Home / МАҚОЛАЛАР / КИШИНИ ЎЗИГА ЯҚИН ОЛМОҚ ҲАРГИЗ УНИ УРМОҚНИ АНГЛАТМАЙДИ!

КИШИНИ ЎЗИГА ЯҚИН ОЛМОҚ ҲАРГИЗ УНИ УРМОҚНИ АНГЛАТМАЙДИ!

(Бир ҳадис шарҳи)

“Саҳиҳи Муслим”да Оиша розияллоҳу анҳонинг: “Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга оғритадиган қилиб туртиб қўйдилар”, деган сўзлари келган. Исломга ғарази бўлган баъзи кимсалар ушбу ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таъна қилиш учун ишлатади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор кишига қўл кўтармаганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишани урган деб даъво қилишдан олдин ушбу воқеани батафсил ўрганиб чиқиш лозим.

Воқеа бундай бўлган.     

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимда тунайдиган кечаси келиб, ридо ва оёқ кийимларини ечиб, оёқ томонга қўйдилар, тўшакка чалқанча ётдилар. Озгина вақт ўтганидан кейин мени ухлаб қолди, деб ўйладилар. Секингина ридосини олиб, оёқ кийимларини кийдилар ва эшикни очиб, ташқарига чиқдилар. Сўнгра эшикни секингина ёптилар. Шунда ёпинчиғимни олиб, орқаларидан чиқдим. Бақиъ қабристонига келиб тўхтадилар. Бу ерда узоқ туриб қолдилар. Сўнгра қўлларини кўтариб, уч марта дуо қилдилар. Сўнг қайтдилар, мен ҳам қайтдим. Шошиб юрсалар, мен ҳам шошиб юрдим. Секинлашсалар, мен ҳам секинлашдим. Югурсалар, мен ҳам югурдим. У кишидан олдин етиб келиб, уйга кириб олдим.

Энди ётганимда, у киши кириб келиб: “Эй Оиша, сенга нима бўлди, нима учун ҳансираяпсан?” дедилар. “Ҳеч нарса бўлгани йўқ”, дедим. “Менга ўзинг айтиб берасан ёки Аллоҳ таоло хабар беради”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин!” деб, бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. “Олдимда кўринган шарпа сенмидинг?” дедилар. “Ҳа”, дедим.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга оғритадиган қилиб туртиб қўйдилар. Сўнгра: “Аллоҳ ва Расули сенга зулм қилади, деб уйлайсанми?” дедилар. “Ҳа”, дедим.

У зот: “Жаброил алайҳиссалом олдимга келиб, мени чақирди. Мен олдига чиқдим. Ётганинг учун олдингга кирмади. Сени ухлаб қолгансан деб уйлабман. Уйғотишни хоҳламадим. Ўзингни ёлғиз ҳис қилиб хавотирланишингдан қўрқдим. Шунда у (Жаброил): “Раббингиз сизга Бақиъ қабристонида ётганларнинг олдига бориб, улар учун истиғфор айтишингизни буюрди”, деб айтди”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, мен улар учун қандай истиғфор айтаман?” дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу диёрдаги мўмин ва мусулмонларга салом бўлсин! Аллоҳ биздан олдин ўтганларга ва кейин ўтадиганларга раҳм қилсин. Албатта, Аллоҳ хоҳласа, биз ҳам сизга қўшилувчимиз”, деб айтгин”, дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “فَلَهَدَنِي فِي صَدْرِي لَهْدَةً أَوْجَعَتْنِي” (Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга оғритадиган қилиб туртиб қўйдилар), деди.  

Араб тилидаги “لَهَدَ” сўзи “кўкракка туртиб қўйиш ёки уриб қўйиш” маъноларини билдиради. Лекин бу ҳаракат таълим бериш ёки ҳазиллашиш чоғларида қилинади (биздаги елка қоққан каби). Бу одамлар ҳаётида кўп учрайди. Бир киши дўстининг баъзи сўзларидан ажабланиб ёки ҳазиллашиб, унинг елкаси ёки кўксидан туртиб қўяди. Бирор киши буни азият бериш ёки хорлаш деб тушунмайди. Бу ҳаракат ўзига хос эркалаш, яқин олиш аломатидир.  

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша розияллоҳу анҳонинг ўртасидаги суҳбатнинг тинч ва хотиржам давом этиши бу туртиб қўйиш ҳам таълим ва танбеҳ учун бўлганидан далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вақтда уйдан чиқиб кетиш сабабини баён қилиб бериб, Оиша розияллоҳу анҳодан узр сўраб қўйганлар. Ғазабланган ва жон оғритиш учун урган киши ҳеч қачон узр сўрамайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узр сўраганларидан кейин бўлиб ўтган воқеани батафсил баён қилиб берганлар.

Агар бу туртиб қўйиш ҳақиқий уриш бўлганида Оиша розияллоҳу анҳо буни бирор кишига билдириши керак эди. Лекин ундай қилмади. Балки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатни давом эттиришга ва қабрларни зиёрат қилганда мустаҳаб бўлган дуолар ҳақида сўрашга шошилди.

Қисса соҳибаси Оиша розияллоҳу анҳонинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон қўллари билан бирор жонни урмаганлар, бирор аёлни ҳам, бирор хизматкорни ҳам”, деган сўзлари бу ҳақиқий уриш бўлмаганини билдиради.

Оиша розияллоҳу анҳо бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин хабар берган. Агар бу туртиб қўйиш ҳақиқий уриш бўлганида, Оиша розияллоҳу анҳо ўзининг “ҳеч қачон бирор аёлни урмаганлар”, деган гапини истисно қиларди. Лекин Оиша розияллоҳу анҳо бу таълим бериш учун бўлганини билган.

Буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғоят гўзал хулқ соҳиби бўлганларига яна бир далилдир.            

 АБДУВОСИ ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …