Бугунги кунда эл танимаган айрим кимсаларнинг ижтимоий тармоқларга чиқиб фатво бераётганини ва баъзилар уларнинг номига ҳатто “фақиҳ” сўзини қўшиб ишлатаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Ушбу мақоламизда фақиҳ сўзи ва унга боғлиқ маълумотларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари орқали ёритиб, эътиборингизга ҳавола қиламиз.
قال حميدُ بنُ عبدِ الرحمان: سمعتُ معاويةَ بنَ أبي سفيانَ رضي الله عنه يقول: سمعتُ النبىَّ صلى الله عليه وسلم يقولُ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ في الدِّينِ، وَإِنَّمَا أَنَا قَاسِم وَاللهُ يُعْطِي، وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الأُمَّةُ قَائِمَةً عَلَى أَمْرِ اللهِ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ»
71 – Ҳумайд ибн Абдураҳмон дедилар: Мен Муовия розияллоҳу анҳуни бундай деб айтаётганларини эшитдим: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ (дин олими) қилиб қўяди.Мен фақат (ўлжаларни) тақсимловчиман, уни берувчиси Аллоҳдир. Бу уммат Аллоҳнинг амри келгунча (яъни, қиёмат куни келгунча), уларга қарши чиқаётганларнинг зарари тегмай Аллоҳ таолонинг амрида (яъни, ҳақ динда) мудом собит бўлади”, деб айтаётганларини эшитдим. Имом Бухорий ривояти. (Олти саҳиҳ ҳадис тўпламлари муаллифлари бу ҳадиснинг саҳиҳлигида иттифоқдирлар).
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийни ёзадиган котиблари бўлган, Макка фатҳи куни тахминан 19 ёшида исломни қабул қилган. Халифа Умар ибн Хаттоб томонидан Шом ўлкасига волий (ҳоким) этиб тайинланган. Ҳижратнинг олтмишинчи йили Дамашқда, 78 ёшида вафот этган.
Ушбу ҳадиснинг аҳамияти:
Илм инсон ҳаётида энг муҳим неъматлардан бири бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омилларидан саналади. Аллоҳ таоло илмли бандаларини даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида:
﴿قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لا يَعْلَمُونَ﴾
“….Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”…”, дейди[1].
Илмнинг инсон ҳаётида нечоғлик катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳам маълум бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир эркагу аёл мўмин-мусулмонга фарздир”, деб бизларни илм сари интилишга буюрганлар.
Юқоридаги ҳадисда ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илмли бўлишга, хоссатан дин илмини чуқур ўрганишга чақирадилар. Инсон шаръий илм талабида бўлиб, Аллоҳ таолонинг динида етук илмга эга бўлиши ёки талаби илм йўлини ихтиёр этиши ҳам унга берилган илоҳий иноят ҳисобланади. Кимга дин илми, шариат илмидан берилган бўлса, Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг ақидавий ва фиқҳий моҳиятини чуқур англайдиган фақиҳ бўлса, бу Аллоҳ таолонинг унга улуғ яхшилиги эканлигини маълум қилади. Бу Қуръони каримда ҳам ўз ифодасини топган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 269-оятида:
﴿يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ ۚ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ﴾
“У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар”[2] деб илм-маърифатнинг берилиши инсонга улкан илоҳий неъмат эканлигини баён қилади.
Аллоҳ таоло олимларнинг исмини муқаддас қилиб, халқлари орасидан Ўзи яхши кўрганларини бу мартаба билан неъматлади. Олимларни ҳидоятга бошлаб, улар сабабли бандалари орасидан ўзи яхши кўрган бандаларини ҳидоят билан зийнатлади. Олимларни бошқаларга нисбатан афзал қилиб, уларга илм ва ҳикматни ўргатди. Уларни динда фақиҳ (донишманд, билимдон) қилиб, диннинг таъвилотларини[3] қалбларига жойлади ва шу орқали Ўзининг ҳаниф динини қоим қилди. Олимларнинг даражасини илм билан кўтариб, ҳалимлик билан зийнатлади.Улар сабаб ҳалол ва ҳаром, ҳақ ва ботил, фойда ва зарарлар маълум бўлади. Олимлар бандаларнинг йўл кўрсатувчи чироқлари, бу умматнинг устунлари ва ҳикмат булоғидирлар. Бу ҳолат ҳар бир замон ва ҳар бир вақтда шундайдир.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг бу ҳадисларида: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (донишманд) қилиб қўяди,”[4] деб кишини ўз динида фақиҳлик даражасида илм соҳиби бўлиши унга берилган улкан яхшиликлардан бири эканлигини таъкидладилар.
Ҳадиснинг умумий маъноси:
“Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ (донишманд) қилиб қўяди”.
Дарҳақиқат, бу дин фаҳм ва илмнинг қоим туриши ила олий даражага эришди. Аллоҳ таоло халқлари орасида олимларнинг даражасини баланд қилди. Шунингдек, бошқа олимлардан динда фақиҳ бўлганларининг даражасини баланд қилди.
Фақиҳ – шариат ҳукмларини энг нозик жиҳатларигача тушунадиган, юксак малакага эга бўлган донишманд кишига айтилади. Шайх Жузжоний “фақиҳ” атамасига қуйидагича таъриф беради: “Фақиҳ”, яъни фиқҳ олими бўлмоқ учун фақатгина шариат ҳукмларини юзаки билиб, ёд олиш етарли эмас, балки ушбу ҳукмларнинг бутун сабаб ва ҳикматларини билмоқ ва шариат асосларини англамоқ зарурдир. Шунинг учун ҳам шариат ҳукмларини содда услубда билган киши олим дейилса ҳам, фақиҳ дейилмайди. Фиқҳшунос олимларнинг таъкидлашича, илм ва фиқҳ орасида ҳар ким ҳам англай олмайдиган фарқ бор. Яъни илм умумий маънода, фиқҳ эса хос маънода ишлатилади. Шу сабабли ҳар бир фақиҳ олим бўлади, аммо ҳар бир олим фақиҳ эмасдир”[5].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг ҳадиси шарифларида кимга шариат илми берилган бўлса, Аллоҳ таолонинг яхши кўрган бандалари эканлигини, фақиҳлар ҳам ўзларига берилган буюк неъмат – шариат илмининг қадрига етиш лозим эканлигига ишора қилдилар. Зеро, бу илм ҳаммага ҳам берилавермайди, аксинча, Аллоҳ таоло уни жамият орасидан бунга салоҳияти бор кишиларгагина муяссар кўради. Ушбу ҳадиснинг замирида иккинчи ботиний маъно ҳам мавжуд. Яъни ким динда шариат аҳкомларини бажариш учун ўзига етарли илмни олмаган бўлса-ю, яна уламоларга яқин бўлишга ҳам интилмаса, демак Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилмабди. Чунки инсон шариат илми билан дунё ва охират саодатига етади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳадисларида дин илмини ўрганган ҳар бир киши фақиҳ бўлавермаслигини, аксинча дин илмини юзаки ўрганган сохта ва фитначи фақиҳлар ҳам борлигини айтиб, улардан эҳтиёт бўлишга чақирганлар:
Ибн Можадан ривоят қилинган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилади:
255- عن ابن عباس، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «إن أناسا من أمتي سيتفقهون في الدين، ويقرءون القرآن، ويقولون: نأتي الأمراء فنصيب من دنياهم، ونعتزلهم بديننا. ولا يكون ذلك! كما لا يجتنى من القتاد إلا الشوك، كذلك لا يجتنى من قربهم إلا » قال: محمد بن الصباح، كأنه يعني «الخطايا»
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг умматимдан бир тоифа одамлар пайдо бўлади. Улар дин илмини жуда тез (юзаки) эгаллайдилар ва Қуръон ҳам ўқийдилар. Улар: Бошлиқларимизга бориб уларнинг молу давлатларини тортиб оламиз ва ўзларини динимиздан четлатамиз (яъни кофир деб эълон қиламиз), деб айтадилар. Бундай қилиш мумкин эмас! Қатода (алоэ гулдан) тикандан бошқа нарса ҳосил қилиб олинмаганидек, уларга яқин бўлишдан хатолардан бошқа нарса олинмайди,” дедилар.
Ҳадис матнига эътибор қиладиган бўлсак, бу ерда дин илмини жуда тез, яъни юзаки эгаллайдиган “фақиҳлар” пайдо бўлишидан огоҳ этилмоқда ва уларга эргашиш у ёқда турсин, ҳатто яқинига бормаслик буюрилмоқда.
Бугунги кунда мусулмонлар дуч келаётган фитналарнинг энг зарарлиси ва хатарлиси Ислом динининг асосий манбаси бўлган Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз ҳадисларини дин илмини юзаки ўрганган чаласавод “фақиҳлар” томонидан нотўғри талқин этилмоғи ҳисобланади. Чунки айрим одамлар уларни фақиҳ санаб айтган сўзларини қабул қилишади.
Ҳадисда таърифланганидек, динимиз ва ақидамиз борасида етарли илмга эга бўлган, Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрган уламоларимизга яқин бўлишимиз, уларнинг кўрсатмаларига амал қилишимиз энг мақбул ва тўғри йўл ҳисобланади. Соф исломий эътиқод ва тушунчаларни нотўғри талқин қилаётган ва мусулмонлар орасида фитна қўзғашга интилаётган фитначи “фақиҳ”ларнинг ёлғонларига алданиб қолмаслигимиз зарур.
“мен фақат (ўлжаларни) тақсимловчиман, уни берувчиси Аллоҳдир”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жанглардан тушган ўлжаларни саҳобаларга тақсимлаб берар эдилар. Уларнинг баъзиларига тақозосига кўра кўпроқ ўлжадан берар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишларининг ҳикматига тушунмаган саҳобалардан баъзилари бунга эътироз билдирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: Бу ўлжаларни берувчиси Аллоҳ, мен фақат уларни Аллоҳ таоло буюрганидек Аллоҳни берганини тақсимлаб берувчиман, холос. Ваҳийда нима буюрилса, мен ўшани бажарувчиман. Буни фақат шариат илми берилган кимсаларгина англаб етадилар, деган маънода юқоридаги ҳадисни айтдилар.
“Бу уммат Аллоҳнинг амри келгунча (яъни, қиёмат куни келгунча), уларга қарши чиқаётганларнинг зарари тегмай Аллоҳ таолонинг амрида (яъни, ҳақ динда) мудом собит бўлади”
Имом Бухорий ҳазратлари: Расулуллоҳнинг “Бу уммат” деган сўзларидан мурод “илм аҳли” назарда тутилган, дейдилар. Имом Нававий “Бу уммат” сўзидан мурод, мўминларнинг бир тоифасидирки, улар орасида фақиҳлар ҳам, муҳаддислар ҳам бор, дейдилар.
“Аллоҳнинг амри (иши) келгунча”
Ҳадисдаги бу сўзнинг маъносини уламоларимиз “Бу уммат ичидаги бир тоифа, яъни уламолар то қиёматга яқин вақтгача Аллоҳ таолонинг ҳақ дини бўлган Ислом динини қоим қилиш ва динни турли фитначилардан ҳимоя қилишда мудом бўладилар”, деб тафсир қилишган. Чунки қиёмат қоим бўладиган вақтда бошқа ҳадисларда хабар берилганидек, ер юзида бирорта тирик мўмин киши бўлмайди.
“уларга қарши чиқаётганларнинг зарари уларга тегмайди”, яъни мусулмонларга қарши турли фитналар ва урушларни келтириб чиқараётганлар мусулмонларни ҳақ дин – Исломдан адаштира олмайдилар, мусулмонларнинг соф эътиқодларига зарар етказолмайдилар.
Шунингдек, ушбу Ҳадиси шарифдан яна қуйидаги фойдаларни хулоса қилишимиз мумкин.
- Фақиҳлар Аллоҳ таолонинг яхши кўрган бандалари эканлиги.
- Фақиҳ кишини ҳурмат қилиш, уни дин аҳкомлари тўғрисидаги сўзларига амал қилиш кераклиги.
- Уламоларнинг бошқа одамларга нисбатан фазилатли эканлиги.
- Динда фақиҳ бўлган олимни бошқа олимлардан фазилатли эканлиги.
- Динда фақиҳ бўлмаган, исломнинг моҳияти ва қонун-қоидаларини билмаган киши дин илмига оид масалаларни уламолар тан олган фақиҳдан сўраб билмоғи зарурлигини.
- Бандаларнинг ризқини берувчи зот Аллоҳ таоло эканлиги.
- Мусулмонлар агар соф эътиқодларидан адашмай, сохта фақиҳлар алдовига тушиб қолмай динларига амал қилсалар, уларга қарши бўлганларнинг ҳеч бири зарар беролмаслигини ушбу ҳадисдан англаб етамиз.