Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / БИТИКЛАРНИ ЎРГАНИШГА ЭҲТИЁЖ МАВЖУД

БИТИКЛАРНИ ЎРГАНИШГА ЭҲТИЁЖ МАВЖУД

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (OIC) Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директорининг ўринбосари Ченгиз Томер ва Бош директор маслаҳатчиси Аширбек Мўминов ташриф буюрди.

   

Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев меҳмонларни музей ва кутубхона фаолияти билан таништирди.

Ислом оламининг мазкур нуфузли ташкилоти билан 2019 йилда ўрнатилган ҳамкорлик асосида қатор қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилиб, халқаро миқёсдаги йирик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ташкилот раҳбарияти вакиллари Марказда амалга оширилаётган ғоят муҳим аҳамиятга эга илмий фаолият бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ташриф доирасида Марказ ва IRCICA ҳамкорлигида “Марказий Осиёда тасаввуф намояндаларига оид қабртошлардаги битиклар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Анжуманда Ченгиз Томер IRCICA томонидан айни пайтда амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида маълумот берди. Кенг қамровли тадбирлар сирасидан ўтган йили ноябрь ойида икки муассаса ҳамкорлигида ўтказилган “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” халқаро форумида тўпланган 70 дан зиёд материални нашр этиш, Самарқанддаги Хўжа Исҳоқ Вали ва Махдуми Аъзам зиёратгоҳларидаги қабртошлар битикларини тадқиқ қилиш ҳам ўрин олган. Таъкидланганидек, айни пайтда юқорида тилга олинган манзиллардаги 52 та қабртошдан 42 тасидаги битикларни ўрганиш ва тарихий қийматини белгилашга эҳтиёж мавжуд.

Аширбек Мўминов битикларни ўрганишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, тадқиқот натижалари билан ишлаш масалаларига тўхталди.

Давра суҳбатида, шунингдек, илмий муассасаларимиз ҳамкорлигида янги лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшма тадбирларни ташкил этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Тадбир якунида муассасалар томонидан нашр этилган адабиётлар алмашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …