Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ХАЛҚАРО ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ МАРКАЗДА МЕҲМОН БЎЛДИ

ХАЛҚАРО ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ МАРКАЗДА МЕҲМОН БЎЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Имом Мотуридийнинг илмий мероси бўйича мисрлик тадқиқотчилар ўртасида ўтказилган халқаро танлов ғолиблари – Ал-Азҳар университети “Усулуд дин” кафедраси мудири др. Аввод Маҳмуд Салим, мазкур кафедра ўқитувчилари Муҳаммад Абдулазиз Мишъол ва Амал Усмон ташриф буюрди.

Танловда биринчи уч ўринни эгаллаган ғолиблар учун мукофот тарзида Ўзбекистонга ташкил этилган 10 кунлик саёҳат доирасида юртимизга келган меҳмонларни директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев кутиб олди ва Марказ музейи билан яқиндан таништирди.

Ташриф давомида Ал-Азҳар тадқиқотчилари ва Марказ илмий ходимлари иштирокида “Самарқанд ақида мактабининг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Анжуманда Аввод Маҳмуд Салим мотуридийлик таълимотига доир фойдали маълумотлар билан ўртоқлашди.

Имом Абу Мансур Мотуридий шакллантирган бу мактабнинг қарашлари мўътадилликка асослангани, бу эса бугуннинг долзарб масалаларидан бири бўлган такфир тушунчасида ҳам ўз ифодасини топгани таъкидланди. Маълумки, аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра, гуноҳи кабирага қўл урган мўминлар кофирга чиқарилмайди.

Олим аҳли сунна вал жамоанинг икки буюк имоми – Абу Мансур Мотуридий ва Абу Ҳасан Ашъарий ўзининг ақидавий қарашларини салафи солиҳлардан олганини, улар ўзича ҳеч бир янгилик киритмаганини аниқ далиллар орқали тушунтириб ўтди.

Аввод Маҳмуд Салим илоҳиёт мавзусига тўхталиб, айримлар тавҳидни учга – рубубият, илоҳиёт ва исм-сифатлар тавҳидига бўлиб талқин қилиши илмий асосга эга эмаслигини айтди. Мотуридийлар ва ашъарийларнинг ғайб оламига тегишли масалалардан қабр азоби, сирот кўприги, жаннатда Аллоҳ таолонинг дийдорини кўриш масалалари бўйича қарашларини батафсил келтириб, бу икки мактаб ўртасидаги кичик ихтилофлар асл моҳиятга дахл қилмаслиги, улар фақат лафзда шундайлигини мисоллар орқали кўрсатиб берди.

Муҳаммад Абдулазиз Мишъал эса фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиши ҳақида сўзлади. Айримлар даъво қилаётгандек, бу бидъат эмаслиги, хусусан, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос каби айрим саҳобаларнинг ўз фиқҳий қарашлари – мазҳаби бўлганини эслатиб ўтди.

Амал Усмон мотуридийлик мазҳаби ўз қарашларини исботлашда Қуръони каримдан кейин албатта ҳадиси шарифларга асосланиши ҳақида сўз юритди. Бу мавзуда айнан Имом Бухорий қўним топган Самарқанд заминида, унинг номи билан аталган Марказда туриб сўз юритаётганидан мамнунлигини билдирди.

Умуман олганда, мисрлик олимлар Ўзбекистонда аждодлар, хусусан, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш юзасидан олиб борилаётган самарали ўзгаришларни юқори баҳолади. Келажакда яна шундай илмий анжуманлар ўтказишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканини таъкидлади.

Давра суҳбати қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Тадбир якунида меҳмонларга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўплами тақдим этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …