Home / МАҚОЛАЛАР / БИРОДАРЛИК – ИМОН КОМИЛЛИГИ

БИРОДАРЛИК – ИМОН КОМИЛЛИГИ

Ислом дини таълимотлари ва қонунлари инсонларнинг дунё ва охират саодатига эришиши учун Парвардигори билан алоқасини тўғрилашга қаратилган. Шу билан бирга, ислом одамларнинг бир-бири билан муносабатларини тартибга солувчи ҳукмларни жорий қилган, токи жамиятда биродарлик ва меҳр-оқибат устувор бўлсин. Бунга унинг ҳар бир аъзоси ўзининг шахсий фойдаси каби бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзласагина эришиш мумкин.

Жамият мустаҳкам ришталар ва ўзаро ҳамкорлик билан барпо этилади. Шу мақсадда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини ҳамжиҳатлик ва фидойилик тамойилларига амал қилишга чақирган.

عَنْ أَنَسٍ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ» .

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадисдаги “мўмин бўла олмайди” жумласи имоннинг аслини эмас, унинг комиллигини инкор қилади. Чунки Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Банда ўзи яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўрмагунича имон ҳақиқатига эриша олмайди”, деганлар.

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ: “Банда ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўрмагунича имон ҳақиқатига эриша олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмаган кишига имонни инкор этганларки, бу имоннинг хислатларидан бири эканидан далолатдир. Инсон ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам илинса, ҳасад, ёмонлик, ёлғон ва нафратдан холи бўлади”, деган.

Ушбу ҳадис қалбда имонни мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бири инсоннинг ўзи учун яхши кўрган нарсаларини ўзгаларга ҳам илиниши, бошқаларга ҳам раво кўриши эканини кўрсатиб беради.

Тафаккур қилсак, имон комиллигига эришиш юксак ахлоқли бўлишни талаб қилади. Буни кишининг бошқалар билан чиройли муомаласида ва ўзгаларнинг ҳам худди шундай муносабатида кўрамиз. Бундай инсон одамларнинг озорига сабр қилади, уларнинг хатоларига эътибор бермайди, кечиримли бўлади. Шунингдек, биродарларининг қувончу қайғуларига шерик бўлади, касалларни зиёрат қилади, мискинларга ёрдам беради, етимларга ғамхўрлик қилади, эзгу ишларни қилишда очиқ юз, бағрикенглик ва соғлом қалб билан бор кучини ишга солади.

  Алишер Навоий ҳазратлари бу ҳадисни қуйидагича назмий баён қилади:

        Мўмин эрмастур, улки иймондин
        Рўзгорида юз сафо кўргай.
        Токи қардошиға раво кўрмас –
        Ҳар неким ўзига раво кўргай.

Мусулмон киши бошқаларнинг бу дунёда саодатманд бўлишини истаганидек, қиёматда ҳам бахтлилар қаторида туришини хоҳлайди. Шунинг учун одамларни ҳидоятга, тўғри йўлга бошлашга интилади. Қуйидаги ҳадисда шу маъно мужассам: “Ўзинг учун яхши кўрган нарсангни одамларга ҳам илин, шунда мусулмон бўласан” (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда бошқаларга яхшиликни илинишда гўзал намуна бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларга насиҳат қилишда, уларни дунё ва охират учун фойдали нарсаларга йўналтиришда ҳеч нарсани аямадилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Мадиналик ансорларни эслайлик, улар муҳожир диндошларига ери, уйи, мол-дунёсининг ярмини берди, ташлаб қўймади. Улар мисли кўрилмаган саховат даражасини намоён қилди.

Ҳадисга амал қилган киши ўзига раво кўрмаган нарсани биродари учун ҳам истамаслиги лозим. Шунинг учун одамлар унга қай тарзда муомала қилишини хоҳласа, ўзи ҳам шундай муносабат кўрсатиши, инсонларда кўришни истамаган жиҳатларни ўзи ҳам намоён қилмаслиги керак.

Бу улуғ ҳадисга амал қилишнинг самараларидан бири шундаки, жамиятда соғлом муҳит янада барқарорлашади, ҳамюртлар меҳр-муҳаббат ришталаридан баҳраманд бўлиб, бағрикенглик кучаяди, тинчлик-тотувлик мустаҳкамланади.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …