Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ БАКР АҲМАД ИБН МУҲАММАД ИБН АҲМАД ИБН ХОРАЗМИЙ БАРҚОНИЙ

АБУ БАКР АҲМАД ИБН МУҲАММАД ИБН АҲМАД ИБН ХОРАЗМИЙ БАРҚОНИЙ

ҳадис ва фақиҳ аллома
(ваф.425/1034)

Абу Бакр Барқоний 948 йил Хоразм яқинида жойлашган Барқон шаҳрида туғилган. Алломанинг тўлиқ исми Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Хоразмий Барқоний. У дастлаб таълимни шаҳридаги олимлардан олган. Ҳадис илмига иштиёқи юқори бўлган аллома Бағдод, Журжон, Ҳирот, Исфара, Нишопур, Марв, Дамашқ, ва Миср каби илм-фан марказиларига бориб, Дарақутний, Абу Али Саввоф, Абу Бакр Қотий, Абу Бакр Исмоилий ва бошқа муҳаддис алломалардан ҳадис тинглаган ва улардан ҳадис ривоят қилган. Абу Бакр Барқоний Бағдод шаҳрида  ҳадис илмидан  дарс берган. Унинг шогирдлари орасида Хатиб Бағдодий, Абу Абдуллоҳ Сурий, Абу Бакр Байҳақий, Абу Исҳоқ Шерозий каби машҳур муҳаддис олимлар чиққан. Абу Бакр Барқоний зеҳни тез, хотираси кучли, одоб-аҳлоқли, ҳадис ривоят қилганда синчков, жиддий ва бағрикенглиги билан мақтовга сазовор инсон бўлган.   У 1034 йил ражаб ойининг биринчи куни Бағдодда вафот этган. Мансур масжиди атрофидаги қабристонга дафн этилган.

Алломанинг “Муснадул Хоразмий” номли асари бўлиб, унда “Саҳиҳул Бухорий”, “Саҳиҳул Муслим” да келган ҳадислар ёзилгани учун “ал-Жомиъ байнас саҳиҳайн” ҳам деб номлаган. Асарнинг ягона нусхаси бугунги кунда Ҳайдаробод шаҳридаги Асафия кутубхонасида сақланади. Абу Бакр Барқонийнинг бизгача етиб келган яна бир асари – “Ат-таҳриж ли саҳиҳул ҳадис”дир.  Унинг бир нусхаси Дублин шаҳридаги Чистрбитти кутубхонасида сақланади. Ҳажми ўн варақ.

 Шунингдек, аллома “Суалату Абу Бакр Барқоний ва жавабатуд Дарақутний” (“Жузъ фиҳи суалату Абу Бакр Барқоний”) номланган рисоласига машҳур муҳаддис алломалар Суфён Саврий, Айюб Саҳтиёний, Шуъба ибн Ҳажжож, Убайдуллоҳ ибн Умар, Абдумалик, Ибн Умайр, Баён ибн Бишир, Матар ибн Варроқларнинг ривоят қилган ҳадис ва исмларини алоҳида-алоҳида боб қилиб киритган. Абу Бакр Барқоний муҳаддис Мисар ибн Қидомийнинг исми ва ҳадисларини киритиш бобига келган маҳалида вафот этган. “Суалату Абу Бакр Барқоний ва жавабатуд Дарақутний”нинг бир нусхаси бугунги кунда Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи музей кутубхонасида сақланади. Алломанинг фиқҳ илмига оид асарлари борлиги айтиб ўтилган, аммо манбаларда улар ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган.

И.Даурбекова, Д.Ҳалимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …