Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / АЖДОДЛАР МЕРОСИДАН АВЛОДЛАР БАҲРА ОЛСИН

АЖДОДЛАР МЕРОСИДАН АВЛОДЛАР БАҲРА ОЛСИН

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб сафар қилаётган Америка Қўшма Штатлари, Сингапур, Туркия, Малайзия, Буюк Британия, Австралия, Бразилия, Нидерландия, Миср Араб Республикасининг ислом илмлари бўйича 20 дан ортиқ олимларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Испаниядаги Кордоба академияси асосчиси Шайх Муҳаммад Даниел раҳбарлик қилаётган делегацияни Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев кутиб олди.

Кордоба классик ислом фанлари академияси ислом илмларини ўргатиш бўйича дунёдаги нуфузли марказ бўлиб, илмни иснод орқали мерос қилиб олишнинг анъанавий усулларини замонавий технология ва ўқитиш услублари билан уйғунлаштирган. Нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритадиган академиянинг ўқув дастури Имом Бухорий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Имом Суютий қаламига мансуб дурдона асарлар матнларига асосланган.

Меҳмонлар дастлаб музей фаолияти билан танишди. Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий изланишлари ҳақида ҳикоя қилувчи суратлар, ноёб тарихий экспонатлар ва илмий манбалар уларда катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф доирасида Марказ ва Кордоба академияси билан ҳамкорликда “Мовароуннаҳр муҳаддисларининг ҳадис илми тараққиётидаги ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Делегация аъзолари ва Марказ илмий ходимлари иштирок этган тадбирда академия раҳбари Шайх Муҳаммад Даниел ҳамда таниқли ҳадисшунос олим Абдулвоҳид Маликнинг мавзу юзасидан фикрлари тингланди. Буюк аждодимиз, муҳаддислар султони – Имом Бухорий ҳазратлари қаламига мансуб шоҳ асар – “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар ўқилиб, шарҳланди.

Таъкидланганидек, ҳадис илми вужудга келган даврдан бошлаб муҳаддислар илм талабида ўзга юртларга сафар қила бошлагани Мовароуннаҳрда бу илмнинг тараққий этишида асосий омил бўлиб хизмат қилган. Илк ҳадис мактаблари яратилиб, ҳадисшуносликни ривожлантиришга ҳисса қўшган ўнлаб муҳаддис алломалар яшаб ўтган. Улар яратган мактаб Абдулҳамид Кеший, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Ҳафс Насафий каби улуғ муҳаддисларни етиштириб дунёга машҳур қилди.

Хорижлик олимлар бу буюк муҳаддис алломалар ҳар бирининг илмий меросини ўрганиш бўйича Марказ тадқиқотчилари олиб бораётган фаолиятга юқори баҳо берди ва аждодлар қолдирган бой маънавий хазинадан келгуси авлодни баҳраманд этишдаги юксак аҳамиятини эътироф этди.

Тадбирда меҳмонлар Марказ жамоасига самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилиб, юртимиз бўйлаб сафаридан олган улкан таассуротлари ўлароқ, диёримизнинг зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб этишга бош қўшишини билдирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий …