Home / МАҚОЛАЛАР / СУЛОСИЁТИ ДОРИМИЙ

СУЛОСИЁТИ ДОРИМИЙ

Бугунги кунда ислом тарихи ва ҳадисшуносликка қизиқиш тобора ортмоқда. Бунда кейинги йилларда ислом илмларининг олтин даврида яшаб ижод қилган алломалар меросини ўрганишга кенг йўл очилгани муҳим омил бўлмоқда.  

Ислом дини таълимотини ўрганиш, суннат ва ҳадисни тўплашда Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган етук муҳаддис, тафсир, ҳадис каби фанлар асосчиларидан бири Имом Доримий алоҳида ўрин тутади. Унинг шоҳ асари бўлмиш “Сунан” нафақат нодир мерос, балки “Кутуби тисъа”, яъни “Тўққиз китоб” деб аталувчи энг ишончли ҳадислар тўпламидан бири сифатида ғоят қадрлидир.

Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуллоҳ Абу Муҳаммад Тамимий Доримий Самарқандий 181/797 йили Самарқандда таваллуд топган. Муҳаддиснинг бобоси Бани Тамим қабиласи мавлоси ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири бўлган Дорим ибн Молик ибн Ҳанзала ибн Зайд Манот ибн Тамимга боғлангани учун алломага Доримий нисбаси берилган.

“Cияр аъломин нубало”, “Табақотул ҳуффоз” ва “Аълом” асарларида Имом Доримий Мовароуннаҳрнинг энг йирик муҳаддисларидан бири сифатида эътироф этилган.

Ҳофизул ҳадис Абу Қурайш раҳматуллоҳи алайҳи муҳаддис ҳақида бундай дейди: “Мен Муҳаммад ибн Башшорнинг: “Дунёда тўртта буюк ҳофиз (жуда кўп ҳадис ёд олган муҳаддислар) бор. Биринчиси – Абу Зуръа, иккинчиси – нишопурлик Имом Муслим, учинчиси – самарқандлик Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий, тўртинчиси – бухоролик Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий”, деганини эшитганман”.

Муҳаммад ибн Иброҳим Шерозий айтади: “Ибн Абдураҳмон Доримий ақл-идрокда, дину диёнатда етук киши эди. У зотнинг ҳадис ва турли дарсларни ёдлашдаги қуввайи ҳофизаси, ҳалимлиги, комил мўминга хос ибодати, зоҳидлиги ва ҳадис илми соҳибига хос зийрак-билимдонлиги зарбулмасал қилингандир”. Яна шу ровий: “Имом Доримийнинг ҳадис, тафсир, фиқҳга оид ва бошқа илмий ишлари Самарқандда пайтларидаёқ маълум ва машҳур эди. Сўнг Хуросонда, ундан кейин Шом, Ироқ, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара ва Мисрдаги уламолар ҳузурларида бўлиб, ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларини ўрганган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига қўшилган ёлғонлардан қўриқловчилар қаторида бўлиб, буюк муҳаддис, комил муфассир ва фақиҳ олим эди”, деб айтади.

Бандорнинг зикр қилишича: “Дунёнинг ҳофизлари тўрт киши: Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож Найсобурий, Абу Зуръа Розий ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий Самарқандийдир”.

Имом Доримий ҳаёти давомида бир неча асарлар ёзган бўлиб, илмий-маънавий меросини “Муснад”, “Тафсир”, “Жомиъ”, “Сулосиёт фил ҳадис”, “Китоб сунна фил ҳадис” ва “Китоб савмул мустаҳазот вал мутахаййирот” каби асарлари ташкил қилади. Алломанинг энг машҳур асари “Муснад” (луғавий маъноси – “Таянч” ёки “Санадли ҳадислар тўплами”) бўлиб, “Сунани Доримий” номи билан машҳур.

Имом Доримий 255/869 йили 75 ёшида вафот этган.

Буюк аждодимизнинг маънавий меросини оммабоп, халқчил тарзда етказиш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан “Сунани Доримий” асари асосида “Сунани Доримий”даги дурдона ҳадислар” номли рисола тайёрланди. Унда юздан ортиқ нодир ҳадислар жамланган.

Имом Доримийнинг энг машҳур китобларидан бири “Сунани Доримий” бўлиб, уни Доримий асарларининг дурдонаси, жавоҳири, деб аташади. “Сунани Доримий” олти саҳиҳнинг бири деб ҳам юритилади[1].

Абул Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Мақдисий (448/1056-508/1114) “Атрофул кутубис ситта” номли китобида Имом ибн Можанинг “Сунан”идаги ҳадислар беш “Саҳиҳ”дагилардан 1339 тага зиёдалигини ҳисобга олиб, Имом ибн Можани олтинчи ўринга қўйган. Кейинги баъзи уламолар ҳам шунга эргашган. Лекин Шайх Салоҳиддин Аълоий: “Имом Доримийнинг “Муснад”ини Ибн Можа “Сунани” ўрнига қўйилса, энг маъқул иш бўлур эди”, айтади. Шайх Абулҳақ Деҳлавий (1551-1642) шу фикрни ҳужжат билан исботлаб: “Баъзи уламолар фикр юритиб, Имом Доримийнинг “Сунани” олтинчи саҳиҳ китоб бўлиши афзалроқдир. Чунки бундаги ривоятлар санадида заиф кишилар озлиги, инкор қилинган сўзлар камёблиги, санадларнинг юқорилиги ва ҳатто сулосий (санади уч ровийли) ҳадислари Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”идагилардан кўпроқ эканини айтишади”, деб таъкидлайди.

Имом Доримийнинг “Муснади” мусулмон кишининг шахсий ва ижтимоий ҳаётида учрайдиган деярли барча ҳолат (масала)ларни ўз ичига олган кенг қамровли асардир. Китоб фиқҳий бобларга бўлиб ёзилгани, турли (марфуъ, мавқуф, мақтуъ) ҳадислар мавжудлигини эътиборга олиб, уни “Сунан” деб аташ тарафдори бўлган уламолар кўпчиликни ташкил этади. Шундай бўлса-да, асарга берилган барча номлар ҳақли равишда унинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб қўйилганини таъкидлаш керак.

Имом Доримийнинг “Сунан”ида Қуръони каримнинг 51 сурасидаги баъзи оятлар ҳадислар орқали шарҳлангани алломанинг етук муфассир ҳам бўлганидан далолат беради.

“Сунани Доримий” икки жилддан иборат бўлиб, биринчисида арабларнинг исломдан аввалги баъзи одатлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ҳадисларнинг ёзилиш даври ва илм фазилати ҳақида сўз юритилган муқаддима, кейин ибодат, таҳорат, намоз, закот китоблари келтирилган. Иккинчи жилди рўза, ибодат, қурбонлик, ов, егуликлар, ичимликлар, тушлар, никоҳ, талоқ, жазолар, ваъдалар ва қасамлар, хун, жиҳод, савдо, изн сўраш, нозик масалалар, мерос ҳуқуқи, васиятлар, Қуръон фазилатлари ҳақидаги китобларга бўлинган.

Имом Доримийнинг “Сунани” бобларига ном бериш, баҳс-мунозарали ҳадислар бўйича изоҳ ёзиш ва ўз фикрларини қайд этиш усули, шунингдек, бошқа саҳиҳ тўпламларда учрамайдиган ҳадислар ривоят қилингани, ровийлар силсиласининг қисқалиги билан алоҳида ажралиб туради. Яна бир эътиборга молик жиҳати, унда ўн бешга яқин сулосий ҳадис мавжудлигидир.

“Сунани Доримий” асари 3558 ҳадисни ўз ичига олган бўлиб, жами 23 китоб, 1374 бобдан[2] ташкил топган. Шундан ўн бештасининг ровийлар силсиласи уч санадлидир. Уч ровий қатнашган ҳадислар “сулосиёт” деб аталади.

“Сулосиёти Доримий”нинг қўлёзма нусхалари:

  • Мадина шаҳридаги Ориф Ҳикмат кутубхона фондида 44 рақам остида сақланади. Ўлчами 14х23 см бўлиб, 62 саҳифадан иборат. Бу нусхага Имом Бухорий (22 та), Имом Термизий (1 та), Абдулҳамид Кеший (51 та), Имом Ибн Можа (5 та) ва Имом Доримийнинг (15 та) сулосиётлари киритилган.

Кейинги даврда алломанинг “Сунан”ида келтирилган уч санадли ҳадислар алоҳида олиниб, Бухорий, Термизий, Кеший, Ибн Можа, Табароний каби муҳаддисларнинг “Сулосиёт”лари билан бирга Афиф Муҳаммад ибн Нуриддин Ийжий томонидан тўпланган. Ушбу қўлёзма асосида 1405/1985 йил 1 рамазон / 20 майда Али Ризо Абдуллоҳ ва Аҳмад Барза томонидан таҳқиқ қилинган[3].

  • Яман кутубхонасида 1251 рақам остида сақланаётган “Мажмуа” таркибига Имом Доримий (4б-6б варақлар, 14 та[4]), Имом Бухорий (12а-15б варақлар, 22 та), Абд ибн Ҳумайд Кеший (16а-23б варақлар, 51 та), Аҳмад ибн Ҳанбал (24а-52а варақлар, 214 та) сулосиётлари киритилган. “Мажмуа” 52 варақ бўлиб, ҳар бир саҳифаси 19 сатрдан иборат. Матнда муаллиф номлари, “ахбарано”, “ҳаддасано” каби сўзлар қизил сиёҳда берилган. Кўчирилган йили ва хаттоти кўрсатилмаган.
  • Зоҳирия кутубхонасида 3787 рақам остида сақланаётган “Мажмуа” таркибига Имом Доримий (20б-27а варақ) “Сулосиёти” ҳам киритилган.
  • Туркиянинг Нури Усмония кутубхонасида 750 рақам остида сақланаётган “Мажмуа” таркибига Имом Бухорий (1б-7а варақлар, 22 та), Имом Термизий (7а-8б варақлар, 1 та), Имом Доримий (8б-11а варақлар, 15 та), Имом ибн Можа (11б-12б варақлар, 5 та), Абд ибн Ҳумайд Кеший (16а-23б варақлар, 51 та) сулосиётлари киритилган. Шунингдек, “Шамоили набавия (Имом Термизий)”, “Арбаъин ҳадис Имом Нававий”, “Шамоили набавия (Нури Ийжий)”, “Мавлуди шариф” асарлари ҳам ўрин олган.

“Мажмуа” 220 варақдан иборат бўлиб, ҳар бир саҳифаси 15 сатрдан иборат. Матнда қора сиёҳдан ташқари, тилло ранг ҳам ишлатилган. Қўлёзманинг боши ва баъзи сарварақлари чиройли нақшлар билан безатилган. Хаттоти ва кўчирилган йили номаълум. Қўлёзманинг бошида 1099/1688 йил санаси кўрсатилган бўлса-да, бу айнан ана ўша йили кўчирилган деган хулосани бермайди.

Имом Доримийнинг “Сулосиёт” ҳадисларидан 7 таси – Язид ибн Ҳорундан ривоят қилинган. Шундан Язид ибн Ҳорун → Ҳумайд → Анас ибн Моликдан 6 та, Язид ибн Ҳорун → Осимдан → Абдуллоҳ ибн Саржисдан 1 та ҳадис келтирилган.

Абу Осимдан 4 та ҳадис ривоят қилинган. Шундан Абу Осим → Язид ибн Абу Убайд → Салама ибн Акваъдан 1 та, Абу Осим, Муаммал ва Абу Нуъайм → Айман ибн Нобил →Қудома ибн Абдуллоҳ ибн Аммор Килобийдан 1 та, Абу Осим → Усмон ибн Саъд → Анас ибн Моликдан 1 та, Абу Осим → Абдуллоҳ ибн Убайд → Анасдан 1 та ҳадис;

Жаъфар ибн Авндан 2 та ҳадис ривоят қилинган. Шундан Жаъфар ибн Авн → Яҳё ибн Саид → Анасдан 1 та; Жаъфар ибн Авн → Исмоил ибн Абу Холид → Ибн Абу Авфодан 1 та;

Абу Нуъайм → Мусъаб ибн Сулайм → Анас ибн Моликдан 1 та;

Абу Муғийра → Сафвон → Айфаъ ибн Абдулкалоийдан 1 та ҳадис санадлари билан ривоят қилинган.

 Келгусида “Сулосиёти Доримий” асарини таржима қилишда асарнинг юқорида келтирилган учта қўлёзма нусхаси ва таҳқиқлардан фойдаланилса мақсадга мувофиқ бўлади.

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 1-жузъ. –Т.: Шарқ, 2008.
[2] Имом Доримий. Сунани Доримий. // Таҳқиқчилар: Фавоз Аҳмад Зумарий ва Холид Сабъа Аъламий. II жилд. – Карачи: Оромбоғ қадимий кутубхонаси, 1407/1987.
[3] Таҳқиқчилар Ориф Ҳикмат кутубхона фондида 311 рақамда сақланаётган қўлёзмадаги (ўлчами 13х18 см дан иборат, Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад) Табароний (3 та) сулосиётини ҳам киритган.
[4] Шу қўлёзмада Имом Доримийга тегишли 19 та сулосиёт келтирилган. Аммо 14 та ҳадис Имом Доримийга ва 5 та ҳадис Имом Можага тегишлидир.
Меҳрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори PhD

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …