Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Шайх Наҳаён: “Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёрмиз”

Шайх Наҳаён: “Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёрмиз”

Бирлашган Араб Амирликларининг Бағрикенглик вазирлигида Шайх Наҳаён Муборак Ол Наҳаён билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.

Суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари орасида шаклланган илиқ ва самимий муносабатлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширган расмий ташрифи, икки етакчининг доимий мулоқотлари ҳамда бунинг натижасида давлатлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби буюк алломалар ватани бўлган Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳақида маълумотлар берилди.

Ўз навбатида Шайх Наҳаён Муборак Ол Наҳаён Ўзбекистон ва унинг Раҳбарига бўлган эҳтиромини айтиб, диний-маърифий, миллатлараро йўналишда ҳамкорлик қилиши янги тажриба эканлиги, бу учун сафарни ташкил этишга кўрсатма берган Ўзбекистон Президентига самимий миннатдорлигини билдирди.

Шайх Наҳаён суҳбат асносида биродарлик ва ҳамкорлик бутун инсоният учун энг зарур ришта экани, башарият аслида Парвардигор томонидан Ерни обод қилиш учун яратилгани, муқаддас ислом таълимотини асраб-авайлаш ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарблигини таъкидлади.

Ҳозирда давлат диний ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тайинланадиган имомларга рухсатнома бериш, диний ташкилотларнинг хавфсизлигини сақлаш заруратини ҳам айтиб ўтди. Аслида буларнинг барчаси аҳоли манфаатлари ва ўзаро бағрикенглигига катта таъсир этишини қайд қилди.

2016-йилда ташкил этилган Вазирлик мулоқот ва ҳамжиҳатлик, инновация ва ташаббуслар, тинчлик ва хавфсизлик, яхшиликни дунёга ёйиш каби йўналишларни ўз олдига мақсад қилиб олган. Суҳбатда Шайх Наҳаён Ўзбекистондаги турдош ташкилотлар билан ҳамкорликка тайёрлигини ва ушбу мулоқот ҳамкорликка замин бўлишини билдирди.

Манба: iiau.uz

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …