Home / МАҚОЛАЛАР / Шаъбон ойининг фазилатлари

Шаъбон ойининг фазилатлари

Шаъбон ойи муқаддас Рамазон ойини кутиб олиш учун руҳан тайёрланиш ойидир. Мусулмонлар шаъбон ойи рўзасини тутиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашади. Аллоҳ таоло бу ойда дуоларни ижобат этади, бандаларига мағфирати ва раҳматининг кенглигини намоён қилади. Яъни мағфират сўраганларни мағфират этади, раҳм сўраганларга раҳматини ёғдиради. Ғам-ғуссани аритади. Мана шундай тоифадаги бандаларини дўзах азобидан халос этади.

Шаъбон ойи келганда, мусулмонлар Қуръонни кўпроқ тиловат қилиб, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтади. Чунки муфассирлар “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб сураси, 56-оят) ояти шу ойда нозил бўлганини айтган. Шу сабабли мусулмонлар бу ойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга янада кўпроқ салавот ва салом айтиши маҳбуб амаллардандир.

 Шаъбон ойининг яна бир фазилати Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда яққол намоён бўлади: «Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу шундай ойки, одамлар ундан ғофил қолади. У ражаб билан Рамазоннинг ўртасидадир. Бу ойда амаллар оламлар Раббига кўтарилади. Бас, шундай экан, мен амалимнинг ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман», дедилар”.

Шунингдек, мазкур ойда қибла Қуддусдан Каъбага ўзгарган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни қаттиқ иштиёқ билан кутардилар ва ҳар куни юзларини ўша тарафга қаратаверардилар. Аллоҳ таоло у зотнинг истакларини маъқуллаб: “Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Юзингизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!” (Бақара сураси, 144-оят) оятини нозил қилди. Ҳақ таоло Зуҳо сурасининг 5-оятида бундай деган: «Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз».

Унгача мусулмонлар Қуддусга қараб ўн етти ой намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага ҳижрат қилишлари рабиъул-аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба кунига тўғри келган эди. Аллоҳ таоло у зотга Каъбага қараб юзланишни шаъбон ойининг ярмида буюрган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч бир ойда шаъбондагидек кўп нафл рўзаси тутмас эдилар. У зот шаъбон ойида тўлиқ рўза тутар эдилар ва: “Амаллардан тоқатингиз етганича олинг. Модомики, сиз малолланмас экансиз, Аллоҳ малолланмайди”, дер эдилар. Набий (с.а.в.)га энг севимли намоз кам бўлса ҳам давомли бўлгани эди. У зот бирор намозни ўқисалар, уни давомли ўқир эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Баъзи хабарларда шаъбон Қуръон ойи деб аталади. Маълумки, Қуръон ўқиш ҳар доим матлубдир. Лекин Мусҳафи шариф тиловати Рамазон, шаъбон каби муборак ойларда янада савобли ва шарафли амаллардандир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қачонки шаъбон ойи келса, мусулмонлар Қуръонга юзланиб, уни кўпроқ ўқир, заиф ва камбағалларга Рамазон рўзасини тутишга ёрдам бўлиши учун молларидан закот берар эди».

Ҳасан Расулов,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Муҳсинхон Тўра Эшон” жоме масжиди имом ноиби

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …