Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ўзбекистон делегациясининг Мисрга расмий ташрифи бошланди

Ўзбекистон делегациясининг Мисрга расмий ташрифи бошланди

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат делегация расмий ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлиб турибди.

Делегация аъзолари 12 март куни ал-Азҳар анжуманлар саройида Имом Мотуридий мероси бўйича мисрлик тадқиқотчилар ўртасида ўтказилган халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Мазкур танлов Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий мероси, жумладан, мотуридийлик ақидавий мактабининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи, жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма манбаларини илмий асосда ўрганишни янада жадаллаштириш, таълимотда ёритилган умуминсоний қадриятлар ҳамда бағрикенглик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган бузғунчи оқимлар ғояларининг асоссиз эканлигини очиб бериш мақсадида ташкиллаштирилди.

Юксак савия ва кўтаринки руҳда ташкил қилинган тадбирда 100 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳамда мисрлик олим ва мутахассислар, жамоатчилик вакиллари, жумладан, ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг ўринбосари доктор Муҳаммад Дувайний, ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби доктор Муҳаммад Назир Айяд, танловнинг Ҳакамлар ҳайъати аъзоси доктор Маҳмуд Ҳусайн, Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси маслаҳатчиси Музаффар Жалилов иштирокида танлов ғолиблари ва барча иштирокчиларга қимматбаҳо совғалар ҳамда махсус диплом тақдим этилди. Биринчи учта ўринни эгаллаган ғолибларнинг Ўзбекистонга 10 кунлик сафари ташкил этилиши эълон қилинди.

Мазкур тадбир Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида, хусусан, ал-Азҳар мажмуаси нашрларида кенг ёритилди. Бу каби тадбирларни ташкил этиш Миср ва Ўзбекистон дўстлигининг янада ривожланишига, таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу куни делегация аъзолари ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси раҳбари, доктор Назир Айяд билан учрашув ўтказиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Жумладан, доктор Назир Айяд миср ва ўзбек халқлари маданий қадриятларидаги муштараклик икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ришталарининг шаклланишига замин яратгани, турли соҳалар, айниқса илм-фан йўналишида ўзаро мунтазам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини қайд этди. Шунингдек, Имом Мотуридий мероси бўйича ўтказилган халқаро танлов мотуридийлик таълимотини янада чуқурроқ ўрганиш ҳамда уни кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этиши, шу билан бирга Ўзбекистон ва Миср ўртасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда кўприк вазифасини бажаришига эътибор қаратди.

Музокара давомида бу каби мусобақаларни янада кенгроқ кўламда ташкил этиш ва ўзаро кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш каби қатор масалалар юзасидан келишувларга эришилди.

Учрашув ниҳоясида делегация аъзоси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Барот Амонов академия раҳбари, доктор Назир Айядга эсталик совғаси ҳамда Марказ томонидан нашр этилган янги адабиётлар тўпламини тақдим этди.

Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига ташрифи давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …