Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДА ЗИЁРАТ ТУРИЗМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДА ЗИЁРАТ ТУРИЗМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Самарқанд вилояти муқаддас зиёратгоҳларга бой ҳудудлардан биридир. Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк шахслар абадий қўним топган жойлар мустақиллик йилларида ободонлаштирилди. Бундай манзиллар одамлар зиёрат қиладиган жойларга айлантирилди. Вилоятдаги зиёратгоҳлар нафақат Ўзбекистон аҳолиси учун, балки ислом олами учун ҳам муқаддасдир. 2020 йилдаги маълумотларга кўра Самарқанд вилоятида 1851 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд. Улар орасида зиёрат қилиш мумкин бўлган объектлар кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли, Бибихоним ва Ҳазрати Хизр масжидлари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқалар муҳим аҳамиятга эга[1]. Бундай омиллар сўнгги йилларда Ўзбекистонда, хусусан, Самарқанд вилоятида зиёрат туризмини ривожлантириш ва уни жаҳонга олиб чиқиш учун асос бўлди.

Аммо шунга қарамасдан ушбу соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжуд бўлиб, уларни ўрганиш бу борада айрим таклиф ва тавсиялар бериш имконини беради. Шу сабабдан ушбу соҳада амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш долзарб илмий аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда 2017 йилдан зиёрат туризмини ривожлантириш ишлари бошланди. Жумладан, 2017 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”га қарори эълон қилинди. Ушбу қарор билан Ўзбекистонга саёҳат қилишни енгиллаштириш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 2018-2019 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди[2].

Ушбу дастурни амалга ошириш доирасида Самарқанд вилоятида бир қанча ишлар бажарилди. Хусусан, барча зиёратгоҳларда жамоат хавфсизлигини сақлаш мақсадида видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Сайёҳларнинг кириш чиқиш жараёнлари бевосита туроператорлар ва ички ишлар органлари иштирокида амалга оширилиши йўлга қўйилди. Бундай тадбирлар зиёратчиларга қулайлик яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бундан ташқари, зиёратчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида янги зиёрат йўналишлари очилди. Ушбу йўналишларга Ўзбекистон тарихи, Афросиёб, Ўлкашунослик музейлари, Пахтачи туманидаги Добусия шаҳристони, Пайариқ туманидаги Челак-Кўктепа тарихий ёдгорлиги, Махдуми Аъзам зиёратгоҳи ва бошқалар киритилди. Бу ўз навбатида вилоятга турист сифатида келувчилар сонининг ўсишида катта роль ўйнади[3].

2020 йилда вилоятда 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал масканда 120 дан ортиқ маданият ходими фаолият кўрсатди. Маданият ходимларининг меҳмонларни тарихий объектлар ҳақидаги маълумот билан таништириши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, туризм мавсумида ҳар куни юздан ортиқ меҳмонхоналар маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатди. Шаҳар маркази ва унга туташ ҳудудлардаги 30 дан зиёд ресторанда миллий, корейс, рус ва бошқа европа таомлари тайёрланиб, кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинди[4].     

Шу билан бирга, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган еттита уч-тўрт юлдузли меҳмонхона қурилиши бошланди. Нуробод тумани “Оқсой” қишлоғидаги Ҳазрати Довуд мажмуасига туташ ҳудудда эса 5 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди. Шунингдек, вилоятнинг тоғли ҳудудларида санаторий-соғломлаштириш марказлари қурилди. Бундай тадбирлар вилоятда зиёрат туризмини ривожлантириш ишларини янги поғонага олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Самарқанд вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ишлари ҳам олиб борилди. Шу мақсадда вилоят миқёсида пиёдалар йўлларини таъмирлаш, шаҳар атрофи ва ичкарисида велосипед йўлакларини қуриш, 30 та янги маданий мерос объектини сайёҳлик йўналишларига киритиш каби вазифалар белгилаб олинди[5].

Ўзбекистонда зиёрат туризмининг муҳим объектларидан бири ҳисобланган Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуида ҳам Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижроси таъминланди. Жумладан, мажмуага туташ ҳудуддан 5,8 гектар ер майдони очилиб, илмий марказ ҳамда унинг қаршисида 3 та икки қаватли турар-жой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Aмалга оширилган шу ва бошқа тадбирлар натижасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, 2017 йилнинг 10 ойи давомида мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,2 млн кишини ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг шу даври мобайнида 4,4 млн нафарга етди[6]. Йил мобайнида эса 5 млн. 346 минг 219 кишини ташкил қилди[7].

Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича тадбирлар 2019 йилда ҳам давом эттирилди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий, Тойлоқ туманидаги Имом Доримий зиёратгоҳларини кенгайтириш ва обод қилиш, бу масканларда сайёҳлар учун зарур шарт-шароит яратиш чоралари кўрилди[8]. Амалга оширилган бундай тадбирлар Самарқанд вилоятининг зиёрат туризми имкониятларини кенгайтиришда катта роль ўйнади.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 5 январидан эътиборан Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний маънавий мероси ҳамда анъаналарини ўрганиш учун ташриф буюрувчи хорижий фуқароларга 2 ойгача муддатга зиёрат визаси жорий этилди[9]. Шу билан бирга, Зиёрат туризмини ривожлантириш ва уни дунё жамоатчилигига таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган илмий конференциялар ўтказилди. Жумладан, 2019 йилнинг 24-25 май кунлари Самарқанд шаҳрида Хитой, Россия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Туркия, Босния ва Герцеговина, Полша, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг етакчи олимлари, туризм соҳаси мутахассислари иштирокида «Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг ренессанси» мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтди[10].

Зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам йўлга қўйилди. Хусусан, 2023 йил феврал ойида Самарқанд вилоят делегацияси Индонезияга ташриф буюрди. Ташриф давомида мезбон давлат вакиллари билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди. Хусусан, Самарқандга тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Махдуми Аъзам, Хожа Аҳрор Валий, Абди Дарун ва Абди Берун зиёратгоҳларига индонезияликлар учун махсус зиёрат турларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” мавзусида вилоятнинг туризм салоҳияти бўйича тақдимот ўтказилди[11]. Бундан ташқари, 2022 йил сентябр ойидан Бирлашган Араб Амирликларининг “Flaydubai” авиакомпанияси томонидан “Дубай-Самарқанд” йўналишида  авиақатнов йўлга қўйилди. Амалга оширилган бундай тадбирлар зиёрат туризми соҳасида халқаро алоқаларнинг ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлди. 

Амалга оширилган ишларга қарамасдан, бу борада ҳам айрим муаммолар сақланиб қолди. Хусусан, вилоятдаги тарихий обидалар ва музейлар имкониятининг бор-йўғи 50 фоизидан самарали фойдаланилди. Вилоятда катта салоҳиятга эга 98 та маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, 2022 йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, улардан фақат 51 таси сайёҳлик йўналишларига киритилди. Шунингдек, вилоятда сайёҳларнинг тунги пайт мазмунли дам олиши учун масканлар етишмайди[12]. Бундан ташқари, зиёратгоҳлардаги зиёрат одоби масаласида ҳам айрим муаммолар сақланиб қолди[13].

2016 йилдан эътиборан амалга оширилган ишлар натижасида, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи мусулмон сайёҳлар сони сезиларли даражада кўпайди. Жумладан, 2019 йилнинг ноябр ойи кўрсаткичларини 2018 йил ҳисоботлари билан солиштирганда буни яққол кўришимиз мумкин. Хусусан, 2018 йил ноябр ойида биргина Покистондан 287 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йилнинг шу даврида сайёҳлар сони 424 нафарни ташкил қилиб, ўсиш суръати 47,7 фоизни ташкил этди. Саудия Aрабистони бўйича эса, бундан ҳам каттароқ сонни кўришимиз мумкин. Жумладан, 2018 йилнинг ноябр ойида 36 нафар, 2019 йилнинг шу даврига келиб 124 нафарни ташкил қилди[14].

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, 2016 йилдан эътиборан Ўзбекистонда туризм соҳаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири деб эълон қилинди. Шу сабабдан туризм ва унинг муҳим йўналишларидан бири бўлган зиёрат туризмини ривожлантириш ишлари амалга оширилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари эълон қилинди. Ушбу Фармон ва Қарорлар асосида Самарқанд вилоятида ҳам кўплаб ишлар бажарилди. Хусусан, соҳани ривожлантириш, хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида турли тадбирлар, илмий семинар ва конференциялар ташкил қилинди. Хорижий мамлакатлар фирма ва компаниялари билан бу борада ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонга, хусусан, Самарқанд вилоятига муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун келаётган зиёратчилар сонининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилди.

[1]https://religions.uz/news/detail?id=812Қадим Самарқандга бир келиб кетинг!
[2]https://lex.uz/docs/3311817 Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”
[3] https://religions.uz/news/detail?id=812 Қадим Самарқандга бир келиб кетинг!
[4] https://religions.uz/news/detail?id=812 Қадим Самарқандга бир келиб кетинг!
[5] http://dkm.gov.uz/uz/samarkand-zierat-turizmi-bujica-dunening-eng-ahsi-untaligiga-kiris-niatida
[8] https://zarnews.uz/post/jonajon-vatanimiz-buguni-va-ertasi-uchun-har-birimiz-masulmiz
[10]http://zarnews.uz/post/ozbekistonda-ziyorat-turizmi-uchun-katta-imkoniyat-borЎзбекистонда зиёрат туризми учун катта имконият бор
[11] https://zarnews.uz/post/indoneziyada-samarqand-yangi-ozbekistonning-turizm-darvozasi-mavzusida-taqdimotlar-otkazildi
[12] https://zarnews.uz/post/turizmning-yangi-ufqlari
[13] https://zarnews.uz/post/ziyoratmi-tijoratmi-yoxud-shakkoklik
[14]https://uzbektourism.uz/cyrl/research 2019 йил ноябрь ва 2018 йил ноябрь ойларида Ўзбекистон Республикасига кириб келган ташриф буюрувчилар сонининг давлатлар кесимида тақсимланиши
Санжарбек ДЖУМАНОВ,  
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …