Home / МАҚОЛАЛАР / ИНСОН ВАФОТИДАН СЎНГ САВОБ ЕТИБ ТУРАДИГАН АМАЛЛАР

ИНСОН ВАФОТИДАН СЎНГ САВОБ ЕТИБ ТУРАДИГАН АМАЛЛАР

Бир ҳадис шарҳи

 Ҳаёт инсонга туҳфа этилган энг катта неъмат ва имкониятдир. Шундай экан, ҳаётлик вақтида бу имкониятдан оқилона фойдаланиб умрининг охирига қадар хайрли амалларни кўп-кўп қилиши керак. У вафот этдими, энди унинг учун имкониятлар эшиги ёпилади. Лекин шундай амаллар ҳам борки, инсон вафотидан сўнг унинг савоби қиёматга қадар етиб туради.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этса, унинг амали тўхтайди, лекин уч нарсадан: манфаат олинадиган илм, садақаи жория ёки ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан давом этади”, дедилар”(Имом Муслим ривояти).  

Ушбу ҳадис улкан маънони ўз ичига қамраб олган бўлиб уни кенгроқ шарҳлаймиз.

  1. Фойдали илм.

Инсонни илм йўлини тутиши, имон ва эътиқод билан жамият учун фойдали китоблар ёзиши, шогирдлар етиштириши улкан саодатдир. Қолдирган фойдали илми туфайли вафот этганидан кейин ҳам унга савоб етиб туради.

  1. Садақаи жория.

Илм даргоҳлари барпо этиш, муҳтожларга уй-жой қуриб бериш, кўприклар бино қилиш, олис ҳудудларга сув чиқариб бериш улкан савобдир. Бу ишлар ҳам ислом таълимотида садақаи жория (савоби доим етиб турадиган хайрли амал) саналади. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлардир… Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”[1], дейди.

Калбий бу оят ҳақида “Улар қийинчилик ҳолатида ҳам, осонликда ҳам молларидан инфоқ-эҳсон қиладиганлардир”, деган.

  1. Ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд.

Неъматлар орасида энг улуғи, албатта, фарзанддир. Уни чиройли тарбия қилиб, ҳалол луқма едириш, касбли қилиб жамиятга қўшгунига қадар, ота-онадан катта сабр-матонат талаб этилади. Бу машаққатларга чидаб келган ёши улуғ ота-она энди ундан меҳр, яхшиликлар кутиб яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!”[2], дейди. Демак, уларга яхшилик қилиш, бемор бўлса даволатиш, кўнгилларига қараш фарзанднинг зиммасидаги бурчлардандир.  

Вақт-соати етиб ота-она вафот этса ҳам, уларнинг фарзанд зиммасида бир қанча ҳақлари бўлади:

  1. Аллоҳ таолодан уларни жаннатга киритишни сўраб дуо қилиш;
  2. Ҳаёти дунёда билиб-билмасдан қилган гуноҳларини кечиришини сўраб илтижо қилиш;
  3. Ортидан қолган яқин қариндош-уруғлари, ёр-биродарлари билан яқин муносабатда бўлиб, силаи раҳмни мустаҳкамлаш ҳам ота-онанинг руҳларини шод этади.

Демак, ким юқорида келтирилган ҳадисни ўрганиб, уни ҳаётга татбиқ этса, Яратганнинг иноятига эришиш бахтига муяссар бўлади.  Раббимиз ҳаммамизга доимо илм йўлида собит бўлиб, хайрли амалларда бардавомликни сақлашни ҳамда ота-оналаримизга хизмат қилиб, дуоларини олиб юришни насиб айласин!

[1] Оли Имрон сураси, 134-оят.
[2] Нисо сураси, 36-оят.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …