Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Миср сафари: Араб қўлёзмалари институтига ташриф

Миср сафари: Араб қўлёзмалари институтига ташриф

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат делегация расмий ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик.

Делегация жорий йилнинг 13 март куни Араб қўлёзмалари институтига ташриф буюрди. Мазкур қўлёзмалари институти 1946 йилда ташкил қилинган бўлиб, Мисрнинг қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ қилишга ихтисослашган йирик илмий муассасаларидан ҳисобланади. Институтда мусулмон оламининг нодир қўлёзмалари, шунингдек, дунё фондларида сақланаётган ягона нусхадаги манбаларнинг электрон нусхалари сақланади.

Институт дунё фондларидаги қўлёзмаларни излаб топиш, нодир қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини олиш ва уларни тадқиқотчиларга етказиш, оммавий ва хусусий кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмаларнинг каталог ва нусхаларини намойиш қилиш ҳамда муҳим илмий тадқиқотлар олиб бориш каби вазифаларни амалга оширади.
Ўзбекистон делегациясини институт директори ўринбосари доктор Аҳмад Абдулбосит кутиб олиб, қўлёзмаларни сақлаш, реставрация қилиш ҳамда уларнинг микрофильм ва электрон нусхаларини яратиш жараёни билан яқиндан таништирди.

“Ташриф давомида институтда сақланаётган нодир қўлёзмалар, хусусан, мовароуннаҳрлик алломалар қаламига мансуб манбаларнинг электрон нусхаларини Ўзбекистонга келтириш, шунингдек, қўлёзмаларни реставрация ва тадқиқ қилиш, замонавий нашрларини яратиш ҳамда ўзаро кадрлар алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олинди, – дейди делегация аъзоси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Барот Амонов. – Бу келишув юртимиздаги илмий-тадқиқот марказларининг янада самарали тадқиқот олиб боришида муҳим аҳамият касб этади“.

Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига ташрифи давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …