Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Илмий семинар конструктив руҳда ўтди

Илмий семинар конструктив руҳда ўтди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Туркиянинг Мармара университети ҳамкорлигида “Аҳмад Яссавий ва Ўрта Осиёда яссавийлик тариқати” мавзусида онлайн семинар ўтказилди.

Марказ илмий ходимлари ҳамда Ўзбекистон ва Туркиянинг 60дан зиёд шарқшунос, исломшунос ва тасаввуфшунос олими иштирок этган семинарда Мармара университети Илоҳиёт факультети профессори Др. Неждет Тосун мавзу юзасидан маъруза қилди.

Олим ХII асрда Марказий Осиёда тасаввуфнинг пайдо бўлиш ва ривожланиш тарихи, Яссавия тариқатининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавийнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг тасаввуфий қарашлари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Неждет Тосуннинг айтишича, ислом дини пайдо бўлганидан Қуръон ва ҳадис аҳкомларига мос равишда юзага келган тасаввуфий таълимотлар X-XI асрларга келиб Мовароуннаҳрда ҳам кенг тарқала бошлаган. Хусусан, Яссавия ва Нақшбандия тариқатлари Ҳамадоний таълимоти таъсирида шаклланган.

XII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий дастлабки туркийзабон мутасаввиф шоир сифатида ҳам маълум ва машҳурдир. Унинг тасаввуфни тарғиб этувчи туркийда ёзилган шеърлари тилининг оддий одамларга яқинлиги, оҳангдорлиги туфайли тезда халқ орасида кенг ёйилиб кетган ва муаллифга шуҳрат келтирган.

Яссавия тариқатининг барча ақидалари Аҳмад Яссавийнинг асосий асари бўлмиш “Ҳикмат”да муфассал баён этилган. Хусусан, поклик, ҳалоллик, тўғрилик, меҳр-шафқат, ўз қўл кучи, пешона тери ва ҳалол меҳнати билан кун кечириш, инсонни ботинан ва зоҳиран, жисман ва маънан такомиллаштириш каби илғор умуминсоний қадриятлар ифода қилинган. Бу таълимот комил инсонни тарбиялашнинг асосий йўлларидан бири сифатида эътироф этилган. Аҳмад Яссавий тасаввуфни инсон маънавиятини юксалтирувчи муҳим омил деб билади. Тариқатнинг бош мақсади эса инсонларни тўғри йўлга даъват этишдир.

Маъруза жуда мазмунли бўлиб, унда Яссавия таълимотининг мазмун-моҳияти, Марказий Осиё ҳудуди бўйлаб тарқалиш тарихи, географияси, йирик намояндалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Профессор Тосун иштирокчиларнинг тасаввуф тарихи ва фалсафасига оид кўпгина қизиқарли саволларига жавоб берди.

Конструктив мулоқот тарзида ўтган семинар илмий мунозара ва мушоҳадаларга бой бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …