Home / МАҚОЛА / ФАҲШ ИШНИ ТАРК ҚИЛГАН КИШИНИНГ ФАЗИЛАТИ

ФАҲШ ИШНИ ТАРК ҚИЛГАН КИШИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Ҳозирги кунда дунёдаги кўплаб мамлакатлар қатори, мусулмон ўлкаларида ҳам фаҳш ишлар кучайиб, кенг ёйилиб бормоқда. Унинг олдини олиш эса долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.

Ислом дини бундай шайтоний иллатлардан қаттиқ қайтаради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ وَمَنْ يَتَّبِعْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ فَإِنَّهُ يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ

“Эй имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур”[1], дейди.

Қосим ибн Валид Ҳамадонийдан ривоят қилинади: “Қатодадан Аллоҳ таолонинг وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ﴿ “Шайтоннинг изидан эргашмангиз!”[2] ояти ҳақида сўрадим. У: “Аллоҳга бўлган ҳар қандай маъсият шайтоннинг изларидан биридир”, деди”.

Ибн Касир “Шайтоннинг излари” ояти тафсирида бундай дейди: “Яъни у унинг йўл, маслак ва буюрган ишларидир. Ким шайтоннинг изидан эргашса, албатта, у бузуқлик ва мункарга буюрур. Бу (оят) энг фасоҳатли, етук, ожиз қолдирувчи ва энг чиройли сўзлар билан қўрқитиш ва огоҳлантиришдир. Али ибн Абу Толҳа Абуддлоҳ ибн Аббосдан ривоят қиладики, шайтоннинг излари – унинг амалидир. Икрима: “Унинг фитнасидир”, деган. Қатода: “Ҳар қандай маъсият шайтоннинг изларидандир”, деган”.

Демак, фаҳш, бузуқлик ва бошқа шу каби мункарга олиб келадиган барча ишлар шайтоннинг изларидир.

Одатда фаҳш ишлар бегона аёлга қараш ва уни синчиклаб кузатишдан бошланади. Бу тақиқланган. Сўнг унга шилқимлик қилишни қўшади, беҳаё сўзлар гапиради. Бу ҳам тақиқлангандир. Кейин тегишади, бу ҳам тақиқланган ва ҳоказо. Бу тақиқларнинг ҳар бири шайтоннинг излари бўлиб, зино, хусумат ва ёмон йўлга олиб борадиган фаҳш ишлардир.

Ислом эса бу каби иллатлардан қаттиқ қайтаради. Мусулмон инсон фаҳш ишларни тарк қилувчи киши Аллоҳнинг ҳузурида қандай даражада бўлишини билиши зарур Шунга қараб ўзининг ҳолига баҳо бериши ва ўзини ислоҳ қилишга ҳаракат қилиши лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузуридаги энг ёмон даражадаги одам унинг фаҳшидан ўзларини сақлаш учун одамлар уни қолдирган – ёки тарк қилган – кишидир”, дедилар”.

Яъни, фаҳш ишлари сабабли одамлар уни ўзларидан йироқлаштирган одам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам энг ёмон даражадаги инсон саналади. Аксинча, ўзини сақловчи ва пок тутувчи инсон Аллоҳнинг ҳузурида ҳам энг мартабали инсонлар қаторида бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Етти киши борки, Аллоҳ қиёмат кунида, Ўз соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда уларни Ўз соясига олади: одил раҳбар, Аллоҳнинг ибодатида улғайган йигит, хилватда Аллоҳни зикр қилиб, кўзидан ёш тўккан киши, қалби масжидга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган икки киши, обрўли ва гўзал аёл ўзига чорлаганда “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деган киши, ўнг қўли қилганини чап қўли билмайдиган даражада махфий садақа қилган киши”, дедилар (Саҳиҳул Бухорий, 6806-ҳадис).

Ҳадисдан маълум бўладики, агар фаҳш иш таклиф қилиниб, оғир ҳолатга тушиб қолган киши Аллоҳдан қўрқиб, сабр ва ирода билан у гуноҳни қилмаса, Аллоҳ қиёмат кунида, Ўз соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда уни Ўз соясига олади.

“Аллоҳнинг сояси” деган жумланинг маъноси ҳақида У Зот қиёмат куни мазкур бандалари учун махсус яратадиган соя, У Зотнинг ҳимоясида бўлиш, Аршнинг сояси ва жаннатнинг сояси деган фикрлар айтилган.

Ҳар бир инсон ўз ҳолидан бохабар бўлиши лозим. Агар нафси уни фаҳш ишларга чорласа, Аллоҳ таолонинг фазлини истаб сабр қилиши ва ўзини пок тутиши керак.

Саҳл ибн Саъд Соъидийдан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким менга икки жағи орасидагига ва икки оёғи орасидагига кафил бўлса, мен унинг учун жаннатга кафил бўламан”, дедилар (Саҳиҳул Бухорий, 6807-ҳадис).

Яъни, ким тили ва фаржини ғийбат, бўҳтон ва фаҳш ишлардан сақласа, Пайғамбаримизнинг шафоатларига, жаннатга кириши учун у зотнинг кафилликларига эга бўларкан.

[1] Нур сураси, 21-оят.
[2] Бақара сураси, 168-оят. Шайтоннинг изларидан эргашиш деганда, унинг инсон қалбига йўналтирган васвасаларига амал қилиш, деб тушуниш лозим.
Ушбу мақола Наввор ибн Шаллийнинг “Жамиятдаги иллатлар ва уларнинг ечимлари” китоби асосида тайёрланди.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мақола PDF форматда

Мақола Word форматда

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …