Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Учинчи дарс. Аллоҳ таоло ва Расулининг ҳақлари.

Эй ўғлим! Аллоҳ таоло сени яратди, пайдо қилди. Ўзининг зоҳирий ва ботиний[1] неъматларини сенга мукаммал қилиб берди. Аввалида сен онанг қорнида нутфа эдинг. Унда сен Раббингнинг ҳифзида бўлиб, Унинг раҳмати ила туғилдинг ва комил инсонга айландинг. У сенга сўзловчи тил, кўрувчи кўз, эшитувчи қулоқ, фойда ва зарарни тушунадиган ақл берди.

 ﴿وَاللَّهُ أَخْرَجَكُمْ مِنْ بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ لَا تَعْلَمُونَ شَيْئًا وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَالْأَفْئِدَةَ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ﴾  

“Аллоҳ сизларни оналарингиз қоринларидан бирор нарсани билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва қалбларни берди”[2]. Ўз фазли ва эҳсони билан бу неъматларни берган Зот сендан ғазаблангудек бўлса, уларни қайтариб тортиб олишга қодир эмасми?!

Эй ўғлим! Зиммангдаги илк вазифанг Холиқингни комил сифатлари билан танишинг, Унинг буйруқларига бўйинсуниб, қайтариқларини унутмасдан, итоатли бўлишда кучли интилишингдир. Сен учун ўзинг танлаганинг эмас балки Аллоҳ таоло ихтиёр этган иш яхши эканига қатъий ишонишинг лозим. Беҳуда ишлар ёки қайсидир инсоннинг итоатида бўлиш сени Раббингга ибодат ва итоат қилишдан тўсиб қўймасин.

Эй ўғлим! Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибонлик қилиб расулларни юборди. Улар инсонларга тўғри йўлни кўрсатувчи ҳамда диний ва дунёвий ишларни тўғирлашда йўлбошчи эдилар. Уларнинг энг охиргиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Сени яратган Аллоҳ таолога итоат қилиш билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам итоат қилишинг фарз бўлади.

 ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ﴾ 

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”[3].

 ﴿وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ وَمَنْ يَتَوَلَّ يُعَذِّبْهُ عَذَابًا أَلِيمًا﴾

“Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, (У) уни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритур. Кимки юз ўгириб кетса, уни аламли азоб билан азоблагай”[4].

Эй ўғлим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беҳуда сўз сўзламас, ҳар бир буйруқ ва қайтариқлари илоҳий ваҳийга суянган эди. У кишига итоат қилиш Аллоҳ таолога итоат қилиш демак.

﴿قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ﴾

“Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”[5].

Эй ўғлим! Банданинг имони то Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқасидан кўра маҳбуброқ бўлмаса комил бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч бирингиз, мен унга отасидан ҳам, фарзандидан ҳам, барча инсонлардан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча комил мўмин бўлолмайди” [6], дедилар.

[1] Кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган неъматлар
[2] Наҳл сураси, 78-оят.
[3] Нисо сураси, 59-оят
[4] Фатҳ сураси, 17-оят
[5] Оли имрон сураси, 31-оят
[6] Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган.
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …