Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ал-Азҳар обсерваторияси ва Халқаро электрон фатво марказига ташриф

Ал-Азҳар обсерваторияси ва Халқаро электрон фатво марказига ташриф

Миср сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси 2023 йил 14 март куни Экстремизмга қарши кураш бўйича ал-Азҳар обсерваториясига ҳам ташриф буюрди.

Обсерватория 2015 йилда ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда Мисрнинг экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича асосий муассасаларидан бири ҳисобланади. Марказда турли тиллардаги веб-сайтлар ҳамда ижтимоий медиа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар мониторинг ва таҳлил қилиниб, уларга 13 тилда тезкорлик билан жавоб ва раддиялар тайёрланади. Бугунги кунда обсерватория Миср ёшларини экстремизм ва терроризм билан боғлиқ бўлган энг долзарб муаммолардан огоҳлантириш,  экстремистик гуруҳлар томонидан ғаразли мақсадларда қўлланилаётган тушунчаларнинг асл моҳиятини очиб бериш, умуминсоний қадриятларни кенг тарғиб қилишда муҳим ўрин тутувчи ташкилотлардан бири саналади.

Делегация вакиллари обсерваториянинг ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини жамоатчиликка тарғиб қилиш, мутаассиб оқимларнинг бузғунчи ғояларига раддиялар бериш, ёшларни ёт ғоялардан асраб-авайлаш ҳамда уларни умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ташриф мобайнида экстремизм ва терроризмга қарши курашиш юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш, соҳа доирасида қўшма илмий дастурларни амалга ошириш каби бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф якунида обсерватория раҳбариятига Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.   

Шу куни делегация аъзолари ал-Азҳар ҳузуридаги Халқаро электрон фатво марказида ҳам бўлдилар. Ўз олдига замонавий технологиялар воситасида электрон фатволар беришни мақсад қилган ушбу марказ фатво институтини тартибга солиш, мўътадилликни тарғиб қилиш, нотўғри ғояларга раддиялар бериш каби вазифаларни бажариб келмоқда.

Меҳмонларни Халқаро электрон фатво маркази директори доктор Усома Ҳошим Ҳадидий кутиб олиб, Марказ иш фаолияти, хусусан, бугунги кунда долзарб ҳисобланган фатволарни тизимлаштириш, уларни медиа воситалари орқали жамоатчиликка етказиш орқали жамиятда мўътадилликни таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништирди.

Ташриф давомида илмий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, ўзаро тажриба ва ходимлар алмашинувини йўлга қўйиш, радикализм ва терроризм қоралаб чиқарилган замонавий фатволарнинг электрон базасини яратишга келишиб олинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги Ўзбекистон Конституцияси – халқимиз хоҳиш-иродаси ва эзгу ниятлари ифодаси

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 32 йил тўлиши муносабати билан …