Home / МАҚОЛАЛАР / Раҳмат ва мағфират ойи

Раҳмат ва мағфират ойи

Рамазон ойи ҳам кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлари (кўчиб ўтганлари)дан икки йил ўтиб, шаъбон ойининг 18-куни Рамазон рўзаси фарз қилинди. Шундан буён бу ойни дунё мусулмонлари катта хурсандлик билан кутиб олади. Жумладан, юртимиз мусулмонлари ҳам кундузлари рўза тутиб, кечалари таровиҳ намозларида қоим бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори юртимиз мусулмонлари учун нур устига нур бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Қарордан кўзланган асосий мақсад муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, унинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этиш ва халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдан иборатдир.

Рамазон ойининг аввалги ўн кунида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Иккинчи ўн кунида тавба қилган бандаларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Учинчи ўн кунида мўмин-мусулмонлар дўзахдан озод этилади. Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод қилинадиган ойдир”, дедилар”.

Ушбу уч фазилат Рамазон ойининг аҳамиятли томонларидан биридир. Чунки, ҳар бир мўмин кишининг буюк орзуси аввало Аллоҳнинг раҳматига эришиш, кейин гуноҳлардан пок бўлиш ва дўзахдан сақланган ҳолда жаннатга киришдир.

Албатта, Рамазон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғиладиган ойдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда раҳмат эшиклари очилади”, деганлар.

Бу ойда мўминлар қилган барча дуо ва ибодатларида алоҳида ҳузур ҳаловат, руҳиятида эса таскин топиш билан бирга, улкан ажр-савобга ҳам эга бўлади. Рамазонда рўзадор одамнинг ўқиган намози учун ҳам, айтган тасбеҳи учун ҳам, ҳаттоки уйқуси учун ҳам ажр-савоб берилади.

Таъкидланганидек, Рамазон мўмин-мусулмонлар учун мағфират – гуноҳлар кечириладиган ойдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Рамазон рўзасини имон эътиқод ила Аллоҳдан савоб умид қилган ҳолда тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”.

Шу билан бирга, Рамазон мўмин-мусулмонлар учун “итқум минан нийрон” (дўзахдан озод бўладиган) – қутуладиган ойдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор”, деганлар.

Аллоҳ таоло юртимизда ҳукм сураётган Рамазон шукуҳини янада зиёда қилсин. Барча мўминларга Рамазон ойининг фазилатларидан баҳраманд бўлиш бахтини ато этсин, ибодатларини қабул айлаб, дуоларини ижобат қилсин. Амин!

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …