Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Тўртинчи дарс. Ота-онанинг ҳақлари

Эй ўғлим! Қанчалик ота-онанг хизматида бўлиб машаққат чексанг-да, уларнинг сенда ҳақлари жуда кўплигини доим ёдингда тут.

﴿فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا﴾ ﴿وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا﴾

(Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”[1]

Эй ўғлим! Гўдаклик чоғингни тасаввур қилиб кўр. Ота-онанг сенга меҳр-шафқат кўрсатди. Улар кечаю кундуз соғлиғинг, емоқ-ичмоғинг учун қайғуриб, доим эътиборда тутди. Шундай қилиб, улғайгунингча сени тарбия қилишда улар қанчалик сабр-бардошли бўлганини яхши билиб олгин.

Эй ўғлим! Аллоҳ таоло сенга тўғри йўлни кўрсатган ушбу дамларда отангнинг соясида юрибсан. Зеро у кучи етгунича сенинг таъминотингни бериб турибди, бисотидаги бирон нарсани сендан қизғангани йўқ. Ота-онанг бўлмаганида сен бу ерда, яъни талабалар орасида бўлмасдинг.

Эй ўғлим! Ҳар бир инсон қадри баланд, обрўли, Аллоҳнинг ва одамларнинг олдида суюкли бўлишни хуш кўради. Мақоми барчадан юксак бўлишини орзу қилади. Фақат отагина, ўзидан кўра фарзандининг ўрни баландроқ, юксакроқ ва обрўли бўлишини хоҳлайди. Модомики шундай экан, ўзидан сени олдинга қўядиган ва сенга кўпроқ нарса тилайдиган кишига муомаланг қандай бўлиши керак?!

Эй ўғлим! Ота-онангга аччиқ қилишдан ўта эҳтиёт бўл. Зеро, Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидандир. Аллоҳ кимга ғазаб қилса, ўша банда дунё ва охиратда зиён кўрибди.

Эй ўғлим! Ота-онангга итоат қил. Бирон ишда уларга қарши борма. Фақат Раббингнинг маъсиятидагина уларга итоат қилиш йўқ. Чунки ҳадисда: “Холиққа маъсият қилишда махлуққа итоат қилиш йўқ”[2], дейилган. Аллоҳ таоло:

﴿وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ﴾﴿وَإِنْ جَاهَدَاكَ عَلى أَنْ تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ﴾

“Биз инсонга ота-онасини (рози  қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга  буюрдикки) Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни, қиёмат кунида) қайтиш Менинг ҳузуримгадир, бас, сизларга (ўшанда) қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман”[3], деган.

 Эй ўғлим! Сени ҳаммадан яхши кўрувчи инсон­­ – бу сенинг тарбиянг билан ёшлигингдан шуғулланган отангдир. У сени ўқитиш учун тўғри йўлга солди. Натижада сен манфаатли илмлар толибига айландинг. Унинг насиҳатларини жон қулоғинг билан тингла! У сен учун фойдали ва зарарли нарсаларни сендан кўра яхшироқ билгувчироқдир. Аллоҳнинг Ўзи сени тўғри ва манфаатли йўлга бошласин!

[1] Исро сураси, 33-оят.
[2] Имом Аҳмад ривояти
[3] Луқмон сураси, 14-15-оятлар.
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …