Home / МАҚОЛА / ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик келтириб чиқарадиган ҳар қандай ғоя, қараш ва чақириқларни кескин қоралайди. Ахборот асри бўлмиш ҳозирги кунларда ҳар хил радикал ва экстремистик ғоя эгалари мусулмонларни ўн тўрт асрдан бери амалда бўлиб келган тўрт фиқҳий мазҳаб уламоларининг асарлари ва қарашларини тарк қилиб, бевосита Қуръон оятлари ва ҳадислардан ҳукм олишга даъват қилмоқда. Уларни ўзларининг ғаразли мақсадларига мослаб талқин қилишга, мусулмонларни, айниқса, ғўр ёшларни тўғри йўлдан оғдириб, ўз домига тортишга ҳаракат қилмоқда.[1]

Улар нотўғри талқин қилаётган ана шундай оятлардан бири Аллоҳ таолонинг:

﴿وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ﴾

“Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирлардир”[2], деган сўзидир. Уларнинг даъвосича, уни амалда татбиқ қилмагани учун ҳозирги замон мусулмон раҳбарлари ҳам, уларнинг қонунларига итоат қилган мусулмонлар ҳам кофир. Аммо бу жумҳур уламолари томонидан мазкур оятга берилган шарҳ ва изоҳларга номувофиқдир. Чунки аҳли сунна вал жамоа ижмосига кўра, зоҳири муҳкам оятларга зид келадиган ҳар қандай оят ёки ҳадис уларга мувофиқ келадиган қилиб тушунилиши лозим. Гуноҳи кабирага қўл уриб қўйган мусулмон масаласи бунинг исботидир. Зеро, қатъий далил билан тақиқланган бирор иш ёки нарсани ҳалол санамаган киши диндан чиқмайди. Эътиборли жиҳати шундаки, Аллоҳ таоло нозил қилган оятлар билан ҳукм қилмаган кишиларни куфрда айблаш борасида уламоларнинг қарашлари турлича бўлган. Вазият, шароит, масаланинг қай тарзда қўйилишига қараб, уларга ёндашув ҳам фарқланган.

Абдулҳақ ибн Атийя ўзининг “Ал-Муҳаррарул вожиз” деб номланган тафсирида бундай деган: “Аллоҳ таолонинг:

﴿وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ   الْكَافِرُونَ﴾

“Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирлардир[3], ояти борасида уламолар ҳар хил фикр билдирган. Бир гуруҳи: “Бу (ва кейинги икки оятдаги) кофирлар, золимлар ва фосиқлардан мурод аввалги исёнчи қавмлардир”, деган. Бу ҳақда Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ҳадис ҳам ривоят қилинган.

Кўпчилик уламолар: “Ҳақиқатан ҳам бу оятда Аллоҳ таоло нозил қилган оятлар билан ҳукм қилмаганлар назарда тутилади. Лекин умматнинг амирларига нисбатан олганда, у имондан чиқарадиган куфр эмас”[4], деган фикрни айтган.

Фирёбий, Саид ибн Мансур, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Ҳоким ва Байҳақий “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирлардир” оятининг тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бундай деганини ривоят қилади: “Бу ерда айримлар илгари сураётган куфр назарда тутилмаган. У диндан чиқарадиган куфр эмас, балки куфрони неъмат, яъни неъматга нисбатан ношукрликдир”.

Абдуллоҳ ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирлардир” оятининг тафсирида Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳунинг: “Имондан чиқармайдиган куфр, зулмдан қуйироқ зулм, фисқдан қуйироқ фисқдир”, деб айтганини ривоят қилган.

Қушайрий бундай деган: “Хаворижларнинг фикрича, пора олиб (Аллоҳ нозил қилган оятлардан) бошқаси билан ҳукм қилган киши кофирдир”. Бу фикрни келтиришда Ҳасан ва Суддийга нисбат берилган”[5].

Ҳузайфа ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: “Бу оят ҳаммамиз учун умумийдир”, деган. “Агар мусулмонлардан бири шу ишни қилса, то Аллоҳга, унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари ва қиёмат кунига (шак келтириб) кофир бўлмагунча у диндан чиқарадиган куфр ҳисобланмайди”, деган. Бу маъно муфассирларнинг бир гуруҳидан, жумладан, Ибн Аббос, Товус ва Атодан ривоят қилинган.

Аллоҳ таоло:

﴿وَأَمَّا ٱلۡقَٰسِطُونَ فَكَانُواْ لِجَهَنَّمَ حَطَباً﴾

Аммо (йўлдан) озганлар (га келсак), бас, улар жаҳаннамга ўтин бўлувчи кимсалардир”[6], деган. Оятдаги “الْقَاسِطْ” [ал-қосит] “адолатсиз ва золим” маъносидадир[7]. Шайхул ислом буни кўп ўринларда тилга олиб, бундай фикр билдирган: “Салафлар инсонда имон ва нифоқ бўлиши мумкин, деган. Шунингдек, унда имон ва куфр ҳам бўлади”. Бу куфр Ибн Аббос ва унинг издошлари “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирлардир” ояти борасида айтганидек, диндан чиқарадиган куфр бўлмайди. Аҳли сунна имомларидан Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар ҳам уларнинг йўлидан юрган.

Бошқа бир ўринда бундай дейилган: “Саҳиҳи Муслим”да айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раббингиз нима деганига қарамайсизми?! “Бандаларимга бирор неъмат ато этсам, уларнинг бир тоифаси унга кофир бўлиб тонг оттиради. Улар: “юлдузлар ва юлдузлар сабабли”, деб айтади”, деганлар. Бунга ўхшаш гаплар (бошқа) ҳадисларда (ҳам) бор.

Саҳобалардан Ибн Аббос ва бошқалар Аллоҳ таолонинг:

﴿وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ﴾

“Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирлардир”, деган сўзи ва ундан кейинги икки оятда келган “золимун” ва “фосиқун”ни “куфрдан қуйироқ куфр, фисқдан қуйироқ фисқ, зулмдан қуйироқ зулмдир”, деб тафсир қилган. Буни Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва бошқалар ҳам айтиб ўтган. “Такфир” мавзуси бўйича кўпроқ маълумот олишни хоҳлаганлар “Фатовойи фикрийя” китобига мурожаат қилсин!

Биз юқорида айтиб ўтган гаплардан муржиийлардек эътиқод қилишимиз тушунилмайди. Уларнинг фикрича, мушрик одамга (савоб) амалнинг фойдаси тегмаганидек, мўмин одамга ҳам (гуноҳ) амалнинг зарари етмайди. Муржиийлардан бешинчи тоифасининг таъбирига кўра, мусулмонлардан ҳеч ким дўзахга кирмайди.

Биз эса, аксинча, машҳур “Жаброил ҳадиси”да келганидек, имон бу эътиқод бўлганидек, тил билан иқрор бўлиб, рукнларга амал қилиш ҳамдир, у зиёда ва ноқис бўлади, деймиз. Бу аҳли суннанинг тутган йўли. Лекин жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, у гуноҳ сабабли – хоҳ бирор вожибни тарк қилиш бўлсин, хоҳ ҳаром ишга қўл уриш бўлсин, – кофир бўлмайди.

Юқоридаги оят борасида уламоларнинг фикрларидан олинадиган фойда шуки, оятлардан тўғридан-тўғри ҳукм чиқармасдан, балки унинг кенгроқ шарҳларига ва бу борада юртимиз уламоларининг кўрсатмаларига мурожаат қилиш керак. Бузғунчи гуруҳ ва оқим вакилларининг ғаразли ва фитнали вайронкор ғоялари асоссиздир. Бундай иллатлардан узоқ юриб, доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб яшашимиз кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

[1] Қуйида Абдуллоҳ ибн Шайх Маҳфузнинг “Оятлар билан ҳукм қилмаганларни кофирга чиқариш” масаласидаги қарашлари баён этилади. Батафсил қаранг: Абдуллоҳ ибн Шайх Маҳфуз ибн Баййа. Воқе бўлувчи фиқҳни асослашда мурожаат қилинадиган ўринларни баён этиш. – Абу Даби: Ал-Муватто маркази нашриёти, 2018. – Б. 247-251.
[2] Моида сураси, 44-оят.
[3]Моида сураси, 44-оят.
[4]Ибн Атия. – Ж. 4. – Б. 456-457.
[5]Ат-Таҳрир ват танвир. ­– Ж. 6. – Б. 211-212.
[6]Жин сураси, 15-оят.
[7]Ат-Тамҳид.– Ж. 6.– Б.74-75.
Машраб Хидиров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …