Home / АЛЛОМАЛАР / АЛИ ИБН ҲАЖАР

АЛИ ИБН ҲАЖАР

Али ибн Ҳажар хуросонлик уч буюк муҳаддис имомлардан бири бўлиб, 771 йил Хуросонда таваллуд топган. Унинг тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Ҳажар ибн Ияс Саъдий Марвазий. Дастлабки таълимни отаси Ҳажар ибн Ияс ва марвлик алломалардан олади. Сўнг Ҳижоз, Ироқ, Дамашқ, Куфа, Бағдод каби ўлка, мамлакат, ва шаҳарларга бориб, таҳсилини давом эттирган. Ўттиз уч ёшида таҳсилини тамомлаб, Марвга қайтиб келган.

У отаси Ҳажар ибн Ияс, Суфён ибн Уйайна, Халаф ибн Халифа ва Абдуллоҳ ибн Муборак каби алломалардан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган. Манбаларда Али ибн Ҳажар Марвазийдан “Кутубус ситта” муаллифлари ва хуросонлик кўплаб муҳаддислар ундан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган. Жумладан, Али ибн Ҳажар томонидан ривоят қилган бешта ҳадисни Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий” тўпламига, Имом Муслим саксон саккизта ҳадисни “Саҳиҳул Муслим”га китобида, Имом Термизий ва Имом Насоийлар ҳам “Сунан” тўпламларида киритган. Бундан ташқари Абу Амр Мусталамий, Аҳмад ибн Али ва Абдон Марвазий каби кўплаб муҳаддислар ундан ҳадис ривоят қилган.

Манбаларда Муҳаммад ибн Али Марвазий, Имом Ҳаким, Хатиб Бағдодий, Имом Насоий каби муҳаддислар Абу Ҳажарнинг ҳадис ривоят қилишда моҳирлиги, эҳтиёткорлиги ва вазминлиги билан бошқалардан ажралиб туришини таъкидлаган.

Абу Ҳажар умрининг тўқсон йилини ҳадис илмига бағишлаб, уни шогирдларига етказа олгани, айниқса, Марв атрофида ҳадис илмининг ривожланишига ҳисса қўшганини айтиб ўтган. Али ибн Ҳажар Марвазий 858 йил Марв шаҳрида вафот этган.

Бугунги кунда алломанинг “Аҳкамул Қуръон”, “Фавоид фил ҳадис” асарлари Купрули кутубхонаси (Туркия) ва Зоҳирия кутубхонасида (Сурия) сақланмоқда.

И.Даурбекова, Д.Ҳалимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги
маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …