Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТУРКИЯЛИК ҲАДИСШУНОС ОЛИМЛАР – МАРКАЗ МЕҲМОНИ

ТУРКИЯЛИК ҲАДИСШУНОС ОЛИМЛАР – МАРКАЗ МЕҲМОНИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Анқара Йилдирим Боязид университети катта илмий ходими Алиасқархон Қосимов ҳамроҳлигида Туркия Республикасининг Диний ишлар вазирлиги фатво ҳайъати раиси, Анқара университети профессори, Илоҳиёт факультетининг ҳадисшунослик бўлими мудири Энбия Йилдирим ва Орду университети доценти Юнус Язичи ташриф буюрди.

 

Марказ директори Шовосил Зиёдов меҳмонларга бу ерда олиб борилаётган илмий фаолият натижалари, Туркиядаги илмий-тадқиқот марказлари ва университетлар билан ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида маълумот берди.

Меҳмонлар Марказ музейи, кутубхонаси ва қўлёзмалар фонди билан танишди, нодир қадимий асарларни, аждодларимизнинг бой меросини тадқиқ этиш учун яратилган шарт-шароитга юқори баҳо берди.

Профессор Йилдирим яқин истиқболда Марказ илмий ходимлари билан ўзаро ҳамкорликда Имом Бухорий ҳаёт йўли ва ҳадис илмига оид мавзуларда қўшма анжуманлар ўтказиш ниятини изҳор этди. Марказга ўзининг “Имом Бухорийнинг Абу Ҳанифа ва ҳанафийлар борасидаги қарашлари”, “Ҳадисда матн танқиди”, “Ҳадис илми тадқиқотлари”, “Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг ҳадис илмида тутган ўрни” ва “Тафсир ва ҳадисда исроилийёт” китобларини ҳадя қилди.

Ташриф ниҳоясида меҳмонларга Марказ нашриётида чоп этилган “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” ва “Муснади Кеший” китоблари тақдим этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида қатор халқаро нуфузли ташкилот ва илмий …