Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Германиялик талабалар – Марказда

Германиялик талабалар – Марказда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Германиядаги 14 нуфузли университетнинг бир гуруҳ талабалари ташриф буюрди. Мазкур ташриф Германия Академик алмашув хизмати (DAAD) ва Берлиндаги Humboldt университети ҳамкорлигида Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан хорижлик талабалар учун жорий қилинган махсус курс доирасида ташкил этилди.

Ушбу курс давомида германиялик талабаларга сўнгги икки ҳафта мобайнида мамлакатимиз бўйлаб сафарлар уюштириш орқали ўзбек тили ва маданияти, Ўзбекистон тарихи, географияси ва иқтисодиёти ўргатиб келинмоқда.

Марказда курс қатнашчилари музей фаолияти ва ундаги экспонатлар билан танишди.

“Самарқанд – маданиятлар ва динлар чорраҳаси” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Марказ бўлим бошлиқлари Б.Амонов ва Т.Эвадуллаев диннинг инсон ҳаётидаги ўрни, исломнинг тинчлик, бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этишда Марказнинг аҳамияти, илмий фаолиятда эришилаётган ютуқлар, халқаро миқёсда, хусусан, Германиядаги илмий муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳамда биргаликда иш олиб бораётган немис олимлари ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир давомида Марказ томонидан нашр этилган китоблар, “Алломалар ҳақида 10 та ҳақиқат” лойиҳаси ҳамда кичик рисолалар тақдимоти ўтказилиб, тарғибот ишларининг асоси бўлган “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғоясининг моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Савол-жавоб тарзидаги ўзаро фикр алмашув чоғида меҳмонларга Имом Бухорий сийрати, унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотлар, халқимизнинг азалий қадриятларида оила институтининг ўрни, юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ва диний-маърифий йўналишда қилинаётган ишлар самаралари хусусида маълумотлар берилди.

Тадбир ниҳоясида фаол иштирокчиларга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тортиқ қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …