Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Миср сафари давом этмоқда…

Миср сафари давом этмоқда…

Ўзбекистон делегацияси Миср сафари доирасида 2023 йил 14 март куни Экстремизмни ўрганиш Салам марказига ташриф буюрди.

Экстремизмни ўрганиш Салам маркази 2022 йилда Миср фатво уйи ҳузурида ташкил қилинган бўлиб, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда ҳокимият органларига кўмаклашиш, экстремизм ва радикализм профилактикасининг илмий, маданий, ижтимоий, иқтисодий ва психологик жиҳатларини ўрганиш каби бир қатор муҳим вазифаларни бажаради.

Марказ Мисрнинг таниқли уламолари ҳамкорлигида соф исломий тушунчаларнинг ихтилофларга сабаб бўлаётган нотўғри талқинларини бартараф этиш юзасидан илмий асосланган фатволарни чиқариш орқали экстремизм ва радикализмга қарши курашиб келади.

Ўзбекистон делегацияси Марказда экстремизм ва радикализмга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб беришга қаратилган ҳужжатли фильмлар, чиқарилган фатволар, ихтилофли масалаларга тезкор жавоб қайтариш услублари билан яқиндан танишди. 

Ташриф давомида  халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Экстремизмни ўрганиш Салам маркази ўртасида амалий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хусусан, Англашув меморандумини имзолашкадрлар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда конференция ва илмий семинарлар ташкил этиш, экстремизм ва радикализмга қарши курашишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби бир қатор муҳим масалалар юзасидан музокаралар ўтказилиб, амалий натижаларга эришилди.

Ташриф якунида Марказ кутубхонасига Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.   

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …