Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Аёлга эҳтиром – келажакка, ҳаётга эҳтиром

Аёлга эҳтиром – келажакка, ҳаётга эҳтиром

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Миллий ва диний қадриятларда аёлларнинг улуғланиши” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ҳамда Марказ томонидан чоп этилган Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳи Бухорий” асарининг ўзбек тилидаги шарҳи китоби ва Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснади Кеший” асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Марказ илмий ходимлари Сирожиддин Абдувоитов, Баёзхон Махмудов ва университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, тьюторлар ва талабалар иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Баёзхон Махмудов динимизда аёлларни қадрлаш, уларни асраб-авайлаш ва миллий қадриятларимизда аёл зотини эъзозлашнинг юксак даражасини таъкидлаб, давлатимиз томонидан ҳам хотин-қизларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатилаётгани, уларни ҳар жиҳатдан ҳимоялаш ва муносиб меҳнат ҳамда касб-ҳунар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилаётганини тилга олди.

Нотиқ, шунингдек, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда аёлини хўрлаган, унга зулм кўрсатиб, нафақасини адо этмаётган эркаклар учраётганини ҳам афсус билан қайд этди. Зеро, оналар ва аёллар қадрининг нақадар улуғворлиги борасида динимизда қатор ҳадислар келтирилган.

Маърифий учрашувда Марказ илмий ходими Сирожиддин Абдувоитов йиғилганлар учун инглиз тилида маъруза қилиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг илм олишлари учун яратилаётган шароитлар, таълим соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор хусусида сўз юритди.

Тадбирда, шунингдек, Марказ фаолияти ва ютуқлари, айни пайтда олиб борилаётган тадқиқот йўналишлари, нашр этилган адабиётлар, режалаштирилган илмий лойиҳалар хусусида ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Мулоқот сўнгида Марказ томонидан буюк алломаларимиз ҳақида нашр этилган китоблар тўплами cовға қилинди.

Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …