328/940 йилда Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Диллуяҳ Даққоқ, ундан Абу Яъло Ҳамза ибн Абдулазиз Муҳаллабий ривоят қилгани тўғрисидаги маълумот билан бошланган.

Асарнинг асли Дамашқда бўлиб, Абдулҳай Каттоний уни Муҳаммад ибн Муҳаммад Муборак Ҳасаний Жазоирий Дамашқий[7]дан олган. Кўчирувчи хаттот Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Ҳалабий[8] бўлиб, китоб охирида ёзилганидек, ҳижрий 887/1482 йили ёзиб тугатган.

Қўлёзма нусханинг сўнгги саҳифаси

 “Бу (нусха)ни ожиз банда Муҳаммад ибн Муҳаммад Мансур ибн Али Ҳусайний Ҳалабий 887/1482 йилнинг 28 шавволида Қоҳирадаги Ал-Азҳар жомесининг тепасида ўзи учун олиб қўйди. Аллоҳ бу юртни ҳимоясига олсин. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг олу асҳобларига салавотлар юборгин!” мазмунидаги ёзув билан ниҳояланган.

Шунингдек, унга Муҳаммад Абдулҳай Каттоний ўз қўли билан ушбу ибораларни ёзган:

“Бу китобни фозил аллома Муҳаммад ибн Аҳмад Исмоилий Зарҳуний[9] камина Муҳаммад Абдулҳай Каттонийнинг қўлида Каттома[10] қасрида тинглаб олди. Бу 1324/1906 йилнинг рабиус соний ойида, ҳаждан қайтаётганимда мен билан кўришиш учун ўша ерга келган вақтда бўлди”.

Юқоридаги маълумотларга асосланиб айтиш мумкинки, бу камёб нусха бири бўлиб, эҳтимол, бугунги кунда ислом оламида ягонадир. Ундаги ҳадисларнинг айримлари Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг нусхасида ҳам мавжуд. Бу эса мана шу нусханинг аниқлигини қувватлайди.

Лекин муаллиф, нусха кўчирувчи ва асар ўқиб берилган шахсларнинг тарихлари орасида тафовутлар бор. Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий: “Мен ўқиб чиққанимда англаб етдимки, ундаги иборалар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, тахминан биринчи ярми асарнинг номига уйғун ва алоқадор. Чунки, ота-онага яхшилик ҳақида гап кетган. Иккинчи ярмига келадиган бўлсак, гарчи, ундаги ибораларнинг аксар қисмини шу мавзуга алоқадор дейиш учун бироз таъвил қилиш мумкин бўлса-да, улар ота-онага яхшилик мавзусидан жуда ҳам йироқ. Бу нарса, айниқса, нусха кўчирувчининг вафот этган санаси жуда ҳам кейинги даврга тўғри келаётгани менда бу нусханинг собитлиги борасида шубҳа уйғотди. Кейинроқ асарнинг биринчи ва иккинчи ярмида Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китобида келган ибораларни айрим имомлар ривоят ва нақл қилганини кўрдим. Ана шу нақллар бу нусхадаги ибораларга мувофиқ келишини кўриб, кўнглим таскин топди ва бу нусханинг собитлигига ишончим комил бўлди”[11].

“Биррул волидайн” бир неча йўллар билан ривоят қилинган бўлса-да, барчаси Ибн Диллуяҳга бориб тақалади. Ундан бир гуруҳ ровийлар, жумладан, биринчилардан бўлиб Муҳаллабий “Биррул волидайн” китобини ривоят қилган. Ундан Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Халаф Шерозий Нишопурий (туғ.398/1105), Абу Абдуллоҳ Ҳоким, Ҳамза Муҳаллабий, Абу Бакр ибн Фаврак, Абу Абдурраҳмон Суламий ва уларнинг табақаларида бўлган кишилар ҳадис тинглаган. Абу Бакр Шерозийдан Ибн Тоҳир Мақдисий, Важиҳ Шаҳҳомий ва Умар Саффор ҳадис ривоят қилган.

Дарҳақиқат, ушбу китобда ривоят қилинган ҳадислар мазмунан ҳар бир китобхоннинг ишончини, эътиқодини мустаҳкамлайди, шу билан бирга, инсонни маънавий камолотга даъват этади. Шундай экан, ҳадислар ёшларимизнинг комил инсон бўлиб шаклланишида муҳим манба ҳисобланади. Шунингдек, ундан оиладаги муҳитни соғломлаштириш, ота-оналар ҳақларини англаш, ёшлар тарбияси, жамиятимизда ота-она ва фарзанд муносабатларини тўғри йўлга солиш мақсадида фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
  1. Абдулъатий Муҳйи Шарқовий. “Биррул волидайн”. Миср. Дорул кутуб мисрийя.2014.
  2. Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дорул ҳадисил каттонийя. 2014.
  3. https://www.ahlalhdeeth.com/vb/showthread.php?t=123772
  4. https://ar.wikipedia.org/
  5. https://kfnl.gov.sa/Ar/RecentlyShelvedBooks/Pages/20180514-1.aspx
[1] Ибн Диллуяҳ – Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллуяҳ Даққоқ Нишопурий. Абу Али Аҳмад ибн Ҳафс ибн Абдуллоҳ Суламий, Абул Азҳар Аҳмад ибн Азҳар ибн Маниъ ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ҳадис тинглаган. Ҳижрий 329/941 йилда вафот этган.
[2] Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дорул ҳадисил каттонийя. 2014. Б.35.
[3] Ўша асар. Б.28.
[4] Абдулъатий Муҳйи Шарқовий. “Биррул волидайн”. Миср. Дорул кутуб мисрийя.2014.Б.21. // Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дорул ҳадисил каттонийя. 2014. Б.35.
[5] Абдулъатий Муҳйи Шарқовий. “Биррул волидайн”. Миср. Дорул кутуб мисрийя.2014. Б.21.
[6] Муҳаллабий – ишончли олим, Абу Яъло Ҳамза ибн Абдулазиз Муҳаллабий Нишопурий бўлиб, у киши Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллуяҳдан ҳадис эшитган. Хусусан, Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китобини кўпроқ тахминларга кўра, 328/1008 йили Нишопур шаҳрида эшитган. Муҳаллабийдан Абу Абдуллоҳ Ҳоким, Абу Бакр Байҳақий, Муҳаммад ибн Исмоил Тафлисий, Абу Бакр ибн Халаф ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. Муҳаллабий ҳижрий 406/1015 йилда вафот этган.
[7] Ҳижрий 1263 йили Байрутда таваллуд топган ва ҳижрий 1330 йили Дамашқда вафот этган.
[8] Ушбу “Биррул волидайн” қўлёзмасининг нусха кўчирувчиси – Саййид Шариф Розиюддин Абу Бакр ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳошим ибн Мансур Ҳусайний, Мувсавий, Ҳалабий, Ҳанбалий бўлиб, Ўзининг отасига ўхшаб Ибн Мансур номи билан машҳур бўлган. 863/1459 йили таваллуд топган. 895/1490 йилларда ҳаёт бўлган.
[9] У – буюк аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Идрис Алавий Зарҳуний бўлиб, ҳижрий 1288/1871 йилнинг Сафар ойида Зарҳунда таваллуд топган. Унга саййид Жаъфар, унинг ўғли саййид Муҳаммад, саййид Абдулкабир ва унинг ўғли саййид Абдулҳай Каттонийлар, Ҳабиб Ҳусайн Ҳабаший, Таҳомий Канун ва бошқалар “Биррул волидайн” китобини ривоят қилишга ижозат беришган.
[10] Ҳозирда бу жой “Катта қаср” номи билан машҳурдир.
[11] Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дорул ҳадис ал-каттонийя. 2014. Б.36.
Барот АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …