Home / АЛЛОМАЛАР / Али ибн Абдулазиз Бағовий

Али ибн Абдулазиз Бағовий

(ваф.286/899)

Аллома Хуросоннинг Марваррўз ва Ҳирот орасидаги Бағшўр (Бағ) шаҳрида туғилган ва шу ернинг номи билан Бағовий нисбасини олган. Тўлиқ исми Абу Ҳасан Али ибн Абдулазиз Марзубон Бағовий. У дастлаб  Бағшўр шаҳридаги уламолардан,  кейинчалик Басра, Бағдод, Шом каби ўлкалардаги машҳур муҳаддислардан таҳсил олган. Али ибн Абдулазиз Бағовий илм талабидаги сафарларидан сўнг Макка шаҳрига кўчиб ўтган ва умрининг охирига қадар шу ерда яшаган. У устозлари Аффон ибн Муслим, Каънабий, Абу Убайд Қосим ибн Саллом, Али ибн Жад каби муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Устози Абу Убайд Қосим ибн Салломнинг унга қироат илмидан сабоқ берганини алоҳида келтирган. Али ибн Абдулазиз Бағовийнинг жияни Абулқосим Бағовий, Далаж ибн Аҳмад, Табароний ва Макка шаҳрига келган кўплаб муҳаддислар, уламолар ундан ҳадис ривоят қилган.

Абу Убайд Қосим ибн Саллом “Ғарибул ҳадис”, “Китабул таҳрир” асарларида Али ибн Абдулазиз Бағовийнинг “Муснад” номли асари борлигини келтиради, аммо мазкур асар бугунга қадар сақланмаган.

Муҳаддис аллома Абу Али Ҳамид ибн Муҳаммад Наравий ривоят қилган ҳадисларининг бир қисми Абу Убайд Қосим ва Али ибн Абдулазиз Бағовийларга тегишли эканини айтиб ўтган. Аллома ҳақидаги маълумотлар манбаларда етарли бўлмаса-да, унинг шогирдлари ўз асарларида келтириб, устозига таъриф берган. Али ибн Абдулазиз Бағовий тўқсон ёшида Макка шаҳрида вафот этган ва шу ерда дафн қилинган.

И.Даурбекова, Д.Ҳалимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …